Бухоро буғуларининг Қорақалпоғистондаги «уйи» ҳақида биласизми?
Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Қорақалпоғистон Республикаси Беруний ва Амударё туманларида жойлашган «Бадай тўқай» номи билан машҳур бўлган ҳудуд Марказий Осиё тўқайларининг 20 фоизи, Ўзбекистондаги барча тўқайзорларнинг 74 фоизини ташкил этади. Маълумотларга кўра, ҳудудда 419 та ўсимлик, 36 тур сут эмизувчи, 246 тур қушлар, 29 тур судралиб юрувчилар, 2 тур сувда ва қуруқликда яшовчи, 43 тур балиқлар синфига мансуб ҳайвонлар учраши қайд этилган.
Мазкур турлардан 36 тур ҳайвон Ўзбекистон Республикасининг «Қизил Китоби»га, 18 тур эса Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи Қизил рўйхатига киритилган ноёб ҳайвонлардир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Амударё дельтасида табиий тўқай ресурсларини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ва улардан барқарор фойдаланишни таъминлаш мақсадида Бадай-тўқай давлат қўриқхонаси тугатилиб, унга тегишли бўлган 6462,1 гектар ер майдонлари Қуйи Амударё давлат биосфера резерватига ўтказилди. Шунингдек, ҳудуддаги захира ва бошқа фондлар ҳисобидаги ер майдонлари қўшилиб жами 11568,3 гектар ер майдонлари Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг қўриқхона зонаси учун доимий фойдаланиш учун берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги асосан Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфидан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилди.
— Қўриқхона зонаси жами 11568,3 гектар бўлиб, у қатъий режимда муҳофаза этиладиган ҳудуд ҳисобланади, — дейди Қуйи Амударё давлат биосфера резервати директори Иномжон Абдухаликов. — Биосфера резервати ландшафтларни, тўқайлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, шу жумладан, кам учрайдиган ва йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларни сақлаб қолиш, экологик ҳолатни яхшилаш каби бир қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш, илмий тадқиқотлар ва мониторинг олиб бориш учун мўлжалланган. Қўриқхона ҳудудида, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат қўриқхоналари режими ўрнатилган. Ҳозирги кунда биосфера резерватида жами 32 та ходим иш олиб бормоқда. Шундан илмий-ишлар бўлимида 8 нафар, бошқарув ва техник ходимлар 13 нафарни ҳамда нозирлар 11 нафардан иборат бўлиб, қўриқхона ҳудудини муҳофазасини ташкил қилиш мажбурияти юклатилган. Ушбу қўриқхона ҳудудида нозирлар ва илмий ходимларга 3 та ўрмон уйи, 3 та ёзги шийпон қурилган. Шунингдек, нозирлар 10 та ишчи оти ва бошқа иш қуроллари ҳамда махсус кийим-бошлар билан таъминланган.
Амударё дарёсининг кейинги 30 йилдан ортиқ давр мобайнида гидрологик сув режимининг бузилиши, дарё сув ҳажмининг тез суръатлар билан қисқариши натижасида тўқайзорларни табиий сув босиши камайди. Кўп йиллик қурғоқчилик, сувсизлик оқибатида ўрмон ерларида тупроқ юзасида туз қоплами пайдо бўлиши натижасида шўрланишнинг кучайиши каби деградация ҳолатларининг юзага келишига олиб келмоқда. 2015—2021 йилларда Амударёда сув ҳажмининг камайиши натижасида юзага келган сув танқислиги ҳолати ва «Сауқимярған» каналидан сув келишининг умуман тўхтади. Асосий тўқай дарахтлари бўлган тўронғил, жийда, чиғир толлар ҳар хил касалликлар ва сувсизлик натижасида нобуд бўла бошлаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-76-сон қарори билан тасдиқланган «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасини ҳамда экологик назорат тизимини янада такомиллаштириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»да Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Бухоро буғулари учун яшаш шароитларини яхшилаш бўйича алоҳида вазифа белгиланди. Шунга кўра, Биосфера резерватининг «Бадай тўқай» бўлими ҳудудидаги дарахтларни қуриб қолишдан сақлаш учун 2.8 километр янгидан канал барпо қилинди. Амударё дарёсидан сув олиш нуқтасига янгидан ўрнатиладиган насос станциясигача 10 километр масофага таянч устунлари ўрнатилиб, электр узатиш линияси тортилди. Амударё дарёсидан сув чиқариш учун СНПЭ-500/10 электр насосини ўрнатилди. Ҳудудни сув билан таъминловчи «Сауқимярган» каналининг 9.3 километр қисмида реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Албатта, бу тадбирлар Бухоро буғуларининг Қорақалпоғистондаги «уйи» ҳисобланган биосфера резерватида уларнинг яшаши ва кўпайиши учун қулай шароит яратиши шубҳасиздир.
Биосфера резерватининг асосий ҳайвони, бу Бухоро буғуси ҳисобланади. 2024 йил баҳорги мониторинг ишлари натижасида Ўзбекистон Республикаси «Қизил Китоб»ига киритилган Бухоро буғулари сони 1566 донани ташкил қилди. Юзага келган сувсизлик сабабли бу турнинг асосий озуқа ўсимликлари етишмаслиги ва шунинг ҳисобидан ҳудуддан ташқарига чиқиб кетиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу каби ҳолатларни бартараф қилиш учун амалий чора тадбирлар кўрилмоқда, албатта. Бугунги кунда буғуларнинг ёввойи ҳолда яшаб келаётган ҳудудларига ҳамда дарахтлар ва бошқа ўсимликлар учун насос агрегатлари орқали сув етказилмоқда.
Сув — табиатнинг бебаҳо неъмати, ҳаёт-манбаи, умуман тирикликнинг асосий омилидир. Биосфера резервати ҳудудига сувнинг етказилиши ҳам ҳудуддаги ҳайвонот ва наботот оламини асрашга қаратилган муҳим тадбирлардан саналади.
Эътиборлиси, бугунги кунда ушбу ҳудудда жерде экотуризмни ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бошланган. Сайёҳларнинг ушбу маскандаги жонли табиатга қизиқиши юқорилиги кейинги пайтларда ташриф буюрувчи туристлар сони ортиб бораётганидан аёндир.
Ҳозирги вақтда ҳудудда музей ва Биосфера резерватининг маъмурий биноси учун янги иншоотлар барпо этилмоқда. Ишончимиз комилки, яқин келажакда Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ҳудудида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш билан бирга экотуризмни ривожлантирадиган, кўплаб ташқи ва ички сайёҳларни ўзига мафтун қиладиган масканга айланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг