Булоқбошида барпо этилаётган саноат ҳудудида ўнлаб турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади
Фото: Халқ сўзи
Сўнгги йилларда республикамизда қурилиш соҳасига бўлган эътибор янада ортди. Бунинг натижасида ҳар бир ҳудуд ўзига хос бунёдкорлик майдонига айланди. Бу эса мамлакатимизда қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўламининг ортишига ҳам сабаб бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 май куни қабул қилинган «Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада жонлантириб юборди. Фармонда, жумладан, республикамизнинг 24 та шаҳар ва тумани қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиши белгилаб берилди. Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани ана шундай манзиллардан бири бўлиб, айни пайтда бу ерда юқоридаги ҳужжат ижроси доирасидаги ишлар жадал тус олган.
Айтиш жоиз, Булоқбоши тумани географик жойлашуви ва табиий бойликлари жиҳатидан цемент, мармар, гранит, бўр ва турли бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун қулай ҳисобланади. Бу эса ушбу манзилда 45 млрд. долларлик 6 та лойиҳани амалга оширишга сабаб бўлди. Ҳозирда истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёни давом этяпти.
— Республикамизда кенг кўламда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари цемент маҳсулотига бўлган талабни кескин оширди, — дейди Булоқбоши туман ҳокими ўринбосари Фурқатбек Сиддиқов. — Туманимизда барпо этилаётган саноат ҳудудида хитойлик ҳамкорлар иштирокида бир йилда 2,5 млн. тонна цемент хомашёсини ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бошлаб юборилди. Ушбу завод ишга туширилгач, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларидан импорт қилинаётган маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш имкони яратилади. Бу эса унинг таннархи арзонлашишига сабаб бўлади.
Булоқбоши тумани тоғ ён-бағрида жойлашгани боис бу ерда мармар ишлаб чиқариш мақсадга мувофиқдир. Шунга кўра ҳудудда ушбу йўналишда фаолият юритувчи янги корхона учун 42 сотих ер майдони ажратилди. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, 2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги мармар маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Унинг тенг ярми ички бозор эҳтиёжини қондирса, қолган қисми экспорт қилиниши кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда, туманда барпо этилаётган янги саноат майдонида тез орада бўёқ, мармар, цемент, бўр, қуруқ қоришма, гранит, пеноблок каби ўнлаб турдаги қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг