Бир ҳукм тарихи
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 31 августдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташрифи чоғида аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши бугунги кун ёшлари учун ибрат мактаби эканлиги хусусида алоҳида тўхталган эди.
Шундайлардан бири, 1937 йил 22 сентябрда тергов остидаги Акбар Исломов ўзига қўйилган айбловларнинг қуруқ, далил-исботсиз эканлиги ҳақида ёзган аризалари жавобсиз қолади. Аксинча, тинимсиз таҳқир ва жисмоний зўрликлар натижасида Ежов номига ёзилган сохта аризага имзо чектирилади. Унда А. Исломов ўзининг аксилсовет ташкилотга аъзо бўлганлигини мажбурий “тан олган” эди. Узлуксиз қийноқлардан бутунлай ҳолдан тойган Акбар Исломов 1937 йил 19 декабрда барча айбларини тан олишини айтиб, ишни тўхтатишларини илтимос қилади.
Акбар Исломовнинг “жиноий иши” янада янги кўрсатмалар билан бойитилади. Масалан, Мирмуслим Шермуҳаммедов уни “Миллий истиқлол” махфий аксилсовет ташкилоти аъзоси деб кўрсатма берган бўлса, собиқ ер ишлари халқ комиссари Рустам Исломов ҳамда Ўзкомпартия раҳбарлари Д. Манжара, А. Ф. Моор “троцкийчи-миллатчилик ташкилоти” аъзоси эканлигини тасдиқлайдилар. Ҳаттоки, 1935 йил Қашқадарёда иқлим ноқулайликлари туфайли ҳосил бўлмагани учун аҳолидан олинадиган солиқларни камайтириш бўйича А. Исломовнинг Акмал Икромовга ёзган хати ҳам унинг жиноий ишига тиркаб қўйилади.
Бироқ Акбар Исломов ўзига қўйилган аксилинқилобий ташкилот аъзоси деган бўҳтонни мутлақо рад этди. Ўзининг сўнгги сўроғида ҳам у “Халққа қарши бир тийин ҳам сарфламадим. Айтилган бирорта айб ҳам менга тегишли эмас. Мен ўзимга қўйилган айбларга рози эмасман”, деб имзо чеккан.
1938 йил 4 октябрь куни ҳарбий юрист Г. А. Алексеев раислигида СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг Тошкентда ўтказилган сайёр йиғилишида 51 нафар маҳбус қаторида Исломов Акбар Исломович олий жазога — отувга ҳукм этилади. Шу куннинг ўзидаёқ Алексеев талабномаси ва ЎзССР НКВД лейтенанти Д. З. Апресян буйруғига мувофиқ давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Шишкин, армия бош прокурори ёрдамчиси ҳарбий юрист Шульцан иштирокида ҳукм ижро этилган. Қайднома юқоридаги икки шахс томонидан имзоланган.
Ушбу маълумотлар Акбар Исломовнинг қатъий иродали, виждон амрига қарши бормайдиган, ҳалол, пок республика миқёсидаги раҳбарлардан бири бўлганлигига шаҳодатдир.
1954 йил 31 июль куни Акбар Исломовнинг турмуш ўртоғи Кетеван Давидовна СССР ҳукумати раҳбариятига ариза йўллайди. У ўз аризасида эри билан кечган ўн йиллик турмуши давомида Акбар Исломовни ҳақиқий инсон, буюк ватанпарвар сифатида билганини ёзади. Аммо 1937 йил август ойида НКВД томонидан қамоққа олингани ва унга эрининг 10 йилга қамоққа ҳукм этилди, деб маълумот берганларини қайд этади. Ўзининг ҳам 1 йилу 4 ой қамоқда бўлгани, фарзандларининг чеккан азоб-уқубатлари, 1939 йилда озодликка чиққандан сўнг Грузияга келгани ва фарзанди Асқар Акбарович Исломовнинг келажаги учун ҳам отасининг пок номини тиклаш масаласини кўтаради. Кетеван Давидовнанинг хати асосида 1954 йил 4 сентябрь кунидан А. Исломовнинг ишини қайта кўриб чиқишга қарор қилинади. Ва ниҳоят, 1956 йил 29 июнь куни орадан 20 йил ўтиб адолат қарор топди. Қўқон шаҳрига унинг ҳақиқий фарзанди қайтарилди. У ишлаган топографияга, 1-сонли ўрта мактабга, Хўқанди Латифнинг бош кўчаларидан бирига унинг номи берилди. Ўйлаймизки, Марказий ва вилоятлар ҳужжатгоҳларида, Қўқон, Тошкент шаҳарларида Акбар Исломов ҳаёт йўли ва фаолиятига оид материаллар, хотира-эсдаликлар мавжуд. Уларни излаб топиш ва бу қатағон қурбони, миллатнинг етук фарзанди ҳаёт йўлини ёритиш биз учун ибрат намунасидир.
Эргаш ЮСУПОВ,
Андижон давлат университети доценти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг