Бўзатов ёш истеъдодларни кашф этмоқда

22:08 11 Май 2022 Жамият
765 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун юртимизнинг турли ҳудудларидан иқтидорли, санъатга ошуфта ва бадиий диди юксак ёшларимиз олис Оролбўйининг Бўзатовига жам бўлган. Гап шундаки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 октябрда Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи чоғида илгари сурган ташаббуси доирасида Бўзатов туманида «Республика ёшлар овози» фестивали иккинчи бор ёш истеъдодларга ўз бағрини очди.

Ўтган йили илк маротаба ташкил этилган ушбу санъат байрамида 10 минг нафар йигит-қиз иштирок этган бўлса, жорий йилда фестиваль доирасидаги танловларда 238 мингдан зиёд ёшлар қатнашиш истагини билдириб, электрон рўйхатдан ўтган.

Эътиборлиси жорий йилги танлов 5 босқичда ўтказилиб, йўналишлар сони ҳам оширилди ва ёшларнинг ўз иқтидорларини кўрсатиш имконияти кенгайди. Дастлаб маҳалла, сўнг туман-шаҳар ҳамда вилоят босқичларида ғолиб бўлган 1 минг 725 нафар иштирокчи орасидан ҳудудий босқичда сараланган энг пешқадам йигит-қизлар республика босқичида иштирок этиш учун Қорақалпоғистонга келди.

Нукус шаҳридаги амфитеатрда фестивалнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳраман Сариев иштирок этди.

Тадбир доирасидаги гала-концерт ёшларга янада кўтаринкилик бахш этди.

— Наманган вилояти бўйича танловнинг қуйи босқичларида 21 минг нафар тенгдошларимиз иштирок этди, — дейди наманганлик Дилором Аҳмаджанова. — Улар орасидан сараланган 11 нафар иштирокчи қаторида, мана, мен ҳам Бўзатовга келдим. Тайёргарликлар аъло. Тадбирнинг очилиш маросими ҳам жуда юқори савияда ўтди. Ўйлайманки, бу тадбир янги овозларни кашф этиш билан бирга биз, ёшларни катта саҳналарда ўз санъатимизни намойиш қилиб, янги имкониятларни қўлга киритишимизга замин яратади.

Тадбир иштирокчилари Нукус шаҳрида И. В. Савицкий номидаги қорақалпоқ давлат музейи ва бошқа диққатга сазовор масканларга саёҳат қилиш имконига ҳам эга бўлдилар.

— Айнан Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу фестиваль мамлакатимиз навқирон авлод вакилларини изланиш, интилиш ва юксак марралар сари руҳлантирмоқда, — дейди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Икрам Абдикаликов. — Бу гал мамлакатимиз бўйлаб ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 152 нафар иштирокчи бахшичилик, анъанавий ижро, опера ҳамда эстрада йўналишларида уч ёш (10-15 ёш, 16-22 ёш, 23-30 ёш) тоифасида беллашадилар.

Фестиваль 15 майга қадар давом этади. Республика босқичи тўлиқ телевизион форматда тасвирга олинади. Жонли муҳит яратиш мақсадида созандалар гуруҳи, концертмейстер томонидан ҳар бир иштирокчининг ижро этадиган асарига мос куй шу жойнинг ўзида ижро этилади. Ғолиблар номлари эса Бўзатов туманида бўлиб ўтадиган якуний гала-концертда эълон қилинади.

Маълумот учун. «Республика ёшлар овози» фестивалида тегишли йўналишларда 1-ўринни эгаллаган ғолибларга 50 миллион сўмдан, 2-ўрин соҳибларига 30 миллион, 3-ўрин эгаларига 20 миллион сўмдан, шунингдек, қолган иштирокчиларга 10 миллион сўмдан пул мукофоти берилади.

Ғ.Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер