«Бугунгидек имконият яратилганда хорижга иш излаб кетмасмидим...»

12:17 08 Август 2024 Жамият
116 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». — Яратгандан бандасига турли синовлар келади. Лекин инсон бошига тушадиган бало-қазоларга ўзи сабабчи бўлишини англаб етдим. 2015 йилда ҳой-ҳавасга берилиб, хорижга ишлагани кетдим. У ерда автоҳалокатга учраб, бир қўл, икки оёғимдан айрилдим. Соғ юриб борган оёқларим протезда қайтди, — дейди Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани Элбаён маҳалласида яшовчи Ўроль Тўрақулов.

Бошига тушган мусибат руҳини синдиролмади. Аксинча, ундаги шижоат, ҳаётга бўлган интилишини оширди. Ҳар қанча қийин бўлмасин фақат олдинга интилди.

— Баъзида ўйлаб қоламан, балки ўша пайтлари бугунгидек имкониятлар яратилганида хорижга иш излаб кетмаган бўлармидим, — дейди қаҳрамонимиз. — Тадбиркорлик қилиш истаги туғилди. Ички имконият ва шароитлардан келиб чиқиб, маҳалламиз ҳоким ёрдамчисига мақсадимни айтдим. Режаларим унга маъқул тушди. Тезда зарур ҳужжатларни тайёрлаб, 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилишини таъминлади.

Бугун Ўралбой маҳалланинг пешқадам тадбиркорларидан. Унинг мўъжаз уй цехида оқ ва қизил рангли тупроқлар қоришмасидан бир кунда 10 минг дона хом ғишт ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлари харидоргир, мижозлар кўплигидан буюртмалар олдиндан олинмоқда. Даромад шунга яраша. Эътиборлиси, у 10 нафар маҳалладошини ҳам доимий иш билан таъминлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?