Брюссель шаҳрида “Ўзбекистон—Европа Иттифоқи” таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди

11:17 16 Декабрь 2024 Сиёсат
181 0

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон ва Европанинг етакчи таҳлил марказлари билан ҳамкорликда Брюссель шаҳрида “Ўзбекистон—Европа Иттифоқи” таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди.

Форумда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кириш сўзи билан иштирок этди. Тадбир давомида таҳлил марказлари экспертлари томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан муносабатлари кўриб чиқилиб, ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари, хусусан, минтақада икки ва кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Экспертлар томонидан Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида иқтисодий интеграция ва савдони мустаҳкамлаш имкониятлари ҳамда Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик динамикасига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, минтақанинг глобал иқтисодий ва сиёсий жараёнлардаги стратегик роли, жумладан, транспорт ва энергетика йўлакларининг таъсири, барқарор инфратузилмани ривожлантириш, “яшил” ўтиш ва рақамлаштиришни қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар Европа Иттифоқи ва минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва стратегик мулоқотни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Европанинг Осиё тадқиқотлари институтида давом этган мулоқотларда ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари учун янги имкониятлар яратишга ёрдам берадиган барқарор ривожланиш, таълим ва маданий алмашинув соҳасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик, жумладан, трансчегаравий таҳдидларга қарши курашда ҳамкорлик қилиш ва умумий муаммоларни ҳал қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш масалалари ҳақида сўз борди.

Форум доирасида, жумладан, Ўзбекистон таҳлилий марказлари делегацияси вакилларининг Брюссель шаҳрида Қироллик халқаро муносабатлар институти (EGMONT) бош директори Пол Де Витто билан учрашуви ташкил қилинди.

Унда ҳамкорларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Ўз навбатида EGMONT институти бош директори Пол Де Витто мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий модернизация жараёнлари, шунингдек, давлатимизнинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган прагматик ва конструктив ташқи сиёсатини юқори баҳолади.

Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда Ўзбекистон таҳлилий марказлари ҳамда EGMONT институти ўртасида ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш, биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалда татбиқ қилиш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?