Британияликлар етти кунлик саёҳат учун Ўзбекистонни танлашди

16:18 05 Апрель 2018 Жамият
8938 0

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Лондон—Тошкент йўналиши бўйича амалга оширилган HY202 рейси билан бир гуруҳ сайёҳлар “зиёрат” туризми дастури бўйича мамлакатимизга ташриф буюрди.

Бангладеш миллатига мансуб британия фуқароларини Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олишди. Бу ҳақда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК матбуот хизмати хабар тарқатди. 
Қисқа муддатли сафар давомида меҳмонлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларининг қадимий тарихий обидалари билан яқиндан танишиб, мамлакатимиздаги муқаддас қадамжоларини зиёрат қилишади.

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг хориждаги ваколатхоналари мамлакатимизга зиёрат туризми дастури бўйича сайёҳлик оқимини ошириш борасида фаол иш олиб бормоқда. Айни вақтда сайёҳлик компаниялари билан биргаликда, “тўғридан-тўғри” ва транзит туристларни жалб қилиш учун Ўзбекистондаги муқаддас жойларга турли хил қисқа муддатли зиёрат сафарлари ва экскурсион турпакетлар ишлаб чиқилмоқда.

— Сизнинг ажойиб мамлакатингиз таърифи, қадимий архитектура ёдгорликлари, бугунги кунгача етиб келган қадимий анъаналарингиз, урф-одатларингиз ва, албатта, ўзбек халқининг ўзгача меҳмондўстлиги ҳақида кўп эшитганмиз, — дейди саёҳат ташкилотчиси ва гуруҳ раҳбари, Манчестер университети ўқитувчиси Маҳмуд Афзал. — Юртингиздаги муқаддас жойларни зиёрат қилишни ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишишни жуда истардик. Бугун бу имконият бизга насиб этганидан жуда мамнунмиз. Мамлакатингиз бўйлаб етти кунлик сайёҳатимиз давомида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги мақбараларни зиёрат қилишни режалаштирганмиз. 

— Ўзбекистонни ўз кўзим билан кўриш ва суфизм тариқатига оид муқаддас жойларни зиёрат қилиш орзуим бугун ушалгандан жуда хурсандман, — дейди бизнес-маслаҳатчи Кетрин Маэве.  — Узоқ парвоз давомида биздан эътиборини аямаган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” жамоасидан жуда миннатдормиз. Мамлакатингиз буюк сайёҳлик салоҳиятига эга. Серқуёш юртингизнинг маданий мероси бутун дунёдаги сайёҳлар орасида жуда машҳурдир. Бу ерга илк келишим ва сабрсизлик билан минг йиллик тарихнинг бир қисми бўлган Буюк Ипак йўлидаги ноёб қадимий ёдгорликлар билан танишишга ошиқиб кетмоқдаман. Ўзбек миллий таомларини ва дунёга машхур ширинликларни татиб кўришни ҳам жуда хоҳлайман. Ишончим комилки, мен юртингиз ҳақида унутилмас хотиралар билан ватанимга қайтаман.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер