Бугун Хива шаҳрида IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали старт олади

15:01 26 Апрель 2025 Жамият
199 0

Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»

Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтириш мақсадида, 2019 йилдан буён «Халқаро бахшичилик санъати фестивали» ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур фестиваль илк маротаба 2019 йилда Сурхондарё вилоятида ўтказилган, шунингдек, 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида, 2023 йилда эса Сирдарё вилоятида ўтказилган. Навбатдаги фестиваль эса жорий йилнинг 26-28 апрель кунлари Хивада YUNESKO ва AYSESKO шафелигида IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади.

Фестивалда дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларидан, жумладан, Ўмон, Габон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Кувайт, Малайзия, Мавритания, Миср, Марокаш, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Венгрия, Озарбайжон, Мўғулистон, Сербия, Беларусь, Франция, Афғонистон, Япония, Буюк Британия, Съерра-Леоне, Швеция, Иордания, Швецария, Судан, Туркия, Болгария, Германия, Саудия Арабистони, Тунис, Словакия, Филиппин, Қатар, Покистон ва Ўзбекистондан 200 нафарга яқин бахшилар иштирок этиши кутилмоқда.

Мазкур фестиваль доирасида бугун «II Туркий дунё маданияти форуми» ва «Янги Ўзбекистонда бахшичилик санъати: замонавий тадқиқотлар ва истиқболлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади.

Анжуманда Россия, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли илм масканларидан ташриф буюрган таниқли фольклоршунос олимлар бахшичилик санъати тарихи ва жаҳон маданияти тараққиётида тутган ўрни ҳақида маъруза қилдилар. Шунингдек, анжуманда мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида, илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритаётган фольклоршунос олимлар, бахшичилик ва халқ оғзаки ижоди масалаларига қизиқувчи тадқиқотчилар ҳам соҳага доир илмий-назарий мақолалари билан фаол иштирок этмоқда.

Шунингдек, фестиваль доирасидаги танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларни тақдирлаш учун халқаро танловида ҳакамлар ҳайъати аъзолари таркиби Ўзбекистон, Венгрия, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Қувайт, Мўғулистон давлатлари вакилларидан шакллантирилган.

 

Маълумот учун: «Гран-При» мукофоти — 7 000 АҚШ долларини ташкил этади. 1-2-3-ўринларни қўлга киритганлар учун мос равишда ҳар бир йўналишда 2 та номинация (Достон ижрочилиги йўналиши, Чолғу ижрочилиги йўналиши) бўйича 5 000, 3500, 2500 АҚШ долларидан мукофотланади.

Анжуман якунида бахшичилик санъати истиқболи билан боғлиқ муҳим резолюция қабул қилинади.

Конференция доирасида ташкилий қўмита томонидан яратилган «Бахши айтимлари» тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтади. «Бахши айтимлари» тўплами 100 дона нашр қилинган. Унда халқ достонлари ва терминларини қайси вақтда ижро этилиши, унинг инсон руҳиятига ижобий таъсири тўғрисидаги маълумотлар ўрин олган.

Отабек САИДАҲМАДОВ
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?