Бош мақсад — ёшларни касбга йўналтириш ва уларнинг бандлигини таъминлашдир

21:56 09 Апрель 2021 Иқтисодиёт
995 0

Жорий йилнинг 5 апрель куни “kun.uz” сайтида «Ерни эгасига бериш керак, деҳқоннинг ишига ҳеч ким аралашмаслиги шарт. Таҳлил ва таклиф» номли мақола эълон қилинди.

Мақолада нега 4 миллион гектарга яқин экин ерларимиз бўла туриб, қишлоқ аҳолиси Россияда қора ишчи бўлиб юргани, кимдир бир парча яроқсиз ерида халқини тўйғазиб, яна мева-сабзавотни экспорт ҳам қилаётгани, юртимизда эса шунча ер ва унда ишлашни истайдиган фуқаролар кўп бўлишига қарамай улар ўзгаларга хизматкор қилиб қўйилгани баён этилган. Деҳқонларнинг устида мингта мансабдор туриб, уларни эркин ишлашларига йўл қўйилмаётгани таъкидланган.

Деҳқоннинг ҳақ-ҳуқуқи гўё илашиб турган қуриган барг каби – ҳар қандай лаҳзада узилиб тушиши ва топталиши, маҳаллий ҳокимиятларнинг қўштирноқ ичидаги назорати остида фаолият юритадиган фермерларнинг ерлари ҳар қандай вазиятда олиб қўйилиши мумкинлиги тилга олинган.

Шу ўринда айтиш лозимки, юртимизда ҳар бир фуқаронинг ўзи хоҳлаган соҳада меҳнат қилиши, ўзи хоҳлаган соҳа бўйича шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган, имкониятлар етарли. Хусусан, ўз бизнесини бошлаш истагида юрган йигит-қизларга деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик ва тадбиркорликнинг бошқа турлари билан шуғулланиши учун уларга имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда республикамизда 233 647.3 гектар ер майдони ёшларга ажратилиши режалаштирилган бўлиб, шу йил 6 апрель ҳолатига кўра, 51 682 гектар ер майдонлари ёшларга ажратиб берилиши натижасида 239 816 та иш ўрни яратишга эришилди. Янги ер майдонлари ўзлаштирилиши, лалми ерларга қудуқ қазилиб, сув чиқарилаётгани боис ёшларимиз бодом, ёнғоқ, гилос, олма, шафтоли, нок кўчатлари экиб, кўчатлар остида қовун, тарвуз, ошқовоқ, ловия, мош, ерёнғоқ уруғлари қадаяпти.

Агар Хитойда 8 сотих ери бор одам бадавлат ҳисобланса, бизнинг қишлоқларимизда бундан ҳам катта томорқалар бор. Шу сабабли серҳосил еримиз бор экан, ундан доимо унумли фойдаланишимиз, меҳнат қилиб даромад олишимиз керак. Негаки, ҳозирги оғир шароитда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш кўп жиҳатдан ердан оқилона фойдаланишимизга боғлиқ.

Бу борада юртимизда экин ерларидан самарали фойдаланиш, ер эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, уларда шахсий масъулият ва жавобгарлик ҳиссини ошириш, қишлоқда фуқароларнинг бандлиги ва фаровонлигини ошириш, соҳа равнақига тўсиқ бўлаётган камчиликларни узил-кесил бартараф қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Соҳага оид қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар эса ернинг ҳақиқий эгаси сифатида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаб бериш билан бирга, уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектлар сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликнинг такомиллаштирилиши ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши, шубҳасиз, аграр тармоғини янада ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Унга мувофиқ, 18 ёшга тўлган, муомалага лаёқатли бўлган, ўзига деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида берилган Ўзбекистон фуқароси ёки Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкин. Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган ўлчамда бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) берилиши белгиланди.

Эндиликда деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини ҳамда деҳқон хўжалиги ўзи ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бозордаги талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб нархларни ҳам мустақил равишда белгилайди.

Дунёда аҳоли сонининг ўсиб бориши, экин ерлар ва сув ресурсларининг чекланганлиги, айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва табиий офатлар натижасида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш барча мамлакатларда энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бундай пайтда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган талабини қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашда томорқа ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланиш энг тўғри ва самарали йўлдир.

Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунда республика бўйича 5,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 502 минг гектар экин ерларидан фойдаланиб келмоқда. Охирги тўрт йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор қарорлар қабул қилинди. Қонунларимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб такомиллаштирилгани натижасида экин еридан самарали фойдаланган томорқа ер эгаларини рағбатлантириш механизми жорий этилди.

