Бухорода туризмнинг барча турлари ривожланмоқда

15:30 03 Декабрь 2023 Маданият
744 0

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вазирлик тасарруфидаги Туризм қўмитаси томонидан Бухоро вилояти, Ромитан тумани, Марзия МФЙда жойлашган “BUKHARA DESERT OASIS & SPA” экотуризм масканига пресс-тур ташкил этилди. 

Маълумот учун, 16–20 октябрь кунлари Самарқанд Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессиясига мезбонлик қилади. Бу, табиийки, юртимизга келаётган туристлар сонининг янада ошишини таъминлайди. “BUKHARA DESERT OASIS & SPA” экотуризм объекти эса хорижий туристларни янада ўзига жалб қилади.

“BUKHARA DESERT OASIS & SPA” экотуризм маскани 2020 йил март ойида ишга туширилган бўлиб, ҳудуди 8 гектарга тенг. Объект маҳаллий ва хорижий сайёҳларга туристик хизматлар кўрсатишга мўлжалланган, йилига 24 000 нафар хорижий сайёҳ ва 270 000 нафар маҳаллий сайёҳларни қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда ҳозирда 100 ўриндан иборат 14 та ўтов мавжуд.

Шунингдек, туризм объектида 50 дан ортиқ иш ўрни яратилган ва 30 хилдан ортиқ туристик хизматлар йўлга қўйилган. 

Таъкидлаш жоизки, экотуризм маскани туризмнинг бир нечта йўналишларини қамраб олган.

Экологик туризм — Бухоро воҳасининг Қизилқум минтақасида жойлашган ушбу ҳудудда қум барханлари ва саксовулзорларнинг ажойиб манзараси бағрида от ва туяларда саёҳат қилиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, йўл танламас автотранспорт воситаларида (жип, квадратцикл) махсус трассалар бўйлаб саёҳат хизматлари ташкил этилган. Чўл ҳудудида 30 гектар майдонда мевали дарахтлардан иборат боғ яратилган ва келгусида тежамкор томчилаб суғориш тизими жорий этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ер остида қурилган иссиқхонада туристик марказ учун барча керакли полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. 

Тиббиёт туризми — замонавий ўтовлар, сув ҳавзаси — “пляж”, келгусида ташкил этилиши режалаштирилган тарихий-замонавий меҳмонхона ҳамда “Spaм” соғломлаштириш марказида иссиқ сув, ёд ва лой билан даволаш ҳамда қуёш нурларидан самарали фойдаланиш хизматлари йўлга қўйилган. 

Гастрономик туризм — “Амир” ресторани, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, тарихни ўзида замонавий намоён қилган 700 ўринли “Shotyor Emira” ресторани, очиқ ҳавода дам олишга хизмат қиладиган 3000 ўринли “Карвон Сарой” майдони, 35 000 ўринга мўлжалланган “Varaxsho” ресторани ва “Sari degi” деб номланган турли тематикага мўлжалланган овқатланиш нуқталарида ҳар хил миллатга мансуб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ресторан хизматлари ташкил этилган. Меҳмонлар учун тайёрланадиган барча турдаги овқатларга қўшиладиган керакли полиз ва гўшт маҳсулотлари туристик кластернинг ўзида етиштирилади ва барчаси экологик тоза ҳисобланади. 

Экстремал туризм — чўлда жип ва квадротцикллар ёрдамида сайр қилиш, парашютдан сакраш, от ва туя пойгалари каби сайёҳларни қизиқтирувчи бир қатор хизматлар мавжуд. Айниқса, парашютдан сакраш ва квадратциклда саёҳат туристларга ҳақиқий адреналин бағишлайди.

Археологик туризм — мозийга сайр қилишни истаган меҳмонлар учун ХВИ асрга оид “Бўронтепа” ёдгорлигидаги археологик изланишлар натижасида шаклланган шаҳар қолдиқлари мавжуд. Ушбу ёдгорлик ўзбек давлатчилигининг асослари яратилган қадим Бақтрия давридан токи ХВИ-ХВИИ асргача Ипак йўлида жойлашган муҳим марказлардан бири ҳисобланган. Туристик марказда алоҳида музей бурчаги ташкил этилган бўлиб, тарихий ёдгорликлар қолдиқларини ўрганувчи сайёҳлар учун шароитлар яратилган. 

Спорт туризми — маҳаллий ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақалари, миллий халқ ўйинлари (бокс, кураш, кўпкари, қўчқор уриштириш, сакраб теп, арқон тортиш) ўтказиш имкониятига эга махсус саҳна, майдон, томоша учун шароитлар мавжуд. Ҳозирги кунга қадар бир неча маротаба турли миллий халқ спорт ўйинлари ташкил этиб келинмоқда.

Ов туризми — 4,5 гектар майдонда балиқ ҳавзасида йил бўйи сайёҳлар балиқ овлаб, ўзлари ўша жойнинг ўзида пишириб истеъмол қилишлари мумкин.

Mice туризми — туристик объектда маҳаллий ва хорижий миқёсдаги турли конференция ва фестиваллар ҳамда тадбирлар ўтказиш имконияти яратилган. Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида сайёҳлик оромгоҳи саҳнасида тожикистонлик хонанда ва бастакор Далер Назаровнинг концерти бўлиб ўтди.

Сафари туризми — туристлар чўл ҳудудида ўзлари учун унутилмас таассуротларга эга бўлишлари мумкин.

Маълумот учун, жорий йилда 220 нафар хорижлик сайёҳ ва 14 200 нафардан ортиқ маҳаллий сайёҳ “BUKHARA DESERT OASIS & SPA” масканига ташриф буюрди. 

Келгусида туристик марказ фаолиятини кенгайтириб, хорижлик сайёҳларни жалб қилиш бўйича мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Малайзия ва Индонезия давлатларидаги туристик корхоналар орқали тарғиботлар ташкил этилиб, зиёрат туризми йўналишида Бухорога ташриф буюрувчи сайёҳларни қўшимча кўнгилочар хизмат турларига жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?