«Бундай гўзалликни Японияда кўрганман»

14:02 30 Октябр 2024 Жамият
219 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон марказидаги кўчаларнинг икки четига павлония дарахти кўчатлари ўтқазилган. Бундан беш-олти йил аввал экилган кўчатлар азим дарахтларга айланди. Баҳор фаслида қийғос гуллайди. Бундай манзарадан завқланган қирғизистонлик сайёҳ Сайқал Маматова шундай деганди: «Бундай гўзалликни Японияда кўрганман. У ерда сакура дарахтлари гуллаган пайтда шундай манзара ҳосил бўлади. Бу жонли тасвирни кўриш учун дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан сайёҳлар ташриф буюради. Ундан қолишмайдиган жаннатмонанд манзара шундоққина ёнимда экан...».

Дарҳақиқат, павлония дарахти ўзининг карнайсимон гулию, ифори билан бутун шаҳарни қамраб олади. Унинг афзаллиги саноатда ҳам алоҳида ўрни бор. Атиги уч йилда дарахтдан ишлаб чиқариш саноатида фойдаланса бўлади. Ўзбекистон шароитида мебелсозликда қўл келади. Қисқа муддатда ривожланса-да, ёғочи чидамли. Европа давлатларида кемасозлик ва машинасозликда ишлатилади.

– Ҳозир кўчат экишнинг кузги мавсумига киришганмиз, – дейди Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Азизбек Акбаров. – Шу кунларда 5 миллион 780 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экишни режа қилганмиз. Эрта баҳорда 10 миллион 700 минг туп кўчат экиб, кўзланган режани 112 фоизга бажарган эдик. Жараёнда вилоятнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос бўлган павлония, каштан, қайрағоч, қарағай, чинор, япон софораси, терак, узум, шумтол ва бошқа мевали ҳамда манзарали кўчат навлари танлаб олинган. Бугунги кунда кўчат экиш ишлари асосан «Янги Андижон» массивида давом этмоқда. Бу ерда 80 дан зиёд ташкилотларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиб берилди. Ушбу майдонларга асосан, павлония ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Савол туғилади: Нима учун айнан, павлония? Биринчидан, у уч йилда дарахтга айланади. Агар павлония кўчати 4х4 схемада экилса, бир гектарга 600-650 туп кўчат ўтқазилади. Ажратилган 35 гектар ер майдонига 20 минг тупдан зиёд павлония кўчати экиш имкони бўлади.

Бугунги кунда Андижон, Хонобод шаҳарлари, Андижон, Асака, Балиқчи, Жалақудуқ, Избоскан, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Улуғнор ва Қўрғонтепа туманларида умумий майдони 34,5 гектар бўлган «Эко парк»лар ташкил этилди. Барча туман ва шаҳар марказларида 5,7 гектар ҳудудда «Ҳокимлик боғ»лари барпо этилиб, уларга 7 минг 500 тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Бундан ташқари, вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги мавжуд чиқинди полигонлари атрофида 12 минг 200 туп кўчатлардан иборат иҳота дарахтзорлари барпо этилди.

Яшириб нима қилдик, яқингача режани бажариш учун кўчат экиларди. Қанча ниҳоллар қаровсизликдан қуриб кетар, келгуси баҳор ўрнига янги кўчатлар ўтқазиларди. Бугун ҳар бир кўчатнинг ўз эгаси бор. Бунинг учун маҳаллалардан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз фуқаролар кўчатларни парваришлашга жалб этилди. Улар ниҳолларнинг агротехник тадбирларини амалга ошириш билан бир қаторда, бешикаст унишига ҳам жавобгар. Туман, шаҳар экология давлат инспекторлари томонидан тегишли далолатномалар асосида ташкилот ва корхоналарнинг ўзлари эккан кўчатларни муҳофаза қилиш, парваришлаш ва суғориш тизимини жорий этиш бўйича корхона ҳамда ташкилотлар томонидан масъуллар бириктирилган.

Шу ўринда савол туғилади: асосан адирликларда кўчат экилаётган бўлса, уларни суғориш масаласи нима бўлади?

– Буни бартараф этиш мақсадида суғориш тизимини ташкил этиш юзасидан дастур ишлаб чиқилди, – дейди Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходими Лочинбек Исомуддинов. – Унга биноан 24 км. ирригация суғориш тизими ҳамда 16 дона сув чиқариш қудуғини ташкил этиш белгиланган. Бугунги кунда 40 километр суғориш тизими тортилиб, 9 дона сув чиқариш қудуғи ишга туширилди. Улар ёрдамида кўчатларни томчилатиб суғориш ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоятда экилаётган ҳар бир кўчату гуллар айнан, шу ҳудуднинг ўзида тайёрланади. Бунинг орқасидан фермер ва ўрмончилик хўжаликлари, юзлаб хонадон эгалари даромадли бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер