Бугун матбуотда...Тожсиз вирус қандай вирус?

“Илгари мактабларда дарс бошланишидан аввал беш дақиқалик «сиёсий ахборот» — газеталар шарҳи ўтказилар эди. Катта авлоднинг сиёсий етуклигига шу ҳам сабаб бўлгандир, балки. Зеро, ҳар доим сиёсий тузумнинг ўзгариши ва қайта қуриш жараёнлари одамларга ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш орқали кечган. Ва бунда бош ролни айнан матбуот ўйнаган... Бугунга келиб айрим шахсларнинг газеталарга бефарқ муносабати эса уларнинг сиёсий билим ва маданияти қанчалик даражада эканлигини ҳам кўрсатмоқда”, — дейилади “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган нашр бош муҳаррири Ўткир Раҳматовнинг «Матбуот — ҳаёт кўзгуси» сарлавҳали мақоласида.
Материалда газета нафақат бугунги кун панорамасини тўлиқ кўриш ва кузатиш, балки келгусидаги истиқболни ҳам яққол тасаввур қилишга ёрдам бериши, худди дарслик сингари, барча мавзуларни, мамлакатнинг бутун тарихий йилномасини қамраб олиши, ундаги мақола — эртагаёқ эсдан чиқиб кетадиган узуқ-юлуқ фактнинг ўзигина эмаслиги, мақолага ҳар доим қайтиш, керак бўлганда, кейинчалик фойдаланиш учун сақлаб қўйиш мумкинлиги қайд этилган. Шунингдек, муаллиф оммавий ахборот воситалари олдига кенг миқёсли вазифалар қўйилаётган бир пайтда ишни қандай ташкил этиш лозимлиги ҳақида ҳам батафсил тўхталган.
«Назаримда, одамлар ҳам тоифаларга ажрала бошлади. Пандемия кимнинг кимлигини кўрсатиб қўйдида... Яшириб нима қилдик, дастлабки чоғларда айрим нафс бандалари эл бошига тушган шундай синовли кунлардан ҳам фойдаланиб қолишни ўйлади. Одамларни шилиш пайига тушиб қолганлар ҳам бор эди. Бироқ одамийликни сақлаб қолган, ичи ёруғ ва оқибатли инсонларнинг, ўзбекчилик деган тушунчани тепкиламаган юртдошларимизнинг жуда кўплиги мени қувонтирди» — дейди таниқли драматург Қўчқор Норқобил “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган «Ҳаёт саҳнасида ҳар ким ўзини кўради» сарлавҳали суҳбатда. Ижодкорнинг таъкидлашича, дунё саҳнасида икки хил ҳаёт — яхшилик ва ёвузлик рўбарў келиб тургач, пандемия деган бу офат инсоннинг кимлигини очиб ташлаётган бундай пайтда ёзувчи ҳаётнинг ўзидан олиб, яъни ҳаёт саҳнасини театр саҳнасига кўчирди. “Очиғи, мавзунинг долзарблиги хаёлимга ҳам келмаган, фақат бошига кулфат тушганда одамзод нега бунча тусланади, товланади, деган ўй менга тинчлик бермади. Шу сабабли «Осмоннинг эгаси бор» пьесам орқали одамларга саҳнада ўзини, бугунги ҳаётни кўрсатиб қўйишни ният қилдим”, — дейди Қўчқор Норқобил.
Ҳуқуқий ҳужжатлар одамлар турмуш тарзини яхшилашга, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмас экан, бундай «ўлик» қонунларни қабул қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ. “Народное слово” газетасида берилган Латофат Саилханованинг «Полемика и деталное обсуждение» ("Баҳслар ва батафсил муҳокама”) сарлавҳали материалида ушбу мавзу қаламга олинган. Хусусан, унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлис ҳақида сўз юритилар экан, қабул қилинаётган қонунларнинг амалиётда самарали ишлаши, энг аввало, унинг пишиқ-пухта тайёрланишига, ҳаёт билан узвийлигига бевосита боғлиқлиги таъкидланади.
Ҳаёт муаммою ташвишлардан холи эмас. Ҳар биримиз умримизда ҳеч бўлмаганда бир марта қайсидир масала ечимини излаб давлат идоралари эшигини тақиллатганмиз. Аммо ҳар доим ҳам мансабдорлар юмушимизни осонгина ҳал этиб бермаган. Шу маънода, жойларда Президентнинг Халқ қабулхоналари ташкил этилгани одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда. “Правда Востока” газетасида чоп этилган «Помоч тысячам узбекистанцев» («Минглаб ўзбекистонликларга ёрдам») сарлавҳали материалда шу ҳақда фикр юритилган.
