Бухоро қаролисининг шуҳратини қайта тиклайлик

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ўшанда 2018 йилнинг сентябри эди. Давлатимиз раҳбарининг «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида халқаро форум ўтказилди. Қатор давлатлардан келган соҳа вакиллари Бухоро туманидаги «Маданият, Муҳаммад, Исмат» фермер хўжалиги фаолияти билан ҳам танишди. Хўжаликнинг мўъжазгина файзли боғи ҳаммани ўзига мафтун этди. Шунда эронлик меҳмон Саид Аббос Карбосийнинг бир жуфт қароли олдида узоқ туриб қолгани эътиборимизни тортди.
— Юртингиз, тупроғингиз бамисоли жаннатнинг бир бўлаги, — дея таржимонга юзланди у. — Бизда Бухоро олуси жуда қадрланади. Чунки у инсон саломатлиги учун беҳад фойдали.
Гуруҳимизга ҳамроҳлик қилаётган шифокор ҳам бу фикрни тасдиқлади. Докторнинг айтишича, қароли минералларга бой мева саналади. Унда киши организмини ножўя таъсирлардан сақлайдиган антиоксидантлар бор. Қароли юракни бақувват қилибгина қолмай, саратонга ўхшаш оғир хасталиклар йўлига ғов бўлади. Иммунитетни мустаҳкамлайди. Қон айланишини яхшилайди. Шарбати фойдали. Мураббоси мазали.
— Эронда «олийи Бухоро» деб аталадиган мева бизни қизиқтириб қўйди, — дейди яқинда шу давлатда ижодий сафарда бўлиб қайтган Бухоро давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Ўктамали Равшанов. — У баайни ўзимизнинг қароли. Бу мевани ҳамма суйиб истеъмол қилар экан. Шероздаги бир қишлоқ кексалари билан суҳбатлашганимизда уларнинг ота-боболари қадимда Бухоро томонлардан қароли кўчатларини келтириб боғлар барпо этишганини айтиб беришди. Унинг «олийи Бухоро», яъни Бухоро олуси деб аталиши сабаби шунда экан.
Бу маълумотлардан кейин буюк аждодимиз Мирзо Бобурни эсламай бўларканми? «Яна Бухоро қаролиси машҳурдир. Бухоро қаролисидек қароли ҳеч ерда бўлмас: пўстини арчиб, қуритиб, табаррук қилиб вилоятдан вилоятга элтадилар», дея ёзади у «Бобурнома» асарида.
— Билишимча, сиз назарда тутаётган қароли бу олхўрининг бир тури саналади, — дейди меҳнат фахрийси Ҳаким Ражабов. — У кузда пишади. Биз тенги авлод яхши эсласа керак: бир пайтлар аёлларимиз уни қуритилган тут шохига марвариддек териб, уй шипига турнақатор тизиб қўйишарди. Ширага тўлган қароли табиий ҳолда қуриб қоқига айланарди. Қиш-қировли кунларда у дармондори вазифасини ўтарди. Бирам мазали эдики, асти қўяверинг.
Афсуски, пахта яккаҳукмронлиги даврида боғдорчиликка эътибор сусайди. Мевазорлар саҳни қисқарди. Қаролизорларнику айтмай қўя қолайлик. Аҳвол шу даражага етдики, айрим ёшлар олхўрининг эртапишар навлари билан қаролининг фарқига бормай қўйди. Ваҳоланки, қаролизорлар барпо этишнинг турган битгани фойда. Аввало, бу мева кўчати Бухоронинг маҳаллий иқлим шароитига мос. Халқ тили билан айтганда, кўчати «шўх». Тез униб-ўсади. Мўл ҳосил беради. Қолаверса, Мирзо Бобур назарда тутган, табаррук дея тилга олган қароли инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Боз устига у экспорт қилинса, мевасидан табиий шарбатлар тайёрланса мўмай даромад кўриш мумкин.
Дарвоқе, вилоят статистика бошқармаси маълумотларига қараганда, Бухорода 2025 йилнинг январь ҳолатида олхўри майдонлари 532,7 гектарни ташкил этди. Шунинг 511,3 гектаридан ҳосил олинмоқда. 2024 йилда 9, 6 минг тоннадан зиёд олхўри етиштирилган. Сезганингиздек, ҳисоб-китобга олхўрининг эртапишари ҳам киритилган. Негаки, рўйхатга қароли алоҳида банд қилиб киритилмаган. Экспорт масаласига келсак, вилоятда ўтган йил салкам 470 тонна олхўри хорижий буюртмачиларга етказилган. Бу олхўрининг ёзда пишадиганига дахлдор рақам. Негаки, рўйхатнинг 1 октябрь – 31 декабрь ҳолатидаги «тоза олхўри» деган бандига назар ташланса, бу оралиқда экспорт амалиёти бажарилмагани маълум бўлади. Бу қаролига тегишли гап. Чунки, таъкидланганидек, у кузда пишади.
Сир эмас, кейинги йилларда юртимизда боғ-роғлар яратишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ўрикзор, олмазору нокзорлар барпо этиляпти. Дейлик, Бухорода биргина деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари ихтиёрида ҳозир 1469 гектар олмазор бор. Бу боғ-роғларнинг рўзғорни бут, бозорларни тўкин этаётганига зиғирча шак-шубҳа йўқ. Шу жараёнда қаролизорлар барпо этишга ҳам эътибор кучайтирилса айни муддао бўларди. Токи, Бухоро қаролисининг шуҳрати қайта тиклансин! Донғи дунёга кетган яна бир табаррук неъмат бу кўҳна юртнинг брендига айлансин!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг