Бобур ҳайкали қаерга кўчирилади?

16:17 09 Январь 2025 Жамият
74 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Ижтимоий тармоқда тарқалган “Андижонда Бобур ҳайкали кўчирилармиш” қабилидаги шов-шувли хабар нафақат андижонликларни, балки аксарият ҳамюртларимизнинг эътиборини тортди. Айниқса, унинг ўрнида кўп қаватли тураржой бинолари қад ростлаши тўғрисидаги “миш-миш”лар ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Хўш, аслида нима гап?

Аввало ҳайкал ҳақида

Ушбу ҳайкал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 23 июндаги “Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ясалган. Бунинг учун дастлаб вилоят фаолларидан ҳайкалнинг кўриниши, шакли, маъноси юзасидан фикр олинган. Табиийки, барча Бобурнинг шоир сифатидаги сиймосини таклиф этган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Турсуной Содиқова эса Бобур энг аввало, шоҳ, суворий бўлганини, ҳайкални яратишда ана шу жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган. От минган суворий кўринишидаги Бобур ҳайкали шу тариқа вужудга келган.

Ҳайкал аввал ҳам кўчирилган...

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзига хос санъат асари даражасидаги ҳайкали дастлаб 1993 йили Андижон шаҳридаги вилоят ҳокимлиги биноси олдига ўрнатилган. У вилоят маркази қиёфасига кўрк бериш билан бир қаторда аҳоли учун ифтихор рамзи, ёшлар учун эса ғурур тимсоли вазифасини ўтаган. Шу боис унинг атрофи ҳамиша одамлар билан гавжумлашган.

2005-2006 йилларда республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таклифи билан ҳайкал ҳозирги манзилга — темир йўл вокзали рўпарасига кўчирилган. Меҳмонлар учун Андижон шаҳри поезд ва автобус шоҳбекатларидан бошланиши инобатга олиниб, вилоят марказига қадам ранжида қилган кишининг кўзи поезддан тушибоқ Бобур ҳайкалига тушиши керак, гўёки, Бобур меҳмонларни ўз юртида қарши олаётгандек туюлиши мақсад қилинганди.

Аввал Конституция майдони сифатида фаолият олиб борган жойда бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Ҳайкалнинг салобатини ошириш учун майдон салкам бир метр юқорига кўтарилган ва кейинчалик Бобур майдони, деб атала бошланди. Энди у Заҳириддин Муҳаммад Бобур руҳини шод этибгина қолмасдан шаҳар кўрк-кўрк бера бошлаганди.

Фаоллар қандай муносабат билдирган эди?

Бобур номидаги майдон Амир Темур шоҳкўчасида жойлашган бўлиб, уни шаҳардаги яна бир йирик кўча Бобур шоҳкўчаси билан темир йўл вокзали ажратиб туради. Ҳар иккала кўчанинг оралиқ масофаси 300-400 метрдан иборат бўлса-да, бироқ автомобилда айланиб ўтиш учун салкам 10 км. йўл босишга тўғри келган. Қулайлик яратишнинг ягона йўли эса темир йўл вокзали ва темир йўл устидан ўтувчи кўприкни барпо этишдир.

Бу ғоя аввал мавжуд эди. Тегишли идораларга таклиф ҳам киритилган. Бироқ сўровлар жавобсиз қолаверган. Андижонликлар ушбу лойиҳа вақти келиб, албатта, амалга ошишига умид қилганлар. Шу боис 2006 йили Бобур ҳайкали кўприк қурилиши мумкин бўлган йўлнинг шундоқ ёқасидаги манзилга кўчирилиши режалаштирилганида фаоллар орасида эътироз билдирувчилар ҳам топилган. Сабаби, агар кўприк қурилса Бобурнинг ҳайкали унинг соясида эътибордан четда қолиб кетиши мумкин эди.

Таклиф этилаётган лойиҳа жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди

2024 йилнинг ноябрь ойида ижтимоий тармоқларда Бобур ҳайкали шаҳарнинг Регистон майдонига (бу майдоннинг нима учун Регистон номи билан аталиши алоҳида мавзу) кўчирилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бунга республикадаги вазирлик ва тегишли идораларга келишиш учун юборилган “Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси асос қилиб олинган эди. Унинг 16-бандида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини Андижон шаҳридаги Регистон майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер участкасида 90 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағлари ҳисобига 2 та 16 ва 20 қаватдан иборат бинолар қад ростлаши баён этилган эди.

Ушбу хабар яшин тезлигида тарқалди ва жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Ҳатто туркиялик олим Темур Хўжа ўғли ўз номасида “Андижондан Афғонистон ва Ҳиндистонга боришга мажбур бўлган Бобур Афғонистонда ватан соғинчида вафот этади. Ҳозир эса унинг ҳайкали ўрни ўз мамлакатида учинчи бор ўзгартириляпти. Бу унинг хотирасига нисбатан ҳурматсизлик белгисидир”, деб ёзди.

Муаммо ҳайкалнинг кўчирилишидами ёки уй қурилишида?

Жамоатчилик вакиллари ижтимоий тармоқ орқали ўз чиқишларида ушбу лойиҳани рад этиш зарурлигини маълум қилдилар. Уларнинг таъкидлашича, ҳайкал ўрнида иккита тураржой биноси қад ростлайди ва бу шаҳар кўркини ҳам бузиши мумкин. Аксарият фикрларнинг маъноси эса бир хил: “Оёқ қўйганики, жой топилса “дом” қуриляпти. “Домфуруш”лик ортидан ҳатто ҳайкални кўчиришгача боришмоқда”.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди. Унда ушбу манзилда кўп қаватли тураржой биноси эмас, балки савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва аҳолига хизмат кўрсатувчи шохобчалар ташкил этилиши кўзда тутилганлиги, бироқ аҳоли учун кўп қаватли уй қурилиши назарда тутилмаганлиги маълум қилинган.

— Мавзуга доир фикрларни эринмай ўқиб чиқдим, — дейди меҳнат фахрийси Одилхон Сойибназаров. — Афсуски, ҳамюртларимизни Бобурнинг ҳайкали кўчирилишидан кўра кўпроқ кўп қаватли уйларнинг барпо этилиши ташвишга солди. Шу боис вилоят ҳокимлиги томонидан билдирилган муносабатдан кейин шов-шувлар аста чекина бошлади.

Бобурнинг ҳайкали учун энг мақбул жой

Айни пайтда Амир Темур ва Бобур шоҳкўчаларини бир-бири билан туташтирувчи 700 метрдан иборат кўприк қурилиши олиб борилмоқда.

— У қуриб битказилгач, Бобур ҳайкали кўприк остида бўлиб қолади, —дейди Бобур жамоат фонди раисининг ўринбосари Рустамжон Мамасолиев. —Бу эса Бобурнинг ҳурматига нисбатан эътиборсизлик, деб биламан. Шунинг учун ҳайкални Регистон майдонига кўчирилиши мақсадга мувофиқдир. Сабаби, ушбу манзил вилоят марказида жойлашган бўлиб, тарихий аҳамиятга молик. Бу ерда Жомъе мадраса масжиди, музейлар, ҳунармандлар марказлари жойлашган. Шу боис у нафақат андижонликларнинг, балки сайёҳларнинг ҳам севимли манзилларидан бири ҳисобланади.

Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик даври ўтди

Айни пайтда ҳайкалнинг кўчирилиши-ю, унинг ўрнида барпо этилиши режалаштирилган бинолар ҳақида қўшимча ҳеч қандай маълумот ошкор этилгани йўқ. Гўёки, баҳорги чақмоқ бир гулдураб, тиниб қолгандек...

Бироқ ушбу ҳолатнинг эътиборга молик жиҳатлари ҳам бор. У ҳам бўлса мамлакатимизда жамоатчилик фикрининг ўрни, сўз эркинлигининг аҳамияти, фикрни ошкор этиш жараёнининг вужудга келиши билан боғлиқ. Бугун халқ беэътибор эмас, унинг қалби ухлаб ётгани йўқ. Юрак каби фикрлар ҳам уйғоқ, теран. Бу демократик давлат, жамият шаклланаётганидан далолатдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер