Бухоролик Вячеслав ота ҳамшаҳарларига қайси масалада ибрат бўлмоқда?

17:42 27 Апрель 2023 Жамият
1012 0

Фото: “Халқ сўзи”

  Бухоро шаҳар А. Сомий кўчаси 6- уй, 16 – хонада яшовчи Вячеслав Қурбонов 74 ёшда.Турмуш ўртоғи билан фарзанд неваралар ардоғида юрган бу инсонда ота – онасидан ширин хотиралар қолган.
-Онам Татьяна Бурова  урушда, Ленинград қамали чоғида 14 ёшда бўлган,- дея хотирлайди у.
-1945 йилда у Омск шаҳридаги ҳарбий госпиталда бухоролик жангчи йигит Ёдгор Қурбонов билан танишиб қолган. Юлдузлари юлдузларига тўғри келиб турмуш қуришган. Бухорода умргузаронлик қилишган. Оилада беш ўғил – қиз эдик. Жигарларимнинг барчаси вафот этди.Ўзим бир умр электрмонтажчилик қилиб, нафақага чиққанман.

Лекин биз ҳозир отахоннинг тақдири ҳақида эмас, унинг бир ибратомуз иши ҳақида сўзламоқчимиз. Сир эмас, 5 – мавзе, яқинда эса унга ёндош ҳудудда қад ростлаган 7 – мавзеда аҳолининг мириқиб ҳордиқ чиқариши учун кичикроқ бўлса – да истироҳат боғи йўқ. Гугурт қутисидек турнақатор тизилган кўп қаватли уйларда яшовчилар, хусусан, ёш болали аёллар ва ногиронларга ёзнинг жазирама иссиқ кунлари боғнинг қадри жуда билинади. Ана шуни ҳис этган Вячеслав Қурбонов  уй ортида бўш ва қаровсиз ётган, шўр босган бир парча ерни обод қилишга киришди. Қўни – қўшнилар ҳам ундан ибрат олдилар.
-Бундан 15 йилча муқаддам бу ерни қамиш босган, ерости сув қувурларини таъмирлаймиз деб уни тамоман яроқсиз аҳволга келтиришган эди,- дейди  уйнинг 4 – қаватида яшовчи отахон ўша даврда олинган суратларни кўрсатар экан.

 Вячеслав ота атиргулнинг чинакам шайдоси

-Ерни ковлаб, қамишга илдиз – пилдизи билан барҳам бердим. Ўғит киритиб, тупроқ ҳолатини яхшиладим. Бетон ариқча орқали ҳудудга оқар сув келтирдик. Мевали дарахт кўчатлари ўтқаздим.Ҳозир 24 туп дарахтим, шунингдек, узумларим бор. Улар ҳосилга кирган.

  Шу тариқа бир меҳнат фахрийсининг азму шижоати билан қаровсиз ерда кичик бир боғ пайдо бўлди. Мўъжаз боғ ҳар номозшом қўни – қўшнилар, айниқса, кексалар билан гавжумлашади.Табиатга ошно отахон улар учун махсус супа ҳозирлаган. Атиргул кўчатларини супа атрофига деворсимон шаклда ўтқазган. Шу кунларда қип – қизил очилган гулларни кўриб, роҳатланасан, топ – тоза ҳаводан тўйиб – тўйиб нафас оласан, киши.

  Бу мўъжаз маскандан қайтарканмиз, кўнглимиздан  “Кошкийди, барчамиз шу отахон каби ерга меҳр қўйсак, ўзимиз яшаб турган уй атрофларини гулу гулзорга айлантирсак”, деган фикр кечди. Бу ҳақда тўхталишимиз бежиз эмас.

Афсуски, Бухородаги айрим кўпқаватли уйлар атрофи қаровсизлик оқибатида қамишзорга айланган

Шаҳардаги айрим кўп қаватли уйлар ёнидан ўтаётиб, “яшил зона” вазифасини ўташи лозим бўлган ерларнинг қамишзорга айланган ҳолда қаровсиз ётганига кўзимиз тушади. Наҳотки, бу ерда яшовчилар шу қадар бефарқ ёйинки ялқов?Ободончиликка масъул ташкилоту маҳалла масъуллари –чи?Ахир, халқимизда  “Ернинг уволи тутади” деган гап бор. Қолаверса, ёзи ўта иссиқ келадиган, қум бўронлари чангалига тушаётган Бухорода дов – дарахтларнинг ўрни бениҳоя катта, ахир...

  Вячеслав отага келсак, ҳаваскор боғбонни  доимо мўъжаз боғида учратасиз. Атиргулларга маҳлиё бўлиб келганларни у ўзбекона урф – одатга кўра, кўк чой ва ширинликлар билан қарши олади.

 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?