Бухорода ОАВ ходимлари учун минтақавий конференция ўтказилди

19:14 22 Сентябр 2023 Жамият
410 0

Журналист ва блогерлар у ёки бу воқеани қандай ёритишлари керак? Уларнинг позицияси қандай бўлмоғи зарур? Босма нашрларнинг муаммолари нималардан иборат? Уларга қандай ечим топиш мумкин? Бухоро шаҳрида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган минтақавий конференцияда ана шу саволларга жавоб изланди.“Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда воқеликни холис ёритиш: бугунги ҳолат, таҳлил, таклиф” мавзуидаги мазкур тадбирда Бухоро ҳамда Навоий вилоятлари журналист ва блогерлари, шунингдек, БухДУ да журналистика йўналишида таҳсил олаётган бир гуруҳ ёшлар иштирок этишди. Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчиси Х. Салимов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида журналистлар олдида турган вазифалар, босма ва интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда воқеликни холис ва ҳаққоний ёритиш масалалари хусусида тўхталди. Тўпланганларга мавзу доирасида Навоий вилоятида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Бухоро вилоят телерадиокомпанияси фаолияти мисолида замонавий медиа муҳит ва унинг маҳсули юзасидан маълумотлар берилди. Баҳс-мунозара остида кечган тадбирда бир қатор фойдали таклифлар ўртага ташланди.

— Бундай учрашув ва мулоқотларни тез-тез ўтказиб туриш ўзаро тажриба алмашиш, фикрлашиш нуқтаи назаридан биз, журналистлар учун жуда фойдали,— дейди “Ромитаннома” газетаси бош муҳаррири, шоира Махфират Атоева.— Биласиз, газетачилик ижодкордан жуда катта машаққат ва меҳнатни талаб қилади. Негаки, ахборот технологиялари жадал ривожланаётган паллада газеталарнинг ўқимишлилигини ошириш, воқеликни холис ёритиш, таҳлилий мақолаларга эътибор қаратиш долзарб масалага айланиб қолди. Бугунги тадбир шу йўналишдаги ишларимизга янгича ёндашув нуқтаи назаридан туртки вазифасини ўтайди, деб ўйлайман.

Конференция якунида иштирокчилар учун Бухоро вилояти корхоналарига пресс-тур ташкил этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер