Боланинг қулоғи оғриётганини қандай билиш мумкин?
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шавкат Амонов билан суҳбат эълон қилинди.
— Баъзи чақалоқлар тез-тез бошини ирғитиб йиғлайди, бу қулоқ оғриғи белгиси бўлиши мумкинми? Боланинг қулоғи оғриётганини қандай билиш мумкин?
— Йўқ, бу қулоқ оғриғи белгиси эмас. Агар боланинг қулоғи шамоллаган бўлса, дастлаб бурни оқади, кўзидан ёш келади, ҳарорати ошади, қулоқ оғриғи кучайиши сабабли онасини эмолмайди. Агар шундай белгилар бўлмасдан бош ирғитса, бу бошқа касалликлардан нишона. Масалан, рахит ёки аллергик тошмалар чиқса ҳам бола бошини чайқайди. Бундай вазиятда болани педиатр ва бошқа тегишли тор мутахассислар кўригидан ўтказиб, аниқ ташхис қўйиш керак.
— Қулоқ пардаси тешилишининг сабаби нимада, у қайта тикланадими?
— Кўпчилик қулоқ пардасининг тешилишига фақат жароҳат сабаб бўлади, деб ўйлайди. Бироқ бунга жароҳатдан ташқари ўрта қулоқдаги ўткир яллиғланиш жараёни, баротравма, экссудатив ўрта отит каби қулоқ касалликлари сабаб бўлиши мумкин. Қулоқ пардаси тешилмаслиги учун қулоқ тозалаганда қулоқ тозалагични ичкарироқ киритмаслик, қулоққа қаттиқ бақирмаслик керак. Бурун ва бурун ёндош бўшлиқлари яллиғланишини даволаш ўрта қулоқ хасталигининг олдини олишда муҳимдир. Кўпчилик қулоқ пардаси тешилса, тикланмайди, деб ўйлайди. Бироқ қулоқ пардаси жароҳатдан сўнг кўп ҳолларда тикланади. Аммо пардаси тешилиб, ўрта қулоқдан йирингли ажралма оқса, парданинг тикланиши эҳтимоли кам бўлади.
Қулоқ пардаси тешилганда уни тиклаш амалиёти — «мирингопластика» ёки тимпанопластика амалга оширилади. Шундагина эшитиш қобилияти яна тикланади.
— Боланинг бурни қонаши нимадан бўлади?
— Бурун қонаши қон кетиши билан кечувчи касалликлар ичида биринчи ўринда туради. Умумий ЛОР касалликлари ичида эса бу хасталик 3-5 фоизни ташкил этади. Бурун тўсиғи олд қисмидаги томир чигали жуда юза жойлашганлиги сабабли буруннинг тез қонашига олиб келади ва 90 фоиз қон ушбу соҳадан кетади. Қон кетишига яна бир сабаб бурун ичининг шикастланиши бўлиб, ҳаттоки, бола бурнини енгилгина кавлагани учун ҳам шиллиқ қават жароҳатланиши мумкин.
Бурун ичига ёт жисм тушиши натижасида ҳам болаларнинг бурнидан қон кетади. Одатда бундай ҳолатда бурундан қон ажралма аралаш келади. Бир неча кун ёт жисм ушбу аъзо ичида қолиб кетса, боланинг нафас олиши қийинлашиб, ундан бадбўй ҳид келишни бошлайди.
— Томоқ оғриғи вирусли касалликми ёки бактериялар туфайли келиб чиқадими?
— Катталарда томоқ оғриғининг 50-95 ва болаларда 70 фоизи вируслар туфайли келиб чиқади: булар аденовируслар, грипп ва герпес вирусларидир. 20 фоиздан камроқ ҳолатларда томоқдаги оғриқнинг сабаби бактериялар, улардан энг кўп ҳолатларда стрептококклар ва стафилококклар бўлиши мумкин. Қолаверса, ўта совуқ ёки ўта иссиқ ҳарорат, ифлосланган ҳаво, совуқ таомлар ва ичимликлар, кимёвий моддалар, чекиш ҳам томоқ оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Бу борада энг яхши профилактика – гигиенага эътибор беришдир. Соғлом турмуш тарзи организмнинг юқумли касалликларга ва бошқа касалликларга нисбатан юқорироқ курашиш қобилиятини таъминлаши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг