Бухорода йирик лойиҳа якунланди. У ҳақда нималар маълум?

18:41 13 Октябр 2024 Жамият
923 0

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан амалга оширилган “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси муваффақиятли якунланди. Лойиҳанинг якунловчи семинари Бухорода ташкил этилиб, унда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти вакиллари ва олтита иштирокчи давлатнинг техник экспертлари, тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари қатнашдилар. Семинар доирасидаги асосий сессиялар лойиҳанинг асосий натижалари, унинг ер ва сув ресурсларини бошқаришга таъсирини баҳолаш ва эришилган натижаларни кенгайтириш орқали қурғоқчилик, ер деградацияси ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ хатарларни бартараф этишда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларига бағишланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан Глобал экологик жамғарма (GEF) билан ҳамкорликда 2018 йилда бошланган CACILM-2 лойиҳаси Марказий Осиё ва Туркияда иқлим ўзгариши ҳамда ер деградацияси оқибатларини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги амалиётлари ва ерларни бошқаришнинг самарали стратегияларини жорий этишга қаратилган. Лойиҳа қурғоқчилик ва ерларнинг шўрланишидан энг кўп зарар кўрган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон каби давлатларга кўмак берди.

“Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари лойиҳани амалга ошириш учун танлаб олинган ҳудудлар эди. Айнан тупроқ деградацияси ва қурғоқчиликка учраган ерлар билан боғлиқ муаммоларнинг ечимини топиш бўйича изланишлар амалга оширилди. Эришилган натижаларга тўхталсак, лойиҳа доирасида ҳамкор ташкилотларга зарур асбоб-ускуналар етказиб берилди, ерга ишлов бермасдан туриб қишлоқ хўжалиги экинларини экиш усули қўлланилди. Мазкур усул бугунги кундаги иқлим ўзгаришини олдини олишга қаратилган янги технология ҳисобланади. Қолаверса, мутахассислар томонидан фермерларга қурғоқчил ва шўрланган ерларда ўсадиган ва ҳосилдорлиги юқори бўлган қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, амалиётда кўрсатиб берилди”-деб таъкидлади БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.

Таъкидлаш жоизки, минтақадаги аҳоли сонининг ўсиш суръатлари ва иқлим ўзгариши каби омиллар сабабли Марказий Осиё мамлакатлари сув ресурсларининг қисқариши, яйловларнинг чўлланиши ва экин майдонларининг эрозияси каби жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Сўнгги 30 йил давомида ушбу мамлакатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги сезиларли даражада пасайиб, айрим экинлар ҳосилдорлиги 30% гача камайган. Натижада озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ хатар янада ошиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун қийинчилик келтирган.

“Ташаббус доирасида такомиллаштирилган суғориш усуллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширувчи технологиялар йўлга қўйилиб, минтақада барқарор ер ва сув ресурслари бошқаруви ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш усуллари жорий этилди. Зеро, сув ресурсларини тежаш бугунги кунда минтақада энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Мақсадимиз табиатга зарар етказмаган келгуси авлодлар учун сув ва ер ресурсларини, биохилма-хилликни сақлаб қолган ҳолда ҳозирги авлод талаб ва эҳтиёжларини қондиришдир”, дея қайд этди лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

Тадбирнинг иккинчи куни иштирокчилар лойиҳа доирасида барқарор қишлоқ хўжалиги технологиялари қўлланилишининг амалий натижаларини кўздан кечиришди. Улар, хусусан, ҳозирда “но-тилл” технологиясини муваффақиятли тарзда қўллаб, юқори ҳосил олиб келаётган фермер Фаҳриддин Зарипов раҳбарлигидаги “Зариф ота” фермер хўжалигига ташриф буюришди.

Лойиҳа натижалари Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги ландшафтларининг иқлим ўзгаришига бардошлилигини ошириш ҳамда FAOнинг стратегик мақсадлари, хусусан, очарчиликка барҳам бериш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш каби пировард мақсадлари билан чамбарчас боғлиқдир.

CACILM-2 лойиҳаси Марказий Осиё ва Туркияда ер деградацияси муаммолари билан кураш ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш бўйича келгуси минтақавий ҳамкорликка мустаҳкам замин яратди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?