Автомашина ҳам қиммат, харид қобилиятимиз ҳам паст... — Қодиров "хайп" ясаётганлар кўпайиб қолгани ҳақида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров сўнгги кунларда фикрларимдан «хайп» ясамоқчи бўлганлар кўпайиб қолгани ҳақида фикр билдирди.
"Бу ҳам тарғиботнинг ажралмас қисми.
Сиёсатда ташаббуслар қанчалар фойдали бўлмасин унга қарши фикрлар бўлиши керак. Акс ҳолда ҳаракат бўлмайди.
Гапларимни эшитишяптими, демак, бугун ёки эртага албатта тушунишади. Мен учун муҳими, таклифларнинг мақсад ва моҳияти халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилганлиги.
«Хайп» қилинаётган учта мавзу бўйича қисқа изоҳ беришга ҳаракат қиламан:
Ўқитувчиларнинг маоши...
Ўқитувчилик энг қиммат касб бўлиши керак. Бунга фақат рақобат билан эришиш мумкин. Рақобат савияли ва савиясиз ўқитувчини кўрсатиб беради. Авваламбор, энг қобилиятлиларни танлаш учун абитуриентлардан ижодий ва психологик тестлар олиниши зарур.
Савияли ўқитувчи кўп маош олсин, савиясизи ўқитувчиликдан кетсин. Педагогикада тасодифий одамларни ишлаши мураккаб операцияни тасодифий одам амалга ошириши билан бир хил. Фарқи, медицинада инсон, педагогикада авлод бой берилади.
Тарбия ва таълимда йўл қўйилган хатоларни тузатиб бўлмайди. Бугун ўқитувчининг барча тоифасига маош оширилаётгани учун етарли миқдорда мактаб қурилмаяпти. 4 йилда 134 та мактаб қурилган, холос. Бир синфга ўртача 45 тагача бола тўғри келмоқда. Бунақа синфлар ва тасодиф ўқитувчилар билан янги авлод бой берилади.
Совет иттифоқини ҳимоячиларига...
СССР миллатимиз учун йўқотилган давр. Бу давр руҳимизни ва қадримизни синдириб, эътиқодсизлик, кўзбўямачилик ва ёлғончилик, бировнинг ҳақидан қўрқмасликка ўргатди.
Кўриниб турибдики, ҳали орамизда руҳи синиқлар кўп. Янги авлодни бу жароҳатдан даволаш учун курашамиз. Қарши бўлган жиддий кучлар бор. Хабардор бўлинг, бу кучлар ўзбек бўлиб, ўзбек тилида ўзимизни бўғишга ҳаракат қиладилар.
Автомашина ҳам қиммат, харид қобилиятимиз ҳам паст...
Қарзга тўй қилиб обрў талашаётган одам бу кўзбўямачиликдан бойроқ бўлиб қолмаслигини тушунмаганидек, мамлакатимизда харид қобилиятининг пастлиги автомашина сотиб олишга халақит бераётган асосий муаммо эканлигини ҳам тушуна олмайди, албатта.
Мен автомашинани қиммат эмас демадим, халқимизни харид қилиш қобилиятини паст дедим. 300 доллар маош оладиган фуқарога 17 минг долларлик автомашина нархини 15 минг долларга пасайтирдинг нимаю, пасайтирмадинг нима? Бошидан бошлаб Ўзавтомоторс мавқеини ҳимоя қилиш эмас, рақобатбардошлигини шакллантириш тарафдори бўлганман, ҳозир ҳам шундай.
Пулни тушунадиганларни айтишича, автомашинага сармоя энг самарасиз сармоядир. Сармоянинг энг самаралиси таълимга йўналтирилади. Қачон одамлар хорижда таълим олиш учун пул етмаётганлигидан хафа бўлишни бошласа, бехавотир ривожланаётганлигимиз ҳақида гапиришимиз мумкин бўлади.
Қисқа тушунтирмоқчи бўлдим. «Хайперлар»га текин реклама учун, тушунганларни тушунгани учун раҳмат.
Жамият ўзгариши учун ҳар биримиз ўзгаришимиз керак. Бошқа йўл йўқ!" деб ёзади депутат.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг