Бугун 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати бошланади

14:51 06 Январь 2026 Спорт
362 0

Бугун, 6 январь куни Саудия Арабистони мамлакатда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати мусобақаси старт олади. Турнир 24 январь санасига қадар давом этади. Бугун ушбу турнир ҳақидаги барча маълумотлар билан таништирамиз:

Тарихи

Ушбу турнир дастлаб 2013 йилда 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати номи билан ташкил этилган. Аммо, маълум сабабларга кўра, 2014 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган.

Дастлабки мусобақага Умон Султонлиги мезбонлик қилган. Кейинги мусобақа 2016 йилда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати номи билан Қатар мамлакатда ташкил этилган. Кейинги йилларда ушбу турнирга Хитой, Таиланд, Ўзбекистон, Қатар каби мамлакатлар мезбонлик қилди. Саудия Арабистони ушбу мусобақани ўз ҳудудида қабул қилаётган олтинчи мамлакатга айланмоқда.

Мусобақанинг аҳамияти

U-23 Осиё чемпионати мусобақаси ҳар икки йилда бир ўтказилади. Олимпиада йилида ташкил этиладиган U-23 Осиё чемпионати мусобақаси (яъни, 2016, 2020 ва 2024 йилги мусобақалар) Олимпия ўйинларига йўлланма бериши билан аҳамиятли ҳисобланади.

Бироқ, Олимпиада йилида ташкил этилмайдиган қитъа биринчиликлари (жумладан, бу йилгиси ҳам) ҳеч қайси катта турнирга йўлланма бермайди. Шу сабабли Олимпиада йилларида ташкил этилмайдиган мусобақаларда етакчи жамоалар асосий таркиб билан иштирок этмайдилар. Жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам бу йилги U-23 Осиё чемпионатида мамлакатнинг U-21 терма жамоаси иштирок этишини эълон қилди.

Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг иштироки

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси U-23 Осиё чемпионатларининг барчасида иштирок этган 7 та терма жамоадан бири ҳисобланади. Жамоанинг мусобақадаги дастлабки 2 иштироки омадсиз бўлган.

«Оқ бўрилар» 2014 ва 2016 йилги мусобақалардаги иштирокини гуруҳ босқичида якунлаган.

2018 йил Хитойда ташкил этилган мусобақада эса Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси турнирнинг ғолибига айланган. Таъкидлаш жоизки, ўша йилги мусобақада Ўзбекистон ёшлари Япония (4:0) ва Жанубий Корея (4:1) олимпия терма жамоалари каби қитъа грандларини йирик ҳисобда мағлубиятга учратишни уддалаган.

2020 йил Таиландда ташкил этилган турнирда эса Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Любинко Друлович бошчилигида мусобақада иштирок этди. Якунда жамоа турнирни тўртинчи ўринда якунлади.

Сўнгги 2 та мусобақада эса Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Тимур Кападзе бошчилигида ушбу турнирда иштирок этди. Жамоа ҳар икки мусобақада ўз иштирокини иккинчи ўрин билан якунлади.

Бу йилги мусобақа

Бу йилги мусобақа Саудия Арабистонининг Жидда ва Ар-Риёд шаҳарларида бўлиб ўтади. Ўйинлар қуйидаги 4 та стадионда бўлиб ўтиши режалаштирилган:

• «Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити» стадиони захира майдони;

• «Шаҳзода Файсал бин Фаҳд» стадиони;

• «Шаҳзода Абдуллоҳ Ал-Файсал Спорт Сити» стадиони;

• «Ал-Шабаб» стадиони.

Мусобақада 16 та терма жамоа 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади. Ўзбекистон U-23 терма жамоаси «C» гуруҳидан ўрин олган. Мазкур гуруҳда Равшан Ҳайдаров шогирдларидан ташқари, Эрон, Жанубий Корея ва Ливан олимпия терма жамоалари мавжуд.

«C» гуруҳида гуруҳ босқичи ўйинлари қуйидаги саналарда бўлиб ўтади:

1-тур — 7 январь

2-тур — 10 январь

3-тур — 13 январь

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси гуруҳ босқичидаги барча ўйинларини Ар-Риёд шаҳрида жойлашган «Шаҳзода Файсал бин Фаҳд Спорт Сити» стадионида ўтказади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?