Бухоронинг қадимий дарвозалари нечта бўлган?

19:01 10 Январь 2024 Маданият
3950 0

Бухоро тарихи битмас-туганмас хазина. Қадимий кент ҳақида кўплаб ривоятлар, афсоналар яратилган. Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам илмий асосга эга дея олмаймиз. Зеро, аниқлик ва тўғрилик асл воқеликни билиш, тарихни бехато, борича талқин қилишга ёрдам беради.

Бугунги кунда айрим фуқаролар, ҳатто зиёлилар ўртасида Бухоро дарвозалари сони 11 тами ёки 12 та деган масала баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Янглиш рақамлар тилга олиняпти.

Мазкур масалада манбалар, илмий-тарихий адабиётлар, архив маълумотларидан хабардор тарихчилар фикри муҳим аҳамиятга эга, албатта. Шаҳарсозликдаги муҳим элемент саналган девор, дарвоза, арк, сарой, ҳаммом, тим ва тоқлар сони аниқ бўлиб, шаҳар ҳақидаги деярли барча манбаларда булар қайд этилади. Мана, ҳозиргача Тошкент шаҳрида 12 та, Хива Ичанқалъада 4 та дарвоза бўлганлиги яхши маълум. Худди шундай Бухоро шаҳри дарвозалари сони 11 та. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Сабаби, дарвозалар номи, жойи, сурати ва кўриниши маълум.

Илк ўрта асрларда шаҳристон 18-20 гектар ҳудудни эгаллаб, 7 дарвозали бўлган. Улар дарвозаи бозор, дарвозаи шаҳристон, дарвозаи Бани Саъд, дарвозаи Бани Асад, Дарвозаи Кабирия, дарвозаи Ҳафс, дарвозаи Нав номлари билан аталган. Кейинчалик, шаҳар девори кенгайтирилиши натижасида дарвозалар сони ошиб борган.

Шаҳар девори охирги маротаба 1540-1549 йилларда шайбонийлар сулоласи вакили Абдулазизхон даврида кенгайтирилган. Натижада шаҳар умумий майдони 440-450 гектарни ташкил этган ва дарвозалар 11 тага етган. Дарвозалар сони XX аср бошларигача шу ҳолатда ўзгармай келган. Девор бўйлаб жойлашган 11 дарвоза орқали шаҳарга кириш-чиқиш назорат қилинган ва мустаҳкам қўриқланган. Ярим айлана цилиндрсимон шаклдаги қўш минорали дарвозалар шом намозидан кейин ёпилиб, бомдод намозидан сўнг очилган.

Айримлар Арк дарвозасини ҳам шаҳар дарвозалари қаторига қўшиб, улар сонини 12 та деб аташади. Бу мутлақо хато. Арк қалъасининг 800 метрли девори мавжуд ва у икки дарвозали бўлган. Шаҳарнинг 555 гектарлик майдонни ўраб турувчи девор узунлиги эса 12 километрни ташкил этган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бир-бирига даҳли бўлмаган икки девор бор: Арк қўрғони иҳотаси ва шаҳар иҳотаси. Шу сабабдан ҳам Аркни шаҳар ичидаги шаҳарча деб аташади.

Агар Арк дарвозаси умумий рўйхатга қўшиладиган бўлса, нега унинг иккинчи дарвозаси ҳам айтилмайди. Арк ҳисорининг ғарбий дарвозаси – Регистон, шарқий дарвозаси – Гўриён деб номланган. Ҳозирда фақат Регистон дарвозаси сақланган. Сиёвуш Вали дафн этилган Гўриён дарвозаси эса бузиб ташланган ва устидан девор тикланган.

Бухоро ҳақидаги кўплаб тарихий асарлар, манбалар, илмий адабиётлар, эсдалик ва кундаликлар, харита ва чизмаларда дарвозалар ҳақида етарли маълумотлар берилган. Масалан, 1812-1813 йилларда Ўрта Осиёга саёҳат қилган ҳинд сайёҳи Мирза Иззатулла ўз кўзи билан Бухоронинг 11 дарвозасини кўриб, шарқий томондан бошлаб ҳар бири қандай номланганини кундаликларида қайд этади:

  1. Мозор — Баҳоуддин Нақшбанд мозорига чиқиб кетилганлиги учун “Мозор” дарвозаси деб номланган (шарқий).
  2. Самарқанд — (шимоли ғарбда)
  3. Имом — (ғарбда, Абу Хафс Кабир қабри учун)
  4. Ўғлон — (шимолда)
  5. Талипоч — (шимоли ғарбда)
  6. Шергирон — (шимоли ғарбда)
  7. Қоракўл — (ғарбда)
  8. Шайх Жалол — (жануби ғарбда)
  9. Намозгоҳ — (жануби ғарбда)
  10. Саллахона — (шимоли ғарбда)
  11. Қавола ёки Қарши — (шимоли ғарбда)

