Бугунги мураккаб замонда бир мушт бўлиб яшамоқ керак

01:05 05 Июль 2022 Жамият
762 0

Фото: Халқ сўзи

Июль ойининг илк кунида Нукус шаҳрида бошланган кутилмаган талатўп, танти қорақалпоқ элининг соддадиллигидан фойдаланиб, ўз манфур ниятларини амалга оширмоқчи бўлган агрессив кучларнинг ҳаракатга келиши барчамизни чуқур хавотирга солди. Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг зудлик билан Нукус шаҳрига бориши, қатъият ва дипломатия билан ноқонуний намойишларга узил-кесил чек қўйиши, Нукусда яна ҳаёт ўз измига қайта бошлагани ... ҳаммаси шу қадар тез рўй бердики, хавотиримиз тезда ариди. Ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган қудратли давлатда яшаётганимизни, Президентимизнинг дадил ва доно ислоҳотчи эканини яна бир бор қалбан ҳис қилдик.

Самарқандлик фаоллар айни шу ҳолат юзасидан ўз муносабатларини билдирди.

Шавкат ЖАЛОЛОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Agromir group” директорлар ассоциацияси кенгаши раиси:

— Давлатимиз раҳбари ҳар сафар Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари билан ташриф буюрар экан, қорақалпоқ халқи, фаоллари билан учрашувда «оғизбирчилик» деган иборани ишлатишни канда қилмайди. Чунки бу ибора самимий, меҳмондўст, бағрикенг қорақалпоқ элининг ўзига хослиги, топганини бўлиб ейишга одатлангани ифодасидир.

Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан Орол денгизи фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури доирасида Нукус шаҳри, унинг атрофидаги туманлар ҳамда овулларда амалга оширилган бунёдкорлик ишларида қорақалпоқ халқи ўзининг меҳнатсеварлигини, бирдамлигини намойиш этгани, эзгу ишларга бош-қош бўлаётгани ҳар қанча эътирофга арзийди.

Нукус шаҳрида бир гуруҳ шахслар Қорақалпоғистоннинг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниши ва ғайриқонуний ҳаракатларни содир этиши қорақалпоқ элининг xоҳиш-истаги эмас, албатта. Бу конституцион тузумга тажовуз қилишга интилаётган гуруҳлар, Марказий Осиёни уруш майдонига айлантиришни ният қилганларнинг ҳаракатидир. Шуниси аниқки, уларнинг бу нияти сароб эканини исботлаш учун кунлар эмас, соатлар кифоя қилди.

Мана шундай вазиятда бир-биримизни қўллаб-қўвватлаб, бир ёқадан бош чиқарган ҳолда сепаратистик ғоялар билан йўғрилган иллатларни бирдамлик, оғизбирчилик билан енгиб чиқишимиз ҳаётий заруратдир. Бугун шундай эзгу мақсадларга эҳтиёж сезиляптики, давлатимизнинг ҳар қандай қонуний ҳаракатини қўллашимиз зарур! Зеро, ота-боболаримиз айтганидек, бирлашган мингни йиқитади.

Гавҳар АЛИМОВА, Каттақўрғон шаҳар ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Қорақалпоқлар танти, меҳнаткаш, янгиликни катта қизиқиш билан қарши оладиган халқ. Буни мен кўп йиллар Вазирлар Маҳкамасининг Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш комплекси мутахассиси, «Маҳалла» фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари, кейинчалик эса Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаб юрган кезларимда яққол англаганман.

Ўша пайтлари фаолиятим тақозоси билан ҳар йили 2-3 бор Қорақалпоғистоннинг турли ҳудудларига борганман. Оналикни муҳофаза қилиш, маҳалла ҳаёти, шунингдек, сиёсий-ижтимоий ўзгаришларни амалга оширганимизда ҳар бир қорақалпоқ биз билан бир сафда туриб, бу эзгу ишлар рўёби учун кўмаклашган.

Бугун юрт осойишталигини, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга қарши мардона туриб, вазиятни оқиллик билан ҳал этиш керак, деб ўйлайман. Бу борада Президентимизнинг Қорақалпоғистон халқига мурожаатида таъкидлаганидек, ҳамжиҳат бўлиш, вазиятга нисбатан оқилона иш кўриш, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмаслик зарур. Муҳими, қорақалпоқ халқи фаровонлиги учун бирлашишимиз керак. Зотан, бириккан элни ҳеч ким, ҳеч қандай куч енга олмайди.

Мажидхон ИСЛОМОВ, Ургут туманидаги “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси раҳбари:

— 1 июль куни Нукус шаҳрида тўсатдан агрессия унсурлари мавжуд бўлган ноқонуний намойишлар уюштирилгани ҳақида ижтимоий тармоқлардан ўқиб қолдим. Бузғунчи гуруҳлар ва провокаторлар йиғилган фуқаролар ичига кириб, маъмурий биноларни эгаллаб олишга урингани хунук ҳолат. Ақл-ҳуши бор одам бу ишлар ортида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга уринаётган кучлар турганини англайди.

Бу жараёнларга билиб-билмай аралашиб қолаётган тенгдошларимни провокацион тўлқинлар, бузуқ ниятли кимсаларнинг ғайри ҳаракатларидан огоҳ бўлишга, уларнинг нишонига айланиб қолмасликка чақираман.

Кейинги йилларда Қорақалпоғистонда қанчалар улкан ўзгаришлар бўлаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Бу ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон» боғида Ёшлар кунига бағишланган тантанадаги нутқида алоҳида таъкидлади. «Қорақалпоғистонни ривожлантириш стратегиясини қабул қилганмиз, ҳар бир овулини ривожлантириш учун алоҳида маблағ ажратганмиз. Беш йил олдин Мўйноқ ва Бўзатов қанақа эди? Ҳозир Бўзатов ёшлари билан учрашдим... Бўзатов Ўзбекистоннинг маданий ўчоғи, маданий маркази бўлди. Танти қорақалпоқ халқини юрагимдан эъзозлайман», — деди.

Давлатимиз раҳбарининг бу эътирофларига муносиб бўлиш керак.

Мен ёш тадбиркор сифатида қорақалпоғистонлик тенгдошларимга қўлимдан келган ёрдамни беришга бел боғлаганман. Бугунги кунда корхонамизда 55 нафар ёшлар ишлайди, эркаклар кийими ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз. Шу билан бирга яқинда Нукус туманида “URGUTINI AKMANGIT TEXTILE” корхонасини ташкил этдим. Мақсадим – тенгдошларимга янада кўпроқ иш ўрни яратиш, улар билан бирга сифатли маҳсулотлар етиштиришдир.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, профессор:

— Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда. Мана шу вазиятда айрим «уддабуронлар» соддадил қардошларимизнинг тинчлигига ҳамда икки қадрдон халқнинг осойишта ҳаётига рахна солиб, чиркин ғоялар билан фитна уюштиришга урингани кечириб бўлмас ҳолдир.

Таъкидлашим жоиз, асрлар давомида икки халқ ўртасида шаклланиб келган азалий дўстлик, биродарлик, қардошлик, қариндош-уруғлик, ўзаро меҳр-оқибатни йўқотмаслигимиз ва абадий асрашимиз лозим ва бу бугун ҳар биримизнинг бурчимизга айланди. Жумладан, халқимиз фаровонлиги ва тинчлигига айрим ғаламислар қопқонига тушиб қолмаслигимиз ва огоҳ бўлишимиз керак. Тинчликдек олий неъмат қадрига етишимиз ва баъзи давлатларда бўлаётган вазиятлардан хулоса чиқаришимиз лозим.

«Айни вақтда тинчлик ва осойишталик, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади. Ўзбекистонда «Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар» деган қоидани амалда таъминлаш учун барча куч ва имкониятлар етарли», дея қайд этди давлатимиз раҳбари.

Бир сўз билан айтганда, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини сақлаб, ташқи ёт таъсирларга бирдамликда қарши туришимиз ҳамда энг катта ютуғимиз бўлган юрт тинчилигини асраш йўлида собитқадамликни йўқотмаслигимиз керак. Зотан, бугунги мураккаб даврда бир мушт бўлиб яшамоқ ҳаёт-мамот масаласига айланди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?