Бозори чаққон, ҳазми енгил

17:52 20 Ноябрь 2025 Жамият
198 0

Бугун хўжаликлар сув ҳавзаларида шиддат билан сузиб юрган ҳар бир балиқ ортида катта меҳнат, пухта парвариш ва илғор технологиялар мужассам. Сурхондарёда сўнгги йилларда балиқчилик шунчалар жадал ривожландики, ҳозир айни шу йўналишдаги ўзгаришлар энг сезиларли натижалардан бирини намоён этмоқда. Кейинги ўн йилликда соҳа маҳаллий бозорни таъминлаш билан бирга, экспорт салоҳиятини ҳам кенгайтирмоқда.

2009 йилда вилоятдаги 77 та хўжаликда бор-йўғи 591 тонна балиқ етиштирилган бўлса, бугунги кунда 255 та фермер хўжалиги жорий йилнинг 9 ойидаёқ 3,6 минг тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарди. Йил якунига келиб 7,1 минг тоннага эришиш режалаштирилган. Бу рақамлар тармоқ ривожининг қай даражада тез суръатларда ўсиб бораётганини кўрсатади.

Табиий иқлими, қуёшли об-ҳавоси ва етарли сув ресурслари туфайли Ангор тумани балиқчиликни ривожлантириш учун энг қулай ҳудудлардан бири саналади. Кейинги йилларда бу ерда бирин-кетин янги лойиҳалар амалга оширилиб, тармоқ имкониятлари сезиларли суратларда ўсмоқда.

Айни вақтда Ангорда 21 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. 81 гектар майдонда балиқ етиштириш кўллари ташкил этилган. Шундан 6 гектари тадбиркор Фарҳод Раҳмонов хўжалигига тўғри келади. Бу ерда ҳар йили 15 мингдан зиёд чавоқ ташланиб, тахминан 30 тонна маҳсулот етиштирилади.

— Хўжалигимизда 12 та доимий иш ўрни мавжуд, — дейди иш юритувчи Соатмурод Йўлдошев. — Балиқ етиштириш билан бирга увулдириқ олиш ҳам йўлга қўйилган. Кислород насослари, автоматлаштирилган ем бериш қурилмалари, ҳарорат ва сув таркибини назорат қилувчи тизимлар юқори самара беряпти. Балиқларимизнинг вазни 2 килодан 4 килограммгача.

Дарҳақиқат, табиий усулда балиқ етиштириш биологик муҳитга таянса, интенсив усулда замонавий технологиялар асосий ўрин тутади. Сурхондарёда соҳа ривожини тезлаштираётган омиллардан бири ҳам ана шу технологияларга таянилганидир.

Ангор туманида сўнгги йилларда амалга оширилган учта йирик лойиҳа ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширди. 2024 йилда 422 тонна балиқ етиштирилган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида 343 тонна маҳсулот бозорга етказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112 фоиз ўсганини ижобий баҳолаш мумкин.

— Ҳудудимизда асосан балиқнинг уч тури етиштирилади, — дейди Ангор тумани Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассиси Тошпўлат Шафоатов. — Аҳолининг йиллик эҳтиёжи тахминан 300 тонна. Қолган маҳсулот ташқи бозорларга чиқарилмоқда. Балиқчилик хўжаликларида юздан зиёд одамнинг иш билан таъминланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Сурхондарёда балиқчиликнинг барқарор тармоққа айланишига, аввало, тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар ва енгилликлар асос бўлмоқда. Иккинчи томондан, маҳаллий ишбилармонларнинг ташаббуси, меҳнати ва замонавий технологияларни ўзлаштиришга бўлган интилиши соҳа ўсишини тезлаштирмоқда.

Табиий иқлим, соф сув ва тинимсиз меҳнат бор ерда, албатта, барака ҳам бўлади. Ангорликлар бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш орқали юқори самарага эришиш мумкинлиги амалда исботламоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер