Бухорода «Энг улуғ, энг азиз» танлови ғолиблари тақдирланди

18:55 13 Август 2024 Жамият
171 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Она Ватанни, истиқлолни улуғловчи мақолалар ёзиш, телекўрсатувлар тайёрлаш, бадиий, тасвирий ҳамда кино асарлари яратиш ҳар бир ижодкор учун шараф. Шундай фахрли ва масъулиятли ижод билан машғул бухоролик бир гуруҳ журналист, блогер, рассом, шоир ва кино санъати ходимлари «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танлови вилоят босқичида ўз ижод намуналари билан иштирок этди.

Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокимлиги ҳамда Журналистлар уюшмаси, Бадиий академия ва Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир аввалида истиқлолнинг қадру қиммати, ижодкорлар зиммасида турган масъулият ҳақида фикр юритилди. Шундан сўнг «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида ўтказилаётган танловнинг босма ОАВ, телевидение ва радио, интернет – журналистика йўналишлари, шунингдек, публицистик мавзудаги китоблар, бадиий асарлар, тасвирий санъат, фотоасарлари ва дизайн, кино санъати номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

— Шундай нуфузли кўрик- танловидан ўрин олганимдан бениҳоя хурсандман, — дейди «Истиқлол» телевидениеси муҳаррири Зилола Худойқулова. — Бу эътироф мустақилликнинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини атрофлича очиб берадиган телекўрсатувлар тайёрлашга ижодий туртки вазифасини ўтайди.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?