Бухоро амирининг автомашинаси

14:42 28 Октябр 2025 Жамият
293 0

Иллюстратив фото

Ҳозир дунёда автомобилларнинг юзлаб маркалари мавжуд. Замоннинг тезкорлигини қарангки, бугун электромобилларга қадар етиб келдик. Ҳолбуки, бундан бир аср олдин, яъни ХХ аср дастлабки ўн йиллигида автотранспорт, айниқса, енгил автомобилларнинг дастлабки авлодлари яратилганида одамлар ҳайратга тушишган. Уларнинг ўшанда Россия империяси мустамлакаси бўлган Туркистонга илк бор кириб келиши эса “техника мўъжизаси” , “ерда ўрмаловчи, ўзиюрар афсонавий транспорт” деб ном олганини архив манбалари тасдиқлайди.

Профессор, тарихчи олима С.Б.Шадманова ХХ аср бошида Туркистонда чоп этилган ўнлаб даврий матбуот материалларини ўрганаркан, Тошкент техника омборида биринчи автомобиллар 1910 йилларда келтирилганини аниқлади. У “Омнибус” маркали 8 ўриндиқли автомобил, соатига 128 километр юрадиган “Бенц”, “Фиат”, “Форд”, “Легио”, “Рено” русумли машиналар бўлганини исботлади. Ўша йилларда уч, беш, етти ва ҳатто саккиз – ўн кишилик ўриндиққа эга автомобиллар Тошкент шаҳри ва атрофидаги ҳудудларга йўловчиларни таший бошлаган. Автомобиллар тезлиги, қулайлиги, манзилга йўловчиларни қисқа вақтда етказиши каби жиҳатлари билан кучерлар хизмат кўрсатадиган фойтунлардан афзал эди. Афсуски, манбаларда илк даврларда автомобиль кира ҳақи қанча бўлганлиги билан боғлиқ маълумотни учратмадик.

  Айтмоқчи, Бухорои шарифга илк автомобиллар қачон кириб келганлиги масаласи ҳам бизни жуда қизиқтириб қўйди. Манбалардан шу саволга жавоб изладик. Форс-тожик тилида, араб имлосида чоп этилган “Бухорои Шариф” газетасининг 1912 йил 16 апрелдаги сонида “Мактуби башиора” (“Ишора мактуби”) сарлавҳали хабарни ўқиш мумкин. Унда “Бухоро амирининг Кармана (ҳозирги Навоий)да амирлик боғида автомобили сақланмоқда. Ушбу автомобил зангламаслиги учун 150-200 танга эвазига бир киши бириктириб қўйилган“, деган маълумот келтирилган. Назаримизда, Россия императорининг топшириғи билан Туркистон генерал-губернатори Бухоро амирлиги сиёсий айғоқчилиги воситачилигида Тошкент техника омборларидаги автомобиллардан бирини 1911 йилда тахтга келган Амир Олимхонга тортиқ қилган. Ушбу хабарга таяниб, 1911-1912 йиллар чегарасида Бухорога хорижда ишлаб чиқарилган автомобил етиб келган, деб ҳисоблаш мумкин.

Амирнинг монархия тартиби ағдарилганидан сўнг, 1920-1924 йилларда БХСРда замонавий транспортга эга бўлиш вазифаси долзарб қилиб қўйилди. БХСРнинг даврий матбуоти ҳисобланган “Озод Бухоро” газетаси сонларидан бирида “1923 йил 21 ноябрда Бухоро кўчаларидан бирида тез юрадиган автомобил Шариф Исмоил соатсозни босиб ўлдурғон” мазмунидаги нохуш хабар босилган.

Архив манбалари билан танишиш асносида амин бўлдикки, БХСР ҳукумати раҳбарлари Файзулла Хўжаев ва Отаулла Хўжаевнинг саъй-ҳаракатлари билан 1923 йилнинг бошларида Бухорога “Форт” маркали Америка енгил автомобили келтирилган. Жумладан, Ўзбекистон Миллий Архиви, Р – 48-фонд, 1-рўйхат, 171-йиғма жилд, 70-варағидаги ёзувлардан маълум бўлишича, БХСР ҳарбий нозири Халқ Нозирлар Кенгаши раисига 1923 йилнинг 26 февралида 504-рақамли билдиришни йўллаб, унда: “Бухоро Халқ Нозирлар Кенгаши ихтиёрига “Форт” маркали енгил автомобил олиб келинди. 1923 йилнинг баҳорида автомобил ҳайдовчилар отряди ташкил этилиб, бир неча “Форт” маркали енгил автомобиллар келтирилади ва улар барча йўллар бўйлаб қатнай бошлайди” деб хабар қилинган.

Иккинчи бир ҳужжатда эса 1923 йилнинг кузида БХСР Халқ Хўжалиги Кенгаши Эски Бухоро – Янги Бухоро яъни Когон оралиғидаги 12 километрлик масофада автомобил йўли қуриш, йўлни автоуловларга мослаб таъмирлаш учун давлат бюджетидан 30 миллиард рубль маблағ ажратилгани билдирилиб, бу ишни амалга ошириш учун йўл қурилиши муҳандиси А.Захарянга 240 та Бухоро тангаси ва бошқа зарур жиҳозлар берилгани айтилади.

Архив ҳужжатлари ва БХСР матбуоти маълумотига таяниб шундай хулосага келиш мумкинки, 1923 йилнинг кузидан Бухорои Шариф кўчаларида, шунингдек, Бухоро – Когон йўналишида кам сонли бўлсада автомобиллар қатнови йўлга қўйилган. Замонанинг зайлини қарангки, бир аср олдин Бухорои Шариф кўчаларида аҳён-аҳёнда автомобил қатнарди. Бугунга кунга келиб эса уларнинг йўлларда қаторлашиб, тирбандликни юзага келтириши, узоғимизни яқин қилиши оддий ҳолга айланиб қолди. Муҳими, Мустақиллик йилларида Ўзбекистон дунёнинг автомобил ишлаб чиқарадиган оз сонли давлатларининг бирига айланди.

Шодмон ҲАЙИТОВ,

Бухоро давлат университетининг

Жаҳон тарихи кафедраси профессори, тарих фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?