Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!
Юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, Ватан равнақи учун амалга оширилаётган ўзгаришлар, эришилаётган улкан ютуқлар ҳақида кенг маълумот бериш, Ватанга муҳаббат, халқимизга садоқат ҳиссини янада кучайтириш, талаба-ёшларни илм-фанга, маърифатга тарғиб қилиш баробарида маърифатли жамият қуриш, ёшлар қалбида Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июлдаги ПҚ-241-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Нажот-таълимда, нажот-тарбияда, нажот-билимда» ғояси асосида «Маънавият марафони» лойиҳаси ўз ишини бошлаган эди. Лойиҳа доирасида кўплаб таълим даргоҳларида, илм-маърифат масканларида «Биз бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида юртимиз бўйлаб бир қанча тадбирлар ташкил этилди. Бевосита бу каби тадбирлар униб-ўсаётган ёш авлод қалбида Ватанга бўлган муҳаббат ҳиссини янада оширишга, қолаверса, Ватан равнақи йўлида ҳар биримизнинг кичикми-каттами қўшилган ҳиссамизнинг муҳим эканлигини яна бир бор эслатади.
Шиор замирида жудаям кенг маъно мужассамлашган бўлиб, бирлик, аҳилликка даъват, бунинг нақадар аҳамиятли эканлиги, халқнинг ҳар бир аъзосининг бирдам бўлиши кераклиги ҳақида таъкидланади. Ҳаттоки бу борада аёл-қизларимизнинг ўзига хос ўрни борлиги айтиб ўтилади.
Жумладан, президентимиз Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида аёллар ҳуқуқини таъминлаш мавзусига ҳам алоҳида тўхталган эди.
«Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, «хотин-қизлар – бу миллат оналаридир». Улар миллатнинг янги насли – фарзандларини тарбиялаш учун ўзлари ҳам юксак билимли бўлишлари зарур.
Шундай экан, олдимизда турган яна бир муҳим вазифа – жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратишдир. Ҳурматли хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, касб соҳаси бўйича ўсишини таъминлаш борасида ўтган даврда кўп ишларни амалга оширдик. Шу билан бирга, бу йўналишда қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас (Кун.уз).
Дарҳақиқат, миллат оналари фарзандларини ҳурлик, юртга муҳаббат, бирлик, бирдамлик ҳисси остида тарбия қилсалар, бизнинг келажагимиз янада тараққий этиб бораверади. Зотан, Имом Бухорий, ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Амир Темур, Навоий, Бобур сингари буюк бобокалонларимиз ҳаётида ҳам она тарбияси муҳим ўрин тутган. Шуни мамнуният билан таъкидлаш мумкинки, ўзбек миллати бу каби буюкларимизга муносиб бўлмоқда. Биргина жаҳон миқёсида ўтказилган «Париж – 2024» спорт мусобақалари бунинг исботидир. 208 та давлат вакиллари қатнашган мусобақада спортчиларимиз юксак матонат, маҳорат ва ирода кўрсатиб, дунёда 13-ўрин, Осиёда 4-ўрин, туркий, мусулмон ва МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллади.
Бу ютуқлар бир байроқ остида бирлашган Ўзбекистоннинг, Ўзбекистон ёшларининг жаҳон ареналарида нимага қодир эканлигини кўрсатувчи бир нишона намунасидир. Нафақат бу, балки ҳар бир соҳада кундан-кун ўсиш бўлаётганини кўришимиз мумкин, жумладан, Ўзбекистон Олий таълим муассасаларининг дунё «Топ-рейтинг» дастурларида муносиб ўрин эгаллаётгани ҳам таълим сифатининг ошиб бораётганидан далолатдир. Жумладан, ўз вақтида Ўрта Осиё давлат университети ҳисобланган, кўплаб таълим даргоҳлари учун асос бўлиб хизмат қилган Ўзбекистон Миллий университетининг дунё ОТМлари орасида ТОП-1000 таликка кириши ҳам айнан илм-фан сари одимлаётган талабаларнинг, ўқитувчиларнинг, умуман, университет жамоасининг бирдамликда ҳаракат қилаётганининг намунасидир.
Бир нуқтада, бир мақсад йўлида бирлашмоқлик катта марраларни забт этишга ёрдам беради. Зеро, тарихга назар соладиган бўлсак ҳам, бунинг исботини кўп бора кузатишимиз мумкин. Биринчи Ренессанснинг илк ёғдулари порлаган замин – Шарқ илму ирфон, маърифат йўлида бирлашиб, буюк алломаларни дунёга келтирмадими, ахир?! Мана бугун энг илғор замонавий технологияларга Мусо ал-Хоразмийнинг «Ал-жабр вал-муқобала»си асос бўлса, тиббиётнинг муҳим жиҳатлари Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»да ўз аксини топди, бутун дунё эшитса, ҳурмат қиладиган муҳаддис Имом ал-Бухорий, бу каби тарихий сиймоларимиз жудаям кўп. Буюк аждодларга эса муносиб буюк авлод бўлмоқ лозим. Зотан, маърифатпарвар жадид Абдулла Қодирий таъкидлаганидек, «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған «хон замонлари»» ҳам юртимиз тарих саҳифаларида йўқ эмас. Турли бошбошдоқликлар, сиёсат юритишдаги билимсизлик, мол-дунёга бўлган ҳирс, ўзбилармонлик натижасида юзага келган, бирлашиш ўрнига мустамлака учун ўз эшикларини очиб берган «хон замонлари», дарҳақиқат, бизни тарихдан муҳим хулосалар чиқаришга ундайди.
Шу ўринда, бирдамлик хусусида бир ҳикоят ёдимга тушди. « Қариб қолган ота ўғилларига насиҳат қилмоқчи бўлиб, бир кун уларни ёнига чақирибди. Уларнинг ҳар бирига биттадан ўтин шохини бериб, синдиришни айтибди. Ўғиллар ҳайрон, шохларни осонгина синдириб, отага узатишибди. Бу сафар ота уларга бир боғ ўтин шохларини бериб, синдиришни айтибди. Кичик ука уларни синдира олмабди, ўртанчаси ҳам кучи етмай, катта акага берибди. Катта ака ҳам уларни синдира олмабди. Шунда ота, кўрдингизми, фарзандларим, оддий ўтин шохлари сизга ибрат бўлсин, сизлар ҳам шу ўтин шохлари каби алоҳида бўлсангиз, синишингиз жудаям осон бўлади. Бироқ ўтин боғламидек бирлашсангиз, сизларни ҳар қанча уринишмасин, ҳеч ким ва ҳеч нарса синдира олмайди. Шундай экан мендан сизга насиҳат, ҳамиша аҳил ва иноқ бўлинглар».
Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар деганларидек, бирлашган халқнинг карвони узоқ сарҳадларни босиб ўтиши тайин. Шуниси қувонарлики, бу йил мустақилликка эришганимизга 33 йил тўлади, мана шу йиллар ичида Ўзбекистон ўзини янгитдан тиклади, ягона халқ бўлиб бирлашди ва дунё мамлакатлари қаторида ривожланаётган давлатлар қаторидан жой олди. Муҳтарам юртбошимизнинг ёшларга билдираётган ишончи эса бизни янада катта марраларни эгаллашга ундамоқда, қалбимизда ватан равнақи учун ўз ҳиссасини қўша оладиган ёшлар сафида бўлиш ҳиссини бермоқда. Сўзимиз исботи эса аллақачон ёшларнинг севимли шиорига айланиб улгурган қуйидаги қўшиқ мисраларида ўз ифодасини топган:
Дунё билан барча тилда бирма-бир,
Тиллашайлик, Ўзбекистон ёшлари!
Ватан қадрин бирдамлик кўтаргайдир,
Бирлашайлик, Ўзбекистон ёшлари!
Ўзбекистон – умумий уйимиз, уни асрамоқ, ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидай авайламоқ, тараққиёт томон илдам қадам ташламоқ, буюк мақсадлар сари бирлашмоқ ҳар биримизнинг Ватан равнақи йўлидаги бурчимиздир. Чунки биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!
Дилдора Ҳусанова,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси,
Навоий номидаги давлат стипендианти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг