Бухоролик ёш китобхонлар учун туҳфа

10:30 29 Ноябрь 2024 Жамият
213 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкент туман ихтисослаштирилган мактаби кутубхонасида 1,5 мингтадан зиёдроқ бадиий асар бор. Куни кеча мазкур зиё маскани фонди “Китобхон болалар” ҳамда “Дунё даҳолари” туркумида чоп этилган китоблар билан бойиди. Бундан кутубхоначи Зуҳра Садриддинова хурсанд.

— Билим даргоҳимиз ўқувчилари ўқиб-ўрганишга ташна, — дейди у. — Бадиий асарларни қўлдан қўймай мутолаа қилишади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан болаларбоп китобларнинг нашр этилиши ва мактабимизга туҳфа қилиниши айни муддао бўлди. Бу асарлар болалар ва ўсмирларнинг дунёқарашини бойитиб, билимига билим қўшади, уларнинг маънавий эҳтиёжини қондиради. Ўз олдиларига аниқ мақсадлар қўйишида ҳам бу каби асарларнинг ўрни катта бўлади.

Кутубхоначи ҳақ. Сара шеър ва ҳикоя ҳамда эртаклар жамланган “Шалола”, “Сеҳргарнинг узуги”, “Болаликнинг қўлидан тутиб” деб номланган китоблар билан бирга ўз соҳасининг даҳолари саналган Альберт Эйнштейн, Моцарт, Леонардо да Винчи сингари буюк инсонлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган адабиётлар ёш китобсеварларни асло бефарқ қолдирмайди. Уларни билимли, қатъиятли, иродали бўлиб вояга етишга ундайди.

Бухоро шаҳрида жойлашган Президент мактабида кутубхоначилар, шоир ва ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида шу китобларнинг тақдимоти ўтказилди. “Китобсевар миллат” шиори остида уюштирилган маросимда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъул ходими Расулжон Нафасов, уюшманинг Бухоро вилоят бўлими раиси вазифасини бажарувчи Шамшод Очилов китобхонликни кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди. Ёш авлод онгу тафаккурини бойитишда, баркамол шахс тарбиясида беш муҳим ташаббуснинг бири саналган китоб мутолаасининг аҳамияти катталиги алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, вилоят болалар кутубхонаси, Бухоро шаҳридаги Президент мактаби, ихтисослаштирилган мактаблар, туман ахборот-кутубхона марказларига ижтимоий буюртма асосида чоп этилган китобларнинг 540 таси туҳфа қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?