Болажонларга қувонч улашилди

13:08 02 Июнь 2025 Жамият
106 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан Қумқўрғон туманидаги ногиронлиги бўлган болалар учун мўлжалланган «Мурувват» интернат уйида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Юлдашев ва бошқалар мамлакатимизда болажонларга алоҳида эътибор қаратилаётганини, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, таълим олиши, соғлом ва бахтиёр ҳаёт кечириши учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади.

Қумқўрғондаги «Мурувват» уйида 145 нафар ўзгалар ёрдамига муҳтож болажонга 200 дан ортиқ ходим тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиб, уларни ҳаётга мослаштиришга кўмаклашмоқда. Замонавий реабилитация воситалари билан жиҳозланган масканда 16 нафар ўғил-қиз кундузги парвариш ва тарбия хизматидан баҳраманд бўлиб, кун давомида реабилитациядан сўнг оиласи бағрига қайтмоқда. Бу эса болаларнинг жамиятга интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир доирасида болажонлар ўртасида ўтказилган параспорт беллашувларида улардаги шижоат, ғалабага бўлган интилиш, бирдамлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳисси яққол намоён бўлди. Спорт беллашувлари уларнинг қалбида ҳаётга муҳаббат, яшашга иштиёқ ва келажакка ишонч каби эзгу туйғуларни мустаҳкамлади.

Байрам тадбири «Мурувват» уйи тарбияланувчилари ва устозларининг саҳна кўринишлари, дилрабо куй ва қўшиқлари билан янада файзли бўлиб, болажонлар ва уларнинг ота-оналарига кўтаринки кайфият бахш этди.

Тадбир сўнгида вилоят божхона бошқармаси томонидан тарбияланувчиларга байрам совғалари улашилди. Параспорт мусобақаларида фаол иштирок этган болажонлар кубок ва медаль билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер