Бухоро шаҳрида байрам арафасида янги автобуслар қатнай бошлайди

15:43 01 Декабрь 2023 Жамият
390 0

8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги байрами арафасида Бухоро шаҳри кўчаларида янги замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилмоқда. Гап шундаки, вилоятга “Progress mega trans” масъулияти чекланган жамияти томонидан 20 та автобус олиб келинди.

Ҳар бирининг нархи 64 минг АҚШ доллари бўлган бу автоуловлар Хитойнинг “Zhang Tong“ компанияси маҳсулоти бўлиб, атроф-муҳитга жуда кам миқдорда зарарли газ чиқаради. Уларда йўловчиларнинг бехавотир манзилга етиб олишлари учун зарур барча қулайликлар яратилган.

— Автобус салони 30 йўловчига мўлжалланган, — дейди корхона ҳайдовчиларидан бири Жасур Эсанов. — У кузатув камералари билан таъминланган. Ойналари қуёш нуридан муҳофаза қиладиган плёнкалар билан қопланган. Яна бир жиҳати, иситиш ва совитиш тизимига эга. Бу ёзи ўта иссиқ келадиган юртимиз иқлим шароити учун айни муддао.

Вилоятнинг бир гуруҳ нуронийлари, маҳалла фаоллари мазкур замонавий автобусларда шаҳар бўйлаб сайру саёҳат қилдилар.

Янги автобуслар давлатимиз раҳбарининг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида харид қилинди. Улар байрам арафасида, аниқроғи 5 декабрдан Бухоро шаҳри кўчалари бўйлаб мунтазам ҳаракатлана бошлайди.

Келгуси йилнинг июлига қадар вилоятга яна шундай яна 80 та автобус олиб келиш кўзда тутилган.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер