Бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган кишининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм ўтказилади — Президент қарори лойиҳаси

14:47 06 Октябр 2020 Спорт
6668 0

АОКАда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот котиби Отабек Эшмаматов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда глобал пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш орқали аҳолида касалликка қарши иммун тизимини шакллантириш, касалликдан кейинги даврда тиклаш ва реабилитация ишларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг соғлом турмуш тарзи гарови сифатида тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

биринчидан, ҳар бир оила, маҳалла, туман (шаҳар), мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш;

иккинчидан, оммавий спортни ривожлантириш бўйича аҳоли орасида, хусусан, ўқувчилар, талабалар, ёшлар, аёллар, кексалар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш;

учинчидан, аҳолининг турли гуруҳларини соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш, жисмоний фаоллик ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни қисқартириш йўли билан касалликка чалиниш, ортиқча вазн ҳолатлари (семизлик) ва бевақт вафот этишни камайтириш;

тўртинчидан, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, оилалар, маҳаллалар, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасалари даражасида соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисми сифатида тарғиб қилиш;

бешинчидан, мактабгача таълим, умумтаълим, ўрта-махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида, корхона, ташкилот ва бошқа турдаги барча муассасаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун замонавий моддий-техника базасини шакллантириш.

Таъкидлаш керак, ушбу масалалар ўз ечимини топмасдан туриб аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммавийликни таъминлаш осон эмас.

Шунингдек, лойиҳага мувофиқ Республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишнинг устувор йўналишлари этиб – спортнинг юриш, югуриш, мини футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” — маҳалла (кўча) фитнеси турлари белгиланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Адлия, Соғлиқни сақлаш ҳамда Молия вазирликлари томонидан аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом ҳаёт» платформасини яратиш таклифи илгари сурилган бўлиб, унга кўра:

Бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган шахснинг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўм ўтказилади.

«Соғлом ҳаёт» платформасини ишлаб чиқиш ва унга хизмат кўрсатиш, техник қўллаб-қувватлаш ва кейинчалик модернизациялаш бўйича буюртмачининг функциялари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига юклатилиши белгиланган.

«Соғлом ҳаёт» платформасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан IT-парк дирекцияси резидентлари билан биргаликда 2021 йил 1 январгача Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор лойиҳасининг яна бир муҳим банди сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 ноябрга қадар ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлакларини ташкил этиш бўйича тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига жойлаштириши ва 2021 йил 1 январдан бошлаб қурилиш ишларини бошлаб, 2021 йил 1 майга қадар тугатиши белгиланган. Бунда, қуйидагилар назарда тутилган:

пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3-5 километрни ташкил этиши ҳамда ўзаро узвий боғлиқ бўлиши;

замонавий, энерготежамкор (ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган) ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланиши;

пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этишда алоҳида ҳаракатланиш имкониятларини яратиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун «тўсиқсиз муҳит» ташкил этиш.

Хўш, бу нима беради? Аввало биз аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб этар эканмиз, уларга шароит яратиб беришимиз керак. Айни пайтда нафақат шаҳарлар, ҳатто қишлоқларда ҳам пиёдалар юриши ёки аҳолининг турли қатлами, болалар ва катталар велосипедда учиши ёки сайр қилиши учун шароит деярли йўқ. Шундай экан, аҳоли қаерда сайр қилади ва соғлом турмуш тарзига ошно тутинади. Мазкур масала ўз ечимини топиши асносида ўз ўзидан юртдошларимиз орасида пиёда юриш ва велосипедда сайр қилишга бўлган қизиқиш ортади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда барча туман (шаҳар)ларда ҳар чоракда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида «Энг фаол спортчи маҳалла» мусобақаларини ташкил этиши, бир ой муддатда мусобақаларни ўтказиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаши, мусобақада 1-ўринни эгаллаган маҳаллага 10 млн., 2-ўрин учун 5 млн. ва 3-ўринга 3 млн. сўм миқдорида пул мукофоти «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилишини таъминлаш кўзда тутилган.

Ғолибларга бериладиган пул мукофоти маблағлари маҳалла фуқаролар йиғинларининг тижорат банкида очилган ҳисоб рақамига ўтказилиб, маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, спорт майдончаларини ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш, спорт тадбирларини ўтказиш мақсадларига йўналтирилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда 2021-2023 йилларга мўлжалланган умумтаълим мактабларини тўлиқ спорт заллари билан таъминлаш,ҳар бир туман(шаҳар)да тўлиқ моддий-техника базасига эга болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва бошқа жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг спорт иншоотларини қуриш ва жиҳозлаш дастурини ишлаб чиқиши, жумладан, 2021 йил давомида умумтаълим мактаблари учун 50та спорт зал, 48та спорт таълим муассасалари учун спорт иншоотларини қуриш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги 2021 йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудларда янгидан барпо этилаётган кўп қаватли турар жойлар қуриш бўйича тасдиқланган амалдаги шаҳарсозлик нормаларига қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиши, яъни аҳоли сони ва уй-жойларнинг жойлашувини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ташкилот ва идораларнинг тегишли ҳудудларида велосипед турар жойлари ва замонавий спорт майдончаларини (шу жумладан Workout) ташкил этиш, маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар ва шаҳарларни боғловчи автомобиль йўллари, пиёда ҳамда велосипед юриши учун мўлжалланган йўлаклар қуриш, автомобиль ҳаракати юқори бўлган ва катта йўл кесишмаларида ер ости ёки ер усти ўтиш жойларини барпо этиш ҳам белгиланган.

Спортчи ёшларни саралаш ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция), ёшлар орасида спортни оммалаштиришда юқори натижаларга эришиш мақсадида ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларини камида биттадан устувор, истиқболдаги, ривожланаётган, шу жумладан миллий спорт турларига ихтисослаштириш;

умумтаълим мактабларининг спорт турларига ихтисослашувидан келиб чиқиб, ҳар бирида ҳар ойда камида битта спорт тури бўйича спорт мусобақалари ўтказилишини таъминлаш вазифалари Халқ таълими ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари зиммасига юклатилган.

Унга кўра, мусобақаларнинг қуйи, яъни умумтаълим мактаблари ҳамда туман (шаҳар) босқичларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти маблағлари ҳисобидан, ҳудудий ва республика босқичи тегишлича Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг ҳудудий ва республика календарь режаларида назарда тутилган бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилган.

Қарор лойиҳасидаги муҳим банд сифатида 2021 йил 1 январдан давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифасини юклаш ва унинг иш ҳақига қўшимча 20 фоиз миқдорда устама белгилаш йўлга қўйилиши назарда тутилганлигини айтиш мумкин. «Спорт тарғиботчиси» меҳнат жамоасида соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш учун барча зарур шароитлар, жумладан тренажёр зали, “Workоut” майдончаси, спорт майдончалари ва хоналарини ташкил этиш ишлари билан шуғулланади. Меҳнат жамоаларида ходимларнинг спорт билан шуғулланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ молиявий харажатлар давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг касаба уюшмалари ҳамда иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномаларида иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари, ҳафтага камида бир марта ходимларнинг жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар, хусусан югуриш, сузиш, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, теннис ва бошқаларда иштирок этишини назарда тутадиган «Саломатлик куни»ни жорий этиш, мунтазам равишда ходимлар орасида оммавийлашган спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказиб борилиши ҳамда технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларига ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффусларни белгилаш тартиби жорий этилиши ҳам белгиланган.

Қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда умумтаълим мактабларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумий ўқув соатлари доирасида жисмоний тарбия фанини барча синфларда ҳафтада 2 соатдан ўқитишни ташкил этиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари миллий стандарт ва меъёрларга мувофиқлигини ҳамда маҳсулот ўрамидаги маълумотларнинг тўғрилигини холис ўрганувчи «Сифат назорати» телевизион кўрсатуви намойиш этиб борилишини йўлга қўйиши ҳам белгилаб қўйилган.

Яна бир муҳим масала, «Соғлом ҳаёт» платформаси шунчаки яратиб қўйилмайди, балки Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ушбу платформада рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ва уларнинг спорт натижаларига қараб вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ишига йил якунида баҳо берилади.

Қарор лойиҳасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, жумладан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ҳам қатор вазифалар юкланган. Хусусан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига қуйидаги чекловлар ўрнатилади:

— таълим муассасалари ҳудудида ва жамоат транспорти воситаларида;

— анимацион персонажлар ва болалар кўрсатувлари қаҳрамонлари иштирокида реклама роликларини намойиш қилиш;

— оммавий ахборот воситаларида маҳаллий вақт билан соат 07:00 дан 23:00гача намойиш қилишга чекловлар жорий қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда мунтазам равишда ёшларни, хусусан боғча ёшидаги болаларда жисмоний тарбия ва спорт тушунчасини пайдо қилиш ва уларни қизиқтириш мақсадида «Болаликдан спортга» спорт машғулотларини телеканалларда намойиш этилишини, аёллар ва кексалар учун соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича «Соғлом турмуш» кўрсатуви намойиш этилишини таъминлаш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори асосида Вазирлар Маҳкамасининг махсус Қарори қабул қилинади. Мазкур қарор лойиҳасида битта банд борки, унга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Маълумки, ҳар йили 22 сентябрь – «Халқаро автомобилсиз кун» сифатида кенг нишонланиб келади. Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида ушбу санага алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, 2021 йилдан бошлаб 22 сентябрь куни республика бўйича «Автомобилсиз кун» деб эълон қилиниши ҳамда шу куни шахсий автомобилда ҳаракатланишдан ихтиёрий равишда воз кечиш, махсус техникалар, такси ва етказиб бериш ҳамда тиббий тез ёрдам учун хизмат кўрсатадиган техникалар, жамоат транспортлари, зарур ҳолларда фойдаланиладиган шахсий автомобиллар бундан мустасно, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорлари асосида туманлар ва шаҳарларда ҳам «Автомобилсиз кун» тадбирларини ўтказиш белгиланиши кутилмоқда. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?