Бир балиқнинг етти мўъжизаси
Фото: Халқ сўзи
Бугун инсоният озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига рўбарў келиб турган бир пайтда табиат инъом этган ҳар бир имкониятдан самарали фойдаланишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Чунончи, балиқчилик тармоғининг дунё миқёсида ривожланиши нафақат тўйимли озуқа, балки миллионлаб одамларнинг даромад манбаи ҳамдир.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, тармоқда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 майда қабул қилинган «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
— Балиқ чавоқлари ишлаб чиқариш ҳамда табиий сув ҳавзалари ва сунъий кўллардан самарасиз фойдаланиш узоқ йиллар балиқчилик тармоғининг энг заиф бўғини сифатида қолиб кетган эди, — дейди «Навоийбалиқсаноат» МЧЖ раҳбари Панжи Рўзиқулов. — Натижада сунъий кўлларнинг ҳосилдорлиги бир гектарда 20 центнердан ошмасди. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан ҳам паст натижа. Мисол учун, Навоий вилоятида интенсив усулда балиқчиликка ихтисослашган хўжаликларда бугун гектаридан 30-35 тоннагача балиқ олинмоқда. Унга қадар бу ҳавзаларда ҳосилдорлик 2 тоннадан ҳам ошмаган.
Мамлакатимиздаги балиқчилик билан шуғулланиш мумкин бўлган 800 минг гектарлик кўл ва сув омборлари сатҳининг 175 минг 609 гектари Навоий вилояти ҳудудига тўғри келади. Бундан ташқари Зарафшон дарёси вилоятнинг Хатирчи, Кармана, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларидан ўтиб, ўнг ва сўл соҳилларида балиқчиликни сунъий ҳавзаларда қафас усулида ривожлантиришнинг ҳам қулай имкониятлари мавжуд Бироқ мавжуд сув сатҳининг 22 минг 500 гектаридагина вилоятнинг 250 та балиқчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари фаолият юритиб, шундан етмиш гектари тўлиғича интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилган.
Вилоят ҳудудидаги йирик сув ҳавзаларидан бири — Тўдакўл қарийб йигирма бир минг гектар майдонни эгаллаб, асосан суғориш мақсадларини назарда тутади. Шунга қарамасдан, узоқ йиллар ундан балиқчилик ҳавзаси сифатида ҳам фойдаланилиб, кўлда балиқ кўпайтириш, тақсимлаш ва овлаш ҳамда турли касалликлардан ҳимоя қилиш вазифалари турли идоралар зиммасига юкланган эди. Бу эса бошбошдоқлик ва табиий неъматлардан хўжасизларча фойдаланишларга йўл очиб, унинг оқибатлари йиллар ўтиб, ўзини кўрсатди. Биргина рақамда ифодаласак, янги минг йиллик арафасида ҳавза ҳосилдорлиги гектарига тўрт ярим килограммга қадар тушиб кетди.
Бугун Тўдакўл сув ҳавзасида фаолият юритаётган биргина «Голден лайк фиш» МЧЖ томонидан 2019 йилда Венгрия давлатидан 390 дона «венгер карпи» зотли балиқлар тўдаси олиб келиниб, ишлаб чиқариш илмий асосда йўлга қўйилди. Венгрия генетика институти олимлари билан яқин ҳамкорлик балиқ турини кўпайтириш, зотини яхшилаш, иқлим ўзгаришига чидамли, жаҳон бозорида харидоргир балиқ маҳсулотлари тайёрлаш имконини яратди. Натижада 20 млн. дона балиқ чавоқлари, жумладан, 6 минг дона ота-она «венгер карпи» балиқлари етиштирилди. Бундан ташқари эронлик инвесторлар билан ҳамкорликда балиқларни қафас усулида боқишга мўлжалланган, хитойлик ишбилармонлар билан эса 10 минг донадан балиқ етиштириладиган ускуналар келтириб ўрнатилди. Ушбу чоралар самараси ўлароқ балиқ етиштириш ҳажми ўтган йили 5,5 минг тоннадан оширилди. Энг муҳими, тадбиркорлик субъекти томонидан аҳолига сифатли парҳезбоп маҳсулот етказиб бериш билан бирга, интенсив усулда балиқ етиштириш тажрибаси оммалашиб, республикамизнинг турли ҳудудларидан айнан Тўдакўлда етиштирилаётган балиқ чавоқларини харид қилиш учун келаётган ишбилармонлар сони кун сайин кўпаймоқда.
Хусусан, Хатирчи эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган балиқчилик комплекси шулардан бири бўлиб, бу ерда кластер асосчиси тадбиркор Илҳом Абдуллаев интенсив балиқчиликни янгича, замонавий Хитой технологияси асосида ташкил этган. Яъни хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда 43 гектар майдонда 24 та 1 - 1,5 гектарлик сунъий ҳовузларда интенсив усулда балиқ кўпайтириш йўлга қўйилган.
— Балиқларни асосан протеинга бой озуқа билан озиқлантирамиз, — дейди хитойлик мутахассис Ре Амин. — Автоматик равишда озуқа тарқатгичлар ва сувни кислород билан бойитадиган аэратор мосламалари эса интенсив усулда кичик ҳовузлардан 45 тоннагача балиқ етиштириш имконини беради. Бу, шубҳасиз, балиқчиликдаги энг самарали усуллардан ҳисобланади.
Хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйган хўжаликларга вилоятнинг Навбаҳор ва Кармана туманларидан ҳам қатор мисоллар келтириш мумкин.
— Мухими, балиқ етиштириш ҳажми ортмоқда, — дейди «Навоийбалиқсаноат» МЧЖ раҳбари Панжи Рўзиқулов. —Вилоят бўйича 2021 йилда 23 минг тонна балиқ етиштирилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 50 минг тоннадан оширилди. Шунингдек, қўшни мамлакатлар, хусусан Тожикистон Республикасига балиқ чавоқлари экспорти йўлга қўйилиб, Венгрияга судак балиғи экспорти бўйича шартнома тузилди.
Энди балиқчиликнинг ижтимоий аҳамиятига ҳам қисқагина тўхталсак. Масалан, юқорида келтирганимиз «Голден лайк фиш» МЧЖ томонидан 100 нафардан ортиқ маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланган. Улар масъулияти чекланган жамият тизимидаги балиқлар учун омухта ем ишлаб чиқарувчи учта кичик корхона ҳамда йилига 100 миллион дона балиқ увилдириқлари ишлаб чиқариш қувватига тенг инкубация цехларида меҳнат қилишади.Мухтасар қилсак, соҳада креатив ёндашувлар бугун ўз самарасини бермоқда. Давлатимиз томонидан балиқчилик корхоналарини зарур техника воситалари ҳамда озуқа билан таъминлаш чоралари кўрилиб, кўл ва сув ҳавзаларининг тадбиркорларга узоқ муддатга ижарага берилиши, имтиёзли шартлар асосида лизинг ва кредитлар ажратилиши Навоий вилоятида ҳам ўз самарасини бериб, бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотлари нархи ошишининг олди олинмоқда. Бироқ таъкидлаганимиздек, вилоятда балиқчилик хўжаликлари томонидан 70 гектар майдондагина интенсив усулда балиқчиликнинг йўлга қўйилгани ҳали тармоқда ишларни янада жонлантириш зарурлигини тақозо этади.
— Шу мақсадда яқин келажакда қиймати 264 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига 42 та янги лойиҳа амалга оширилади, — дея давом этади П. Рўзиқулов. — Бу эса ўз навбатида аҳоли дастурхонига сифатли, ҳамёнбоп балиқ маҳсулотлари етказиб бериш баробарида балиқ истеъмоли кўламини кенгайтириш ҳамда талабдан ошиғини экспортга йўналтиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоиз, балиқчилик тармоғининг равнақ, иқтисодиётимиз самарадорлиги учунгина эмас, балки парҳезбоп ҳамда витаминларга бойлиги ва шифобахшлиги билан тиббий нуқтаи назардан ҳам аҳамиятли. Қолаверса, ушбу тармоқ ҳар бир ҳудуд учун туризм жозибадорлигини оширишда муҳим ўрин тутиши бор гап.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг