Бухоро давлат музей - қўриқхонасида ноёб экспонат сақланмоқда

18:48 19 Июнь 2024 Жамият
398 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро давлат музей - қўриқхонасида халқимизнинг неча минг йиллик тарихидан сўзловчи юзлаб осори атиқалар сақланади. Уларнинг ҳар бири ўзига хослиги, ноёб ва камёблиги билан сайёҳлар эътиборини тортиб келмоқда.

— Экспонатлар қаторида чинни, фаянс ва эмалланган мис гулдонларни, чойнак, коса, шокоса, пиёла, лаган каби шарқона буюмларни кўриш мумкин, — дейди Ситораи Моҳи Хосса халқ амалий безак санъати музейи катта илмий ходими Наргиза Жумаева. — Улар орасида оддий оч яшил рангдаги идиш-товоқлар ва пиёлалар алоҳида ажралиб туради. Ташқи кўриниши безаксиз, кўзга кўримсиздек туюлган бу идишлар ўзида ажиб бир сир-синоатни яширган. XII асрда Хитойда каолиндан тайёрланган, селадон номи билан танилган бу идишлар ўз тусини ўзгартириш хусусиятига эга. Мабодо, овқат заҳарланган бўлса, идиш ранги бошқа тусга киради.

Селадон кулолчилиги тахминан, Х асрда Хитойда равнақ топган. Усталар бирор бир ранг диққатни чалғитмаслиги учун кулолчилик буюмлари тайёрлашда оддийликка интилишган. Бошқа тахминга кўра, селадон сўзи султон Салоҳиддин номини англатади. Музей фондида сақланаётган оч яшил тусдаги рўзғор буюмларига келсак, улардан фақат Бухоро ҳукмдорлари фойдаланишган. Сабаби, ҳар бир ҳукмдор ўз саломатлиги ҳақида қайғурган. Бу идишларнинг таркиби мутахассислар томонидан чуқур ўрганилса, улардаги сир-синоатлар янада ойдинлашади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер