Бухорода тайёрланган зебигардон европалик буюртмачига етказилди

16:14 23 Сентябр 2024 Жамият
314 0

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Асли германиялик, аммо Швейцарияда яшовчи Аналия Фалкон Бухоро шаҳридаги қадимий Сайфиддин карвонсаройида ижод қилиб турган халқ амалий санъати усталари меҳнатини кузатиб, ҳайратини яшира олмади. Юртимизга турмуш ўртоғи ва икки фарзанди билан саёҳат қилгани келган меҳмонни айниқса, таниқли заргар Шодмон Саидмуродовнинг ижодий ишлари ўзига маҳлиё этди.

— Миллий заргарлик буюмларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, — дейди жорий йилда қадимий шаҳарда ўтказилган “Зардўзлик ва заргарлик” халқаро фестивали ғолиблари қаторидан ўрин олган Ш. Саидмуродов. — Туристлар устахонамизга келиб, қўл меҳнати асосида тайёрланувчи зебигардон, тиллақош, билакузук, зирак каби зебу зийнатларга ҳавас билан разм солади. Аналия Фалконга келсак, у зебигардонга буюртма берди. Кумушдан тайёрланган, сиртига тилла суви юритилган зебигардонни бир ҳафта ичида тайёрлаб, Швецарияга жўнатдик. Ҳозиргача хориждан тушган ўнга яқин шу каби буюртмани адо этдик. Бундан ташқари, хорижий давлатларда ташкил этилаётган нуфузли халқаро кўргазмаларда фаол қатнашиб, миллий заргарлик санъатимизни кўз-кўз қиляпмиз, унинг рақобатбардошлигини ошираяпмиз. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги имкониятларимизни янада кенгайтирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?