Бухородаги қадимий қабрдан қандай китоблар топилганди? Шунга ойдинлик киритилди
Шу йилнинг 23 февралида «Халқ сўзи»нинг расмий сайтида эълон қилинган танқидий мақолада айтилган камчиликларни бартараф этиш чоғида Бухородаги қадимий қабрдан китоб қолдиқлари топилган эди.
Араб ёзувидаги мазкур топилма ташқи таъсирлар оқибатида консервацияга муҳтож ҳолга келиб қолганди. Шу боисдан Бухоро давлат музей-қўриқхонаси мутахассислари уларни консервациялаш ишларини олиб бордилар. Шундан сўнг топилмаларнинг қандай китоблар эканлигига ойдинлик киритилди.
— Топилмалардан бири Қуръони каримнинг араб тилида тахминан ХХ асрнинг бошларида Қозонда чоп этилган нусхасидир, — дейди музей — қўриқхонанинг ҳужжатлар бўлими илмий ходими Аҳтам Аҳмедов. —Шунингдек, Қуръони каримнинг форсча таржимаси билан берилган тошбосма нусхаси ҳам бор. У тахминан ХIХ асрнинг охирларида чоп этилган. Араб-форс тилида. Афсуски, Қуръон нусхаларининг бирортаси ҳам тўлиқ эмас.

Яна бир китоб бўлаги ўқиб кўрилганида унинг Расулуллоҳ (с.а.в) нинг хонадонлари, у кишининг ўғил-қизлари, куёвлари ва улар ҳаёти билан боғлиқ маълумотлардан иборат экани маълум бўлди. Бир сўз билан айтганда, у ислом тарихига доир қўлёзма манбадир. Ўзбек тилида назмий-шеърий усулда ёзилган.
Топилмалар орасидаги тарихий ҳужжат «Шажараи тоййиба», яъни Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг авлодлари саййидлар ҳақидадир. Ҳужжатда саййидларни ҳурмат қилиш, эъзозлашнинг фазилатлари, уларни ҳақорат қилмаслик, камситмаслик кераклиги ҳақидаги мулоҳазалар Мовароуннаҳр, хусусан, Бухоро уламоларининг мўътабар фикхий асарлари асосида баён этилган. Қуйида шу ҳужжатдаги арабий ва форсий матндан қилинган таржиманинг диққатга молик қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз: «Абул Фазл Бухорий фахрул аимма унвонига сазовор бўлган имомдан ривоят қилиб: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг авлодлари инсонлар орасидаги ўзига хос хусусиятлари билан билинадилар, яъни уларнинг саййидликлари улардаги маълум аломатлар, белгилар орқали маълум бўлади, деди. Имом уларга:
Биринчи аломат: Инсонлар билан ўзаро муносабатда гўзал хулқ билан муомала қиладилар.
Иккинчи аломат: Инсонларнинг айбларини яширадилар.
Учинчи аломат: Инсонларга нафрат, ғазаб қилишдан ўзларини тиядилар.
Тўртинчи аломат: Инсонларни кечирувчи бўладилар.
Бешинчи аломат: ...Нопок, шаъриятга зид ишларни қилувчилардан ҳам бўлмайдилар, дедилар.
Агар Расулуллоҳ с.а.в. авлодлари ёмон хулқ соҳиблари бўлса эди, уларнинг расулуллоҳга нисбати яъни алоқадорлиги дуруст бўлмаслигига уламолар ижмо қилишган яъни якдиллик билан бир қарорга келишган.
Шунингдек, кимки бировларнинг айбларини ошкор қилса ёки бировларга зўравонлик қилса ёинки нафрату ғазаб қилиб қалбига озор етказса ва ҳаром ишларни қилувчилардан бўлса фикхий уламоларнинг якдиллик билан қабул қилинган қарорлари асосида юқоридаги салбий нуқсонлар соҳибларини Расулуллоҳ с.а.в. га алоқадорлиги дуруст бўлмайди яъни улар саййидлардан эмас дейилади. Шунингдек, ёлғончилик, ғийбат, туҳмату бўҳтон, чақимчилик мана буларнинг барчаси Расулуллоҳ с.а.в. авлодларининг сифатларидан эмас... Кимда юқорида тилга олинган нуқсонлар мавжуд бўлса, уни Расулуллоҳ с.а.в. га алоқадорлиги дуруст бўлмайди.
Имом айтдилар: Бу масъалаларни Расулуллоҳ с.а.в .нинг уммати бўлган кишилар билиши вожиб(шарт)дир. ...
Саййидларнинг аломатлари ҳақида Шамсул аимма Сарахсийнинг «Муҳит» асарида нақл қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.нинг авлодлари олти нарса билан билинади (маълум бўлади).
Биринчиси: Билим билан.Иккинчиси: Ҳилм-юмшоқ табиатлилик билан.Учинчиси: Шижоатлилик билан.Тўртинчиси: Саховати билан.Бешинчиси: Тақво-Аллоҳдан қўрқишлиги билан.Олтинчиси: Фақирлиги билан.
Бу шажараи тоййиба зулҳижжа ойида Али (р.а) оила (зурриёт) ларидан энг ҳақир инсон Саййид Сабоҳиддин Тақий томонидан таҳрир этилган.
Ҳарки хонад дуои таъма дорам
Зе, онки ман бандаи гуноҳкорам
Мазмуни:
Ушбуни ўқиган ҳар бир кишидан дуо умид қилиб қоламан,
Чунки мен гуноҳкор бандаман.
Энг заиф ва бандаларнинг энг тубани Мир Сабоҳиддин қўли билан 1305, ҳижрий 1888 йилда кўчирилди».
— Фондимизда минглаб тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлар мавжуд, — дейди ўз сўзининг якунида Аҳтам Аҳмедов. — Аммо бундай ҳужжат нусхаси мавжуд эмас эди. Бу эса фондимизнинг яна бир муҳим манба билан бойиганидан далолат беради.
Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг