«Бу – Президентнинг топшириғи! Бу – ота-оналарнинг хоҳиш-истаги! Бу – жамиятнинг талаби!»
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли ошириб борилиши таъкидланди.
Шунга асосан энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган «Халқ вакиллари ҳайъати» институти босқичма-босқич жорий этилади.
Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.
«Суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмайди. Шу боис, мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмларни ҳам киритамиз», деди давлатимиз раҳбари.
«Кўряпсизлар, шиддат билан ўзгараётган дунёда гиёҳвандлик хавфи аҳоли генофонди учун энг катта таҳдидга айланиб бормоқда. Афсуски, бугунги глобаллашув даврида бундай хавф-хатар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти», деди Президентимиз.
Наркотик савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса жиноятларни аниқлашда янги усулларни қўллашни, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашни талаб қилмоқда.
Яқинда ушбу масала бўйича Миллий дастур қабул қилинди. Энди наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратилади.
«Юртимиздаги ҳар бир бола, ҳар бир ёш – бизнинг фарзандимиз, уларни гиёҳвандлик чангалига ташлаб қўйишга асло йўл қўймаймиз!
Гиёҳвандликни таг-томири билан буткул йўқотиш, ёшларимизда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш бўйича барча куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз!
Бу – Президентнинг топшириғи! Бу – ота-оналарнинг хоҳиш-истаги! Бу – жамиятнинг талаби!», деди Президентимиз.
Тинчлик ҳукм сурган, қонун устувор бўлган, фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланган жойга инвестиция ҳам келади, бу ерда туризм ҳам ривожланади.
Лекин сўнгги пайтларда ўзини қонундан устун қўйган, тадбиркорларга босим қилиб, уларнинг бизнесини эгаллаб олишга ҳаракат қилаётган, иқтисодиётимизга жиддий путур етказадиган мураккаб молиявий жиноятларни содир этаётган, ўзини «қози» деб ҳисоблаб, одамлар ўртасидаги олди-берди масалаларни ҳал қилиб юрган айрим жиноий тўдалар ҳам кузатилаётгани қайд этилди.
Энг ачинарлиси, «осон пул топаман» деган илинжда билагида кучи бор айрим спортчилар ҳам бундай жиноий тўдаларга қўшилиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди.
Яна бир ёмон жиҳати – Ўзбекистон фуқароларидан иборат жиноий гуруҳлар айрим чет давлатларда ҳам мавжудлиги юртимизнинг халқаро обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда.
«Ҳамма эшитиб олсин: бундай жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади ва буни албатта қиламиз!
Ўзбекистонда фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат бор, Конституция бор, қонунлар бор!», деди давлатимиз раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия этилган бадиий асарлар рўйхати эълон қилинди
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг