Болани вояга етказиш ва тарбиялаш бўйича мажбурият аниқ белгиланиши зарур
Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак, деган эзгу мақсад жамият ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олмоқда. Юртимизда кечаётган туб ўзгаришлар ва янгиланишлар жараёнида ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни эса ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода, белгиланган эзгу мақсад ва вазифаларга эришиш учун қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурати бор, десак айни ҳақиқат. Парламент, хусусан, Сенат фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлган ана шу жиҳат сенаторларнинг доимий эътиборида бўлиб келаётир.
Боз устига тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида ҳам белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 5 август куни бўлиб ўтган йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари атрофлича муҳокама қилинишидан кўзланган асосий мақсад ҳам олдимизга қўйилган вазифаларга эришишдан иборатдир.
Айтиш лозимки, мониторинг ўтказишга бир қанча омиллар сабаб бўлди. Яъни сенаторларнинг жойлардаги ўрганишлари, аҳоли билан бевосита мулоқотлари ҳамда қонунлар ижросининг ҳолати юзасидан ўтказилган таҳлиллар ушбу масалани кун тартибига олиб чиқди.
Хусусан, қўмитамиз томонидан амалдаги қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинглар натижалари бўйича ўтказилган ўрганишлар жараёнида ҳам бу борада муайян камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди. Масалан, айрим қонунларни амалга ошириш механизми аниқ белгиланмаган, кўплаб ҳаволаки нормалар мавжудлиги боис соҳалар асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда, шунингдек, айрим қонунлардаги нормалар бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган нормаларга зид. Бу эса фуқароларимизнинг ортиқча оворагарчиликларига сабаб бўлмоқда.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун хусусида ҳам айни шу фикрни айтиш мумкин.
Гап шундаки, ушбу ҳужжат қабул қилинганига 15 йилга яқин вақт ўтган бўлиб, унда 10 дан ортиқ ҳаволаки нормалар мавжуд. Камига, бу йўналишни тартибга солишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларидаги нормалар бир-бирини такрорлайди. Бу эса мазкур соҳадаги муносабатлар асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинишига олиб келмоқда.
Қолаверса, Қонунда болада ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган бўлса-да, унинг механизмлари аниқ белгиланмаган.
Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг болани вояга етказиш ва тарбиялаш бўйича мажбуриятлари назарда тутилмаган, ота-оналар ёки улар ўрнини босувчи шахслар томонидан бола соғлиғи ва ривожланишига зарар етказувчи ахборот ёки маълумотдан ҳимоя қилинишига оид нормалар ҳам мавжуд эмас.
Яна бир муҳим жиҳат – дўконлар, савдо марказлари ва бозорларда сотувга қўйилган маҳсулотларнинг ҳамда улар рекламаларининг ваколатли давлат органи томонидан болаг соғлиғи ва дунёқарашига зарари юзасидан доимий назорат ўрнатиши билан боғлиқ масала ҳам очиқ турибди.
Энди халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва тажрибага юзланадиган бўлсак, БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциясида ҳам ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи вакиллар болалар уларнинг соғлиғи ёки дунё қарашига зарар етказмайдиган ахборот ёки маълумотдан фойдаланишига жавобгар эканлиги белгиланган.
Бундан ташқари, хорижий давлатлар, хусусан, Россия Федерациясининг қонунчилигида боланинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) бола ёшини ҳисобга олган ҳолда ва боланинг муомала лаёқати доирасида, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишда ёрдамлашиши, Грузия Республикаси қонунчилигида ваколатли давлат органлари ўсмирларга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, танқидий фикрлашни ривожлантиришга, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашга кўмак кўрсатиши, Финляндия қонунчилигида эса ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болани вояга етказиш ва унга ғамхўрлик қилишга мажбур эканлигига оид нормалар белгилаб қўйилган.
Биз сўз юритаётган Қонунда юқорида қайд этилган масалалар назарда тутилмаганлиги амалиётда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаришидан ташқари, аҳолининг ортиқча оворагарчилигига ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боис мазкур Қонунни манфаатдор идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, амалиётчилар, мутахассислар ҳамда хорижий экспертлар билан биргаликда тўлиқ ўрганиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Зеро, мақсадимиз ҳар жиҳатдан етук авлодни камолга етказиш экан, унинг ҳуқуқий асосини бугунги кун талаби даражасига такомиллаштириш ниҳоятда долзарб.
Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси раиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг