Бухорода Марказий Осиёда ягона саналган музей очилади
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». XIX аср охири — XX аср дастлабки ўн йилликлари халқимиз тарихига жуда муҳим давр сифатида кирган. Бу бевосита жадидчилик ҳаракати билан боғлиқ. Зеро, жадидлар илм-фан, маориф равнақи ва истиқлол учун жонларини ҳам аямадилар.
— Шу нуқтайи назардан давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида жадидчилик тарихига оид музей фаолиятини йўлга қўйиш саъй-ҳаракатига киришилгани айни муддао бўлди, — дейди Бухоро давлат университети Жаҳон тарихи кафедраси ўқитувчиси, тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Ҳайитов. — Шу йилнинг 30 майида эса давлатимиз раҳбари томонидан «Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилинишини тарихий адолатнинг тикланиши сари қўйилган салмоқли қадам дея баҳолаш мумкин. Бу даргоҳнинг ёш авлодни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда салмоқли ўрин тутадиган маскан бўлишига шак – шубҳа йўқ. Зеро, шу пайтга қадар Марказий Осиёда бевосита жадидлар ҳаёти, улар қолдирган бой мерос тарихига оид музей йўқ эди.
Музей фаолияти кўҳна Бухоронинг Усмон Хўжа Пўлатхўжаев яшаган Говкушон гузари Хўжа Гулрез кўчаси 13-уйда йўлга қўйилади.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, жадидлар орасида Усмон Хўжа Пўлатхўжаевнинг алоҳида ўрни бор. У 1878 йилда Бухорода бадавлат савдогар Пўлатхўжанинг хонадонида дунёга келган. Яхши таълим олган. Исмоил Гаспирали, Аҳмад Дониш илгари сурган ғоялар таъсирида улғайган. Жамиятни янги ўзанга буриб юбориш, халқни илму маърифатли қилиш ўй-фикри билан яшаган бу инсон ҳатто 1898 йилги Андижон қўзғолонида ҳам қатнашган. Шодмон Ҳайитовнинг айтишича, ўшанда у Бухоро амирлиги фуқароси бўлгани учунгина Россия империяси маъмурлари қутқусидан қутилиб қолган. Туркияда таҳсил олган, она юртга қайтиб бир қатор масъулиятли вазифаларда ишлаган Усмон Хўжа 1922 йилда Афғонистонга кўчиб ўтишга мажбур бўлади. 46 йил ватангадоликда яшайди.1968 йилда Туркияда вафот этади.
— Отам Ўзбекистонни, Бухорони юрак-юракдан яхши кўрардилар, — деганди Бухорода ўтган тадбирлардан бирида унинг Туркияда туғилган фарзанди Темурхўжа Усмонхўжа ўғли. — Эсимда, у киши ҳаёт билан видолашар чоғда менга «Ўғлим, Ўзбекистон албатта, истиқлолга эришажак. Сен бориб унинг тупроғини тавоф этасан. Ўшанда она юртимга сен менинг кўзларим билан боқ», дея васият қилгандилар. Аллоҳга шукрки, шу кунларни кўрмоқ насиб этди.
Филология фанлари доктори, профессор сифатида АҚШнинг Мичиган университетида узоқ йиллар талабаларга таълим берган бу инсоннинг сўзларини тинглаб, истиқлол, ҳуррият қадру қимматини янада чуқурроқ англаб етасан, киши.
Дарвоқе, Хўжа Гулрез кўчаси 13-уйни Темурхўжанинг бобоси, йирик савдогар Пўлатхўжа Караматуллоҳхўжа 1860–1870 йилларда барпо этган.Ташқи ва ички ҳовлидан иборат бўлган уй турли ташкилотларга бошпана вазифасини ўтаган. Кейинги пайтда ундан хусусий меҳмонхона сифатида фойдаланиб келинаётганди.
Давлатимиз томонидан бу қадимий уйнинг таъмирланиб, Жадидлар мероси музейига айлантирилиши маърифатпарвар инсонларни бефарқ қолдирмайди, албатта. Негаки, айрим юртдошларимизда жадидчилик ҳаракатига оид манбалар, ашёвий далиллар, қадимий китоблар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Уларни тақдим этишса музей мазмунан бойийди. Айтмоқчи, биздаги маълумотларга қараганда, Темурхўжа ҳам Истанбулдаги бой кутубхонасидаги китобларни шу музейга тақдим этиш ниятини билдирган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Бухоро вилоятида айни пайтда 18 та музей фаолият кўрсатмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг