“Бизни кемиргувчи иллатлар”
Ота-боболаримиз азалдан икки ёш унаштирилдими, уларнинг бошини қовуштириб қўйишни ўйлаган. Дабдабали тўй эмас, чиройли турмуш қуришига ҳаракат қилган. Ҳозир бўлажак келин-куёв томонидан бир-бирига то тўй ўтгунга қадар ҳар байрам, туғилган кунда фалон миллион сўмлик совға-салом юборилиши одат тусига кирган. Бу совға-саломлар ширинликлар, қимматбаҳо кийимлардан иборат. Ёшлар ҳаётида асқатадиган жиҳати кам.
Аксарият ҳолларда унаштириш маросимлари — фотиҳа тўйлари катта тўйлардан қолишмаяпти. Аслида фотиҳа тўйи кўпчиликнинг дуосини олиб тўй бошлаш дегани. Яъни ёши улуғлар икки ёшга бағишлаб, нон синдириб улашишади. Бунда ёшларга кенг ризқ, тотув ҳаёт, бахт-иқбол, солиҳ фарзандлар сўраб дуо қилинади. Бу билан шу хонадоннинг қизи яқинда бировнинг хасмига айланади, энди унга совчи қўйиш, суриштириш мумкин эмас, деб халққа билдирилади. Ҳозир фотиҳа тўйгаям таклифнома тарқатилиб, тўйхоналарда 400-500 кишига зиёфат берилмоқда. Фотиҳа каби муқаддас сура билан бошланадиган маросимни каттартириб, тўйхоналарга олиб чиқиш шартми? Буям етмагандек, фотиҳа тўйида тўйга келувчиларнинг ҳаммасига сарпо-суруқ берилиши қачонгача давом этади? Буларнинг ҳаммаси харажат, оила эркаклари тўй ва тўй олди маросимлари деб бошқа юртларда сарсон бўлиб юрмаяптими?
Тўғри, тўйсевар, орзу-ҳавасли халқмиз. Ажабланарлиси, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, келажаги йўлида шунча сармоя киритишга кўзимиз қиймайди-ю, негадир тўйга келганда сахиймиз. Дабдабага ўчмиз. Аччиқ бўлса ҳам айтайлик, яна бир ортиқча дахмаза — куёвнинг уйини келин томон жиҳозлаб бериши одат тусига айланган. Бир қарашда бунинг ёмон тарафи йўқдек, гўёки бу – янги оилага қилинган ғамхўрлик, мебель, парда ва бошқа жиҳозлар рўзғорга керакли буюм. Бироқ ҳамманинг шароити ҳар хил. Кимдадир бор имконият бошқада чекланган. Қолаверса, қиз томон йигитнинг уйини тўлдириб бериши, тўйдан кейинги маросимлар, фарзандли бўлишса яна бешик тўй билан боғлиқ харажатлар… Энг бой оилани ҳам камбағалга айлантирмайдими?
Ҳаётимиздаги бундай мантиқсизликларни ўрганиш мақсадида суриштирув олиб бордик. Шаҳрисабз марказидаги Оқдарё, Янгиқишлоқ, Равот ва Абзият маҳаллаларида келин томондан уйни тўлдириш, куёвга бериладиган сарпо ва мебель учун ўртача 25-30 миллион сўм сарфланишининг гувоҳи бўлдик. Шу ҳудудда жойлашган “Фирдавс” мебель дўкони масъуллари шаҳар аҳолиси тўй учун асосан 12-17 миллион сўмлик мебеллар харид қилишини айтишди. Чироқчи марказидаги Чироқчи, Чоштепа Янгиобод, Навоий, Кишмиштепа, Ўзбекистон, Боғишамол маҳаллаларида сарпо ва мебель учун 20-30 миллион сўм пул кетиши ажабланарли. Косондаги Пахтазор, Ширинобод, Дўстлик ва Месит маҳаллаларида айни шу мақсадда 30-40 миллион сўм сарф бўлаётгани муаммонинг кўламини қай даражадалигини кўрсатади. Қиз узатаётган оилалар бунча харажатлардан кейин ўзини ўнглаб олиши қийин, албатта.
Тўйга боришдан мақсад фақат еб-ичиш, ўйнаб-кулгими? Тўй дастурхонидаги исрофгарчилик, тўйдан кейин турли таомлар тайёрлаб куёвникига тоғора жўнатиш, “чорлар” каби одатлар бир тўда хотин-халажларнинг кўнгилхушлигига айланиб қолмаяптими? Ҳамма эл қатори, элдан кам бўлгиси келмайди. Аммо кўпчилик билан бўладиган шундай эзгу ишларда хайр бўлиши керак-ку! Фарзандларимиз ўксимасин деб қиладиган ортиқча чиқимларнинг нима кераги бор? Энди ўзингиз бир чамалаб кўринг, Кўкдалада келиннинг бир неча соатлик тўй либоси 1 миллиондан 8 миллион сўмгача, Деҳқонободда 2 миллион 500 минг сўмгача, бошқа тумандан келтирилса, 4 миллион сўмгача... Китобда никоҳ тўйида биргина сарпо учун 8-10 миллион, фотиҳа тўйида ҳам шунча, суннат тўйида 5-7 миллион сўмгача сарфланмоқда.
Энди тўйхонадаги чиқимга келсак, Касбидаги “Раҳим ота” тўйхонасини 500 киши учун бир неча соат банд қилиш 7 миллион 500 минг сўмгача, Қамашидаги “Жасмин” тўйхонасида бир кишига 12 минг сўмдан хизмат кўрсатилади. Айни пайтда бу тўйхоналарда минг кишилик тўйлар ҳам ўтмоқда. Демак, биргина тўйхонанинг ўзи тўй эгасига 12 миллион сўмдан камига тушмайди. Кўкдалада никоҳ тўйлари учун ўртача 60-70 миллион, суннат тўйга 40-50 миллион, туман марказидаги тўйхоналарнинг хизмат кўрсатиш нархи 8-12 миллион сўм, Яккабоғдаги “Малика” тўйхонасида битта тўйни ўтказиш учун 7-8 миллион сўм, Косон марказидаги Нартибаланд, Нартичуқур, Муғжагул ва Лолазор каби маҳаллаларда тўйлар учун 50-60 миллион сўм кетса, чекка ҳудуддаги Майдаёбу, Чироқчи, Навниҳол, Уйрот маҳаллаларида 90-100 миллион сўмгача сарфланаётганига нима дейсиз? Ҳалиям тўйхонадаги саҳна безалиши, дастурхонга гул ва карвинг буюртма бериш ҳамда келин-куёв кириб келишидаги ҳар хил маросимлардаги ортиқча харажатларни ҳисобга олмадик. Таҳлилларга кўра, 2-3 миллион сўмга хизмат кўрсатадиган тўйхоналар ҳам бор. Аммо бошқаларга ўзини “кўз-кўз” қилишга қаратилган турли тадбирлар сабаб 20-25 миллион сўм фақат тўйхона учун берилаётган ҳолатлар ҳам кўп учрамоқда.
Бунинг устига кейинги пайтларда келин-куёвнинг севги тарихини тўйхонада намойиш этишдек ҳолат оммалашмоқда. “Love story” деб аталадиган бу маросимга Косонда ўртача 7-10 миллион сўм пул сарфланмоқда. Касбида айни шу маросим учун камида 5 миллион сўм ҳавога соврилмоқда. Афсуски, тўй кортежлари учун кетадиган харажатлар ҳам бундан каммас. Бир соатлик хониш учун 50 миллион сўм сарфлаётганларни кўриб, нима булар пул топиб ақл топмаганларми, дейсиз! Аниқ фактларга эътиборингизни қаратмоқчимиз, Косондаги Чорбоғ, Машъал, Арабхона, Юқори Арабхона маҳаллаларида “бирров”га келиб-кетадиган хонандалар учун 20-30 миллион сўм, Шаҳрисабздаги тўйларда 15 дан 40 миллион сўмгача, карнай-сурнай учун 500 мингдан бир ярим миллионгача, видеокамерага 1 миллион ҳамда “шоу-балет” учун 1 миллион 300 минг, машҳур хонандаларга 30-50 миллион сўмгача харажат қилинмоқда.
Танангизда бир ўйлаб кўринг, бунча пул сарфланаётган жойларда таълим, тиббиёт, йўл инфратузилмаси, ҳудудлар ободлиги каби масалаларда муаммолар йўқми? Эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар-чи? Албатта, бор. Қишлоқлардаги оддийроқ тўйга сарф бўладиган пулга бемалол бирор бизнес бошлаш мумкин. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйса бўлади. Беҳбудий бобомиз айтгандек, яхши ниятда бошлаган тўйларимиз “Бизни кемирувчи иллатлар”га айланмасин!
2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори имзоланганди. Бу қўшма қарор ижроси негадир амалда сезилмаяпти. Биз тўйни қандай ўтказиш ҳақида қатъий ҳукм чиқаришдан йироқмиз, ким қандай тўй, қанақа орзу-ҳавас қилади, бу ўзига ҳавола. Бироқ тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналари эканини унутмайлик. Бу эзгу ишга ҳамма бирдек масъул, лоқайд бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Бекзод САЙФИЕВ,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг