Бобур шаҳрида рассомлар фестивали ўтказилади

14:17 16 Апрель 2025 Сиёсат
177 0

Фото: «Халқ сўзи»

Хабарингиз бор, кеча, 15 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Андижон шаҳрини Бобур шаҳри деб номлаш бўйича катта ташаббусини илгари сурди.

Давлат раҳбари раислигида бугун, бўлиб ўтаётган йиғилишда Бобур бобомиз сиймосини абадийлаштириш мақсадида улуғ аждодимиз ва унинг авлодлари бунёд қилган тарихий обидаларнинг кичиклаштирилган нусхаларидан иборат тематик парк барпо этилиши қайд этилди.

Шунингдек, Президент ҳар йили Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ўтказишни таклиф қилди. Ғолибларга автомобиль берилади.

Умуман, мутасаддиларга шаҳарни маърифат ва маданият марказига айлантириш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

«Икки кун давомида Андижондаги бўлаётган ўзгаришлар билан танишдим. Шу билан бирга, вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, ободонлаштириш ва инфратузилмаси учун мисли кўрилмаган миқдорда маблағ ажратиляпти. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган», деди давлатимиз раҳбари.

Айтилган барча ташаббуслар Андижондаги ҳар бир хонадонгача кириб бориши, ажратилаётган ҳар бир сўм маблағ камида ўн сўм бўлиб қайтиши учун мутлақо янги назорат тизими жорий қилиниши белгиланди.

Тегишли идораларга ҳар бир топшириқ ижросидан тортиб, раҳбарларнинг аҳоли ва тадбиркорлар билан муомаласигача қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ишларини кучайтириш вазифаси қўйилди, Андижонга янги тайинланган вилоят прокурори ва ички ишлар бошлиғининг бу борадаги масъулияти белгиланди.

«Биз бошлаган ислоҳотлар, бу – фақат рақамлар ёки ҳисоботлар эмас. Бу – ҳар бир оила, ҳар инсон ҳаётида сезиладиган, фаровонлик ва тараққиёт сари йўналтирилган ҳақиқий ўзгаришлардир.

Бугун ҳам Андижонда кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга кўтариш бўйича энг муҳим вазифаларни белгилаб олдик. Аҳоли ва тадбиркорлар кайфиятига таъсир кўрсатадиган барча масалаларга тўхталиб, вилоят учун зарур маблағларни ҳам ҳал этдик.

Агар барчамиз бир бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб иш олиб борсак, ютуқларимиз янада кўпаяди, биз забт этолмайдиган марранинг ўзи бўлмайди, Андижон янада обод бўлади, мен бунга ишонаман!», деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.

Йиғилишда вилоят ва республика мутасаддиларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?