«Суд қарори ижросини таъминламаётган туман ҳокими фаолиятига ким баҳо беради? Қаранг, пандемия шароитида экин эккан, дон етиштириб келаётган 25 фермернинг ерини олиб қўйишмоқда. Агар зарур бўлса, йил охирида малакали мутахассисларни жалб қилиб, ҳақиқий аҳволни ўрганса бўларди-ку...» дейилади “Oʼzbekiston ovozi” газетасида чоп этилган «Ким ҳақ ёки ноҳақ: Шаҳрисабз тумани ҳокимининг шу йил 14 майдаги қарори билан 25 фермернинг ери захирага олиб қўйилди. Нега?» сарлавҳали танқидий мақолда.
«Ахборот тайёрлаш ва тарқатишга монелик йўқ, лекин...» Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг шу номли мақоласида бугун ахборот тарқатувчи ким бўлишидан қатъий назар, инсон ҳуқуқи ва қадр-қимматига ҳурмат билан қарашга бурчли эканлиги, тарқатаётган маълумоти учун жавобгарликни ўз бўйнига олиши ҳақида мулоҳаза юритилади.
Миттигина вируслар ер юздаги катта талафотларга сабаб бўлаётганини айни дамда ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Бутун дунё коронавирусдан ҳимояланиш ва ундан қутилиш чораларини излаяпти. Хўш, тождор вирусгача ҳам жамиятимизга хавф солиб турган бошқа паразитлар бўлганми? Ҳа, бўлган экан! Тождор вирусдан ҳам қудратли, инсоннинг, жамиятнинг заволига сабаб бўлгич, анчадан буён атрофимизда яшаб келаётган, аммо биз ҳали бехабар бўлган минглаб паразитлар бор экан! Миллатнинг жон томири — таълим соҳасига тушган ана шундай вируслардан бири билан “Маърифат”газетасида босилган Ҳумоюн Қувондиқовнинг «Тожсиз вируслар исканжасида» сарлавҳали мақоласида танишасиз.
Мактабда болаларга содда феъл кесим, мураккаб феъл кесим, тўлиқ кесим, нотўлиқ кесим, содда от кесим, мураккаб от кесим, боғлама, кесимнинг турғун бирикмалар билан ифодаланиши, кесимнинг ажралмас бирикмалар билан ифодаланишини ўргатган маъқулми ёки луғатлар билан ишлаш, сўз оламини очиш: сўз ёдлаш, маъносини тушуниш, сўз тарихи билан қизиқиш маъқулми? Она тили дарсидан мақсад ўқувчидан «тилшунос ясаш» эмас, балки уни тилимиз гўзаллигини ҳис қилишга ўргатиш бўлиши керак эмасми? БухДУ доценти Дилором Йўлдошеванинг «Грамматикага ем бўлган ўзбек тили»сарлавҳали материалида шу ҳақда сўз юритилади.
“Hurriyat”газетасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемология назорати давлат инспекцияси бошлиғи — мамлакат Бош давлат санитария инспектори Нурмат Атабеков билан «Коронавирусни тўлиқ енгиш учун балки бир неча йиллар керак» сарлавҳали суҳбат эълон қилинган. Унда инсоният коронавирус пандемиясини қачон енгади, бу офат ҳақиқатан ҳам лабораторияларда ишлаб чиқилганми, одамлар қачонгача ниқобда юришга маҳкум, сингари саволларга жавоб берилган.
«Нима бўлган эди? Ёхуд кондиционер паррагидаги жасад» сарлавҳали мақолада эса яқинда Юқори Чирчиқда жойлашган карантин зонасида вафот этган юртдошимизнинг ўлимига нима сабаб бўлган, у нима учун ўз жонига қасд қилгани ҳақида сўз боради. Бундан ташқари, газета мухбири Гўзал Бегим билан истеъдодли ёзувчи Назар Эшонқулнинг «Китобни унутган авлодга китоб ёзиш изтироби» сарлавҳали суҳбатда Адабиётнинг ўз «сиёсати», ёзувчининг бу майдондаги мавқеи, жамиятда тутган мажбуриятлари юзасидан баҳс юритилади.
“Овози тожик”газетасидан туризм мавзусидаги таҳлил ва мулоҳазалар ўрин олган. М. Шодиевнинг шу мавзудаги материалида коронавирус пандемияси шароитида баъзи минтақаларда сайёҳлик йўналишида олиб борилаётган ишлар қаламга олинган. Жумладан, Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғининг сўлим манзараси ҳар қандай табиат ошуфтасини мафтун этмай қўймайди. Ю. Имомназарнинг «Фежак» номли мақоласида эса Нурота туманидаги Фежак аталмиш дара жозибаси таърифланади.
ЎзА
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг