«Билмак Навоийни — зўр маърифат нишони...»

12:19 30 Январь 2025 Маданият
696 0

Олти асрга яқинки, Алишер Навоий ўз халқининг манглайини маърифат нури билан ёритиб келаётган улуғ сиймолардан бири ҳисобланади. Ҳар йили ўзбек тили байрами арафасида тенгсиз тафаккур даҳосининг буюклигини кўрамиз.

Навоийнинг 584 йилдан бери таваллуд айёмини нишонлаб келаётган бўлсак-да, умримизни Навоий йиллари билан ўлчасак, биз бул улуғ зотга қанчалик яқинлашдик? Беназир тафаккур оламини нечоғлиқ теран англадик? Амир Алишернинг ғазалларини Ҳиротдан тортиб Самарқандгача қанча ҳофизлар куйлаб келган. Навоийнинг Самарқандга қилган сафарлари, бу ерда кечирган ҳаёти, бу сермашаққат, аммо фараҳли йилларнинг шоир кейинги ижодига таъсири масалалари олимлар томонидан қанчалик муфассал ўрганилган?

— Ўтган асрнинг ўрталарида академик Воҳид Абдуллаев улуғ шоиримизнинг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида фундаментал тадқиқот яратди. Бу тадқиқот бугунги кунга қадар ҳам ўзининг юксак илмий қимматини йўқотгани йўқ, — дейди биз билан суҳбатда навоийшунос олима Дилором Салоҳий. — Унинг навоийшуносликдаги аҳамияти шундан иборатки, буюк шоир ҳаёти даврларининг Машҳад, Ҳирот (Самарқандга келгунга қадар), Астробод тафсилотлари муфассал ёритилмаган. Фанимиз бу соҳада умумий маълумотлар билан кифояланмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари ҳам бор, албатта. Навоий Машҳадда жуда ёшлик даврларида бўлган. Унинг бу ердаги фаолияти асосан ўқиш-ўрганишдан иборат бўлиб, уни қуршаган адабий-маърифий муҳит ҳақида ўз асарларида маълумотлар қолдирган. Астрободда шоир бор-йўғи бир йил бўлган. Шунинг учун унинг бу давр ҳаёти тафсилотларини ёритишнинг мушкуллик жиҳатлари бор. Самарқандда эса шоир онгли ҳаётининг энг жўшқин даври кечди. У бу ерга машҳур шоир бўлиб келди. Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳожибек Вафоий уни ўз мартабасига муносиб тарзда иззат-икром қилди. Самарқандлик йирик олимлар унга дарс берганларида алоҳида эътибор билан муносабатда бўлдилар. Аммо энг муҳим ва жиддий масала борки, бу Самарқанднинг ҳазрат Навоийнинг Машҳадда Шайх Камол Турбатий, Паҳлавон Муҳаммадлар воситасида шакллана бошлаган фалсафий-маърифий, диний-тасаввуфий қизиқишлари бир ўзанга тушишига йўл очган, бу соҳадаги дунёқараши шаклланишига имкон яратган шаҳарлардан бири эканлигидир. Академик Ботирхон Валихўжаев хулосаларига кўра, ҳазрат Навоий Ҳиротдан чиқиб кетишни ният қилар экан, қайси шаҳарни танлаш ўзининг ихтиёрида эди. Ул зот Камоли Турбатийдек, Паҳлавон Муҳаммаддек дўсту ёрлари бор бўлган шаҳар — Машҳадни танлаши ҳам мумкин эди. Бунинг устига, шоир Ҳиротдан кетишни ният қилган пайтлари отахони Саййид Ҳасан Ардашер ҳам Машҳадда эди. Аммо Навоий Самарқандни танлади. Чунки бу ерда ақли камолга етган, қаламининг шуҳрати кенг ёйилган ёш шоирни меҳригиё сингари ўзига тортиб турган янги илм – илми ирфон дарғаси, муршиди комил Ҳазрати Хожа Носуриддин Убайдуллоҳ Аҳрори Вали бор эдилар. Навоийнинг Самарқанддаги таҳсил йиллари, ул зотни қуршаган маънавий, адабий муҳит, шоир ва Абуллайсийлар хонадони, шоирнинг машғулотлари ва билим доираси, адабий фаолияти, унинг Ҳиротга қайтиши ва Самарқанд билан доимий муносабатда бўлиши, Навоийнинг самарқандлик издошлари каби мавзулар академик В. Абдуллаев илмий тадқиқоти ва «Навоий Самарқандда» деб номланган монографиясида кенг таҳлил этилган бўлса, кейинги йирик навоийшунос олим Б. Валихўжаев шоир фаолиятининг янги тафсилотларига аҳли илм эътиборини тортди. Олим Навоийнинг Шайх Хожа Аҳрори Вали назарига тушиши, унинг илтифотларига мушарраф бўлиши, йирик фақих Хожа Файзуллоҳ Абулайс Самарқандий ва унинг оиласи билан муносабатлари, Самарқандда яратилган ёки бу шаҳар билан боғлиқ асарлари хусусида фикр юритади. У ўзигача яратилган тадқиқотларни тўлдиришга, янги илмий фактлар билан бойитишга интилар экан, шоирнинг нақшбандия тариқатига расман кириши ҳам Самарқанд билан бевосита боғлиқ эди, деган фикрни ўртага ташлайди. Унинг кузатувларига кўра, шоир ўзининг пири, шайх Нуриддин Абдураҳмон Жомий билан ҳам Самарқанд сафарида, карвон йўлларида учрашган эди. Олим Навоийнинг самарқандлик ёру биродарлари, энг қадрли ҳамсабоқ дўстлари билан муносабатларини ҳам назардан қочирмайди.

Алишер Навоий ўзининг Ҳиротдан чиқиб кетиши сабабларини сўзлаб, отахони Сайид Ҳасан Ардашерга йўллаган машҳур “Маснавий”сида бир толиби илмнинг мусофирликдаги қийинчиликларини баён этар экан, бевосита ўз ҳаёти тафсилотларига ишора этади.

Алишер Навоий ўз асарларида қийналиб қолган пайтларида бағрига олган Абуллайсийлар хонадонини ҳурмат билан эслайди. Ҳозир ўша машҳур хонадон жойлашган маҳалла борми?

— Абуллайсийлар хонадонининг XV аср иккинчи ярмида Самарқандда фаолият кўрсатган, илм-фан ва адабиёт соҳасида кўзга кўринган вакили Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий эди. Бу фозил шахс ҳақида ҳозирча жуда кам маълумот етиб келган. Аммо, манбаларда Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий “Мовароуннаҳр акобирларидан бири” (Абдураззоқ Самарқандий), даврининг Абу Ҳанифаи сонийси (Алишер Навоий), Ибн Ҳожиби, Абу Али Синоси (Хондамир), хуллас, аълами уламоси тарзида тилга олинади. У Мирзо Улуғбек наздида жуда эътиборли алломалардан бўлган. Шунинг учун Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий Мирзо Улуғбек билан бирга бир неча марта Шоҳрух Мирзо ҳузурида бўлиб, у ерда икки ойлаб қолиб кетган. Шоҳрух Мирзо саройи акобирлари, жумладан, Ғиёсиддин Баҳодир билан ҳам учрашган ва танишган кўринади. Улуғбек фожиасидан сўнг ҳам Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий Самарқанддаги аждодлари яшаган Ал-Фақеҳ Абуллайс гузарида бино қилинган хонақосида толиби илмларга фиқҳ, тиб, тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича дарс беришни давом эттирган. Толиби илмлар қаторида бу ерда Алишер Навоий ҳам бўлган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”да келтиришича, Абусаид Мирзо томонидан Самарқандга “ихрож” қилинган Алишер Навоийнинг ҳомийси шаҳар ҳокими Аҳмад Ҳожибек Вафоий эди. Навоий бу киши кўмагида Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий хонақоҳидан ҳужра олиб, икки йил шу ерда яшаб, машҳур олимдан тилшунослик, адабиётшунослик, фиқҳ – ислом қонуншунослигидан сабоқ олди. Ўзининг қобилияти туфайли устозининг эътиборини қозонди ва шу даражага етдики, Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий уни “фарзандим” дер эди.

Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий ва Алишер Навоийнинг устоз-шогирдлик муносабатлари, самимий дўстликлари, улар иккаласи учун ҳам ғоявий ҳаммаслак ва ғоятда азиз бўлган инсон Хожа Аҳрори Вали билан бўлган суҳбатлари ҳақида академик Б.Валихўжаев ўзининг юқорида қайд этилган мақолаларида ва “Буюк маънавий муршид” номли монографиясида анча муфассал маълумотлар беради.

Навоий 1469 йилда Ҳиротга қайтиб, давлат арбоби сифатида иш бошлаганда ҳам, умуман, умрининг охирига қадар бу хонадонни унутмади. Самарқанд билан алоқасини янада мустаҳкамлади. Шунинг учун кўпгина самарқандлик аллома ва шоирлар Ҳиротга борганда Алишер Навоий илтифотларидан баҳраманд бўлар эдилар. Абуллайсийлар хонадонининг икки вакили – Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг фарзанди Хожа Хованд Абуллайсий ва шу хонадонга мансуб Хожа Абулқосим Абуллайсий шулар жумласидан. Буларнинг иккови ҳам Навоий илтифотидан баҳраманд бўлганлиги учун ўз миннатдорлигини китоблар ёзиш билан ифода этганлар. Хожа Хованд ибн Фазлуллоҳ Абуллайсий “Ҳошияи мифтоҳ” ва “Ҳошияи талмеҳ” асарларини, Хожа Абулқосим Абуллайсий эса “Ҳошияи мутаввал” асарини Навоийга бағишлаганлар. Демак, Абуллайсийлар хонадонининг бу икки намоёндаси Алишер Навоий кўмагида шу хонадон илмий анъаналарини давом эттирганлар.

Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий яшаган маҳаллада унинг уй-музейи бунёд этилган.

— Навоийнинг Самарқандда яшаб ёзган асарлари ҳақида гапириб берсангиз. Шу қўлёзмаларнинг асл нусхаси қаерда сақланади?

— Баъзи манбаларда Навоийнинг Самарқандда ёзилган асарлари хусусида маълумотлар бор. Навоийнинг Самарқандда ёзилган:

Кўкрагимдир субҳнинг пироҳанидин чокрок,

Кирпиким шабнам тўкилган сабзадин намнокрок,

матлаъси билан бошланувчи ажойиб дилтортар ғазали ҳақида Ботирхон Валихўжаев қизиқарли маълумотлар келтиради. Шоирнинг зулқофиятайн санъати билан дарж этилган, ўткир фаҳм-фаросати билан «саромади замона» саналган дўсти Мирзобек хотирасига ёзиб тугатилган:

Кўзунг не бало қаро бўлубтур,

Ким жонга қаро бало бўлубтур.

деб бошланувчи ғазали ҳам Самарқанддаги ижодиёти намуналаридан биридир. У дўсти қалами натижаси бўлган мазкур матлаъни унинг хотирасини абадийлаштириш учун тўлиқ ғазал ҳолига келтирганлиги ҳақида «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида маълумот беради.

Навоийнинг Самарқанддаги адабий-илмий фаолияти ҳали жуда кўп тадқиқотлар учун мавзу бўлиши мумкин. Навоийшунослик соҳасида изланишлар олиб борувчилар шоирнинг бу ерда аниқ ва табиий фанларни ўрганиш бўйича қилган саъй-ҳаракатлари, қизиқишлари доираси ҳақида чуқурроқ фикр юритмоқлари, унинг мактуботидаги Самарқанд билан боғлиқ тафсилотларга аниқлик киритишлари, Самарқанддаги қадамжолари харитаси хусусида ўйлаб кўрмоқлари лозим. Шоир шеъриятида осмон жисмлари, сайёралар билан боғлиқ чуқур илмий мулоҳазалар кўзга ташланади. Бу унинг Мирзо Улуғбек расадхонасида олган таълими самаралари эмасмикин? Шоир асарларида қимматбаҳо тошлар, жавоҳирлар ҳақида ҳам теран илмий тушунчалар, ташбеҳлар, бадиий лавҳалар учрайди. Бу бевосита Навоийнинг бирор жавҳаршунос устози ҳам бўлгандир, деган тасаввур уйғотади. Яна бажарилиши муҳим ишлардан бири – улуғ шоирнинг 7 000 га яқин сўзлар таржима ва шарҳларидан иборат “Сабъату абҳур” (“Етти денгиз”) номли арабча-туркий луғати қўлёзмаларини топиб, ўрганиб, нашр эттиришдир. Бу каби қатор саволларга жавоб топиш учун ҳали самарқандлик толиби илмлар ихлос билан жуда кўп изланишлар олиб боришлари лозим.

— Навоий беш ярим аср олдин бугунги ўзбек тилини ўз асарларида туркий тил деб улуғлаган. Бугун Алишер Навоийнинг ғазалларини таржима қилиш қанчалик муҳим деб ўйлайсиз?

— Мир Алишер Навоий асарлари ёзилган тил ХIХ-ХХ асрларда “чиғатой туркийси” деб аталган, яъни мовароуннаҳрлик туркий тилда сўзлашувчилар тили. Ҳазрат Навоий ҳам ўз тилларини “туркий” деб атаганлар ва асарларида шу истилоҳни қўллаганлар. “Ўзбек тили” дейилганда эса қипчоқ шевасида сўзлашувчи маҳаллий халқлар тили назарда тутилган.

Ҳазрат Навоий асарларини, айниқса, ғазалларини сўзма-сўз таржима қилиш, шундан сўнггина уларни шарҳлаш, изоҳлаш, талқин қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки, Ҳазрат ғазалларида арабий, форсий сўз ва иборалар, сўфиёна истилоҳлар кўплаб қўлланилган. Бу ўша давр илмий ва адабий услублари хусусияти эди. Суфиёна истилоҳларни ўрни-ўрнига қўйиб, тўғри қўллаб, насрий баён этиб ҳам ғазал мазмунини англаш – мушкул. Ғазалнинг ҳам ғоявий маъно-мазмунини англаш, ҳам унинг бадиий қудратини қалбан ҳис этиш лозим. Бунинг учун ҳакимона фаҳм, ўта нозик ва ҳозиржавоб ички туйғу – интуиция зарур. Албатта, мутафаккир шоир шеъриятини ҳамма бирдай, “бир бор экан, бир йўқ экан ... ”, деб бошланадиган эртак сингари осонгина тушунавермайди. Навоийни тушунмоқ учун билим керак, фаҳм керак, бадиий дид керак. Ҳакимни англамоқ учун — ҳаким, олимни англамоқ учун — олим, мутафаккирни англамоқ учун — камида илм толиби бўлмоқ керак.

Навоий таваллуд топган замин ҳозир “Афғон замини” дейилмоқда, аслида бу заминнинг номи — бизнинг катта ватанимиз