Бўш объектлар — янги иш ўринлари ва имкониятлар

15:52 14 Январь 2026 Жамият
154 0

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида вилоятда бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланиш юзасидан ўтказилган йиғилишда ушбу активларни иқтисодий айланмага киритиш орқали тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидландики, хусусийлаштириш дастурлари доирасида белгиланган режалар бажарилгани билан бирга, айрим давлат активлари узоқ вақтдан бери аукцион савдоларида сотилмасдан келаётгани танқид қилинди. Хусусан, Мирзаобод туманида жойлашган “Гулистон 2535-сонли автожамланмаси” МЧЖ ҳамда “Best xarvest garden” МЧЖнинг давлат улушлари баҳоланган нархлари сезиларли даражада пасайтирилганига қарамасдан бир йилдан ортиқ вақт мобайнида сотилмаган. Бундай ҳолат Сирдарё туманида ҳам кузатилаётганлиги таъкидланди.

Йиғилишда ноқишлоқ ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Вилоят бўйича умумий кўрсаткичлар ижобий бўлса-да, айрим туманларда ерлар 6 ойдан ортиқ вақт давомида сотилмасдан қолиб кетаётганлиги танқид қилинди. Ҳар бир объектни тайёр лойиҳа шаклида аукционга чиқариш бўйича кўрсатма берилди.

– Бўш объектлар — янги иш ўринлари ва имкониятлар, ишламай турган иқтисод – , деди Эркинжон Турдимов. – Йиғилиш якунида масъулларга узоқ вақт сотилмаётган объектлар бўйича алоҳида таҳлил ўтказиш, ҳар бир активни аниқ лойиҳа билан инвесторларга таклиф этиш ҳамда натижа учун шахсий жавобгарликни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?