Хусусан, 2018 йил 24 декабрда қабул қилинган (ЎРҚ-508) қонун билан Солиқ кодексининг 311-моддасига ўзгартириш киритилиб, деҳқон хўжаликлари аъзолари ҳамда 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар йилига суғурта бадалларини энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорда тўлаш орқали бир йил меҳнат стажига эга бўлиши белгилаб қўйилди. Мутлақо янги тизим асосида, уйма-уй кириб, томорқага экин экишни тарғибот қилиш ишларига кенг жамоатчилик жалб қилинди.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 2018 йил 26 апрелда қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, ҳозирда ушбу жамғарма деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Мисол учун, Жамғарма томонидан 2018-2021 йилларда жами 570 млрд сўм, шундан 310 млрд сўм аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, 147 млрд сўм «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун йўналтирилди. Туманларда ташкил этилган 400 дан ортиқ «Томорқа хизмати» корхоналари томонидан аҳолига уруғлик, кўчатлар етказиб бериш, техника, кимёвий ишлов ва бошқа хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.

“kun.uz” сайтида эълон қилинган мақолада тадбиркорликка лаёқатли кишилар учун имкон қадар яхшироқ шароит яратиш кераклиги, кўплаб оилалар ерда ишлаб ижод қилиши, изланиши, ўсиб келажакка режалар қилиши, фарзандлари келажагини шу замин билан боғлаши қайд этилган. Қишлоқ ёшлари берилган имкониятлардан фойдаланмай келаётгани, мустақил деҳқон бўлишни, ҳокимлар тазйиқи ва аралашувидан ҳоли фаолият юритишни орзу қилишлари билдирилган.

Бугун янги Ўзбекистонда ёшларга муносабат бутунлай ўзгарганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Президентимиз ҳам Олий Мажлисга мурожаатномаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида ёшлар муаммолари ҳамда уларни бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратади.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб жорий йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз раҳбари бу масалага яна бир бор тўхталиб, Мурожаатномада айтилган таклифларни амалга ошириш, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.

Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – «темир дафтар» тизими жорий этилиб, қисқа муддатда бу тизим орқали кўплаб фуқароларимизнинг бандлиги таъминланди.

Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди. Ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар, уларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш, касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилиши юртимизда эртамиз эгаларига бўлган эътиборнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилиши, фермер ва деҳқонлар учун кенг имкониятлар яратилиши миришкорларимиз учун катта рағбат бўлди. Чунки манфаатдорлик ва адолат бўлган жойда, албатта, ўзгариш ва ўсиш бўлади, одамлар ҳаётдан рози яшайди.

Яна бир гап. Мамлакатимиз аграр соҳада ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш энг асосий масалалардан саналади. Шу боис, ер муносабатларини ҳуқуқий асосда ривожлантириш ва тартибга солиш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш мақсадида Ер кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Айтиш керакки, амалдаги Ер кодекси 93 та моддадан иборат бўлиб, ундан 8 та модда талабларга жавоб бермаслиги сабабли янги таҳрирдаги Ер кодекси лойиҳасидан чиқарилди. Лойиҳада 63 та янгидан модда киритилган бўлиб, унда ерларнинг турлари, ерларни бир турдан бошқа турга ўтказиш асослари, ер участкасини бўлиш, ажратиб чиқариш, ер участкаларни бирлаштириш, ер соҳасини тартибга солиш ва Давлат ер кадастри соҳасидаги янги тушунчалар ўз ифодасини топган.

Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни чеклаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича нормалар билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, амалдаги кодексда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш механизмлари тартибга солинмагани, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ажратишда очиқлик ва шаффофлик таъминланмагани, жумладан, фермер хўжаликларидан ташқари бошқа тадбиркорлик субъектларига ер ажратиш масаласи белгиланмагани жуда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган бўлса, янги таҳрирдаги Ер кодекси лойиҳасида юқоридаги камчиликлар бартараф этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси бир қатор вазирлик ва идоралар билан биргаликда янги кодекс лойиҳаси устида ишлаб, уни янада такомиллаштириш бўйича иш олиб бормоқда. Ўз навбатида, жойларда аҳоли билан мулоқотлар чоғида соҳага қонун лойиҳаларини жойларга чиқиб, омилкор одамларимиз билан очиқ мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш, таклифларини қонун ижодкорлиги жараёнида эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қиляпти. Зеро, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш биз учун энг муҳим вазифалардан биридир.

Бир сўз билан айтганда, ёшлар бандлигини таъминлашнинг энг самарали усулларидан бири бу – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўлса, иккинчиси –деҳқончилик қилиш учун уларга ер ажратишдир. Шу боис, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилишлари учун кредитлар ажратишда биз уларга энг яқин кўмакчи бўляпмиз. Бош мақсадимиз ҳам ишсиз ёшлар учун муносиб шароит яратиш, уларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлашдан иборат.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?