Ҳар бир дарвоза маълум маъно ва вазифаларга эга бўлган. Масалан, Мозори шариф дарвозаси — шарофатли мозорга олиб борадиган дарвоза деб аталган. Маҳаллий аҳоли уни “Дари Мозор” ёки “Дари мозори Баҳоуддин” деб аташган. Чунки шу дарвоза орқали чиқиб Қасри Ҳиндувон қишлоғидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига борилган.

XIX аср иккинчи ярми ва XX асрда Бухоро шаҳрининг кўплаб мукаммал топографик хариталари тузилган бўлиб, уларда шаҳар дарвозалари сони, ўрни ва номи аниқ кўрсатилган. 1911-1912 йилларда Туркистон ҳарбий батальони лейтенанти Парфенов ва капитан Фенинлар томонидан тайёрланган харитада Бухоро шаҳридаги 547 та топографик пункт ва бинолар қаторида 11 дарвоза номи кўрсатилган. 1933 йилда мазкур шаҳар плани Туркистон ҳарбий округи штаби томонидан нашр этилган. Бу муҳим илмий, амалий аҳамиятга эга шаҳар чизмаси ҳозирда нуфузли музей фондлари ва кутубхоналарида сақланмоқда.

Бугунги кунга қадар фақат Қоракўл ва Талипоч дарвозалари сақланиб қолган. Сўнгги йилларда Ҳазрати Имом, Самарқанд, Саллохона ва Шайх Жалол дарвозалари ўз ўрнида қайта тикланди.

Дарвозаларнинг шаҳарнинг ҳозирги кундаги қайси ҳудудида жойлашганини эслатиш фойдадан холи эмас.

  1. Мозор дарвозаси (сақланмаган) — Навоий номли 4-сонли мактаб қаршисида бўлган.
  2. Самарқанд (қайта тикланган) — Самарқанд мавзесида.
  3. Ҳазрати Имом (қайта тикланган) — халқ тилида Раймаг деб аталадиган айланма йўл олдида.
  4. Ўғлон (сақланмаган) — Арк қалъасидан Марказий деҳқон бозори чорраҳасига бориш йўлида.
  5. Талипоч (сақланган) — Деҳқон бозори автотураргоҳи ўнг томонида.
  6. Шергирон (сақланмаган) — Ёғду ресторани йўлида, Эски “бомбей” кўчасида.
  7. Қоракўл (сақланган) — Трикотаж фабрикаси бекати олдида.
  8. Шайх Жалол (қайта тикланган) — Бухоро вилоят кўп тармоқли шифохонаси йўли, “Караван” кафеси олдида.
  9. Намозгоҳ (сақланмаган) — Турки Жанди маҳалласи ҳудудида, Римконтор йўлида.
  10. Саллахона (қайта тикланган) — шаҳар ҳокимлиги ва кадастр агентлиги бинолари оралиғида.
  11. Қавола ёки Қарши (сақланмаган) — шаҳарнинг “вокзал” чорраҳасидан Лаби ҳовуз мажмуасига кириш йўлида.

Бухоро дарвозалари хусусида шаҳарнинг ҳар бир гузарини қадамма қадам айланган этнограф олима Олга Александровна Сухарева, шаҳар архитектура ёдгорликларини синчиклаб ўрганган санъатшунос Лазар Израилович Ремпел, археологлар В.А.Шишкин, С.Н.Юренов, ўлкашунос Мусожон Саиджонов, Умняков асарларидан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Бухоро — жаҳонга машҳур шаҳар. Бежизга унга Рим тенгдоши, Шарқ Венецияси, дея таъриф берилмаган. Қадим кент тарихини жаҳон илмий жамоатчилиги, ҳатто сайёҳлар ҳам билишади. Аммо шаҳар дарвозалари сони 12 эмас, 11 талигини айрим бухороликларнинг ўзлари билмаслиги хижолатли ҳолат ҳисобланади.

Оламга зиё таратган жонажон шаҳарларимиз тарихини ўрганайлик. Ўрганиш эса бизни хатоликларга йўл қўйишдан асраб қолади.

Шавкат БОБОЖОНОВ,

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика

университети доценти вазифасини бажарувчи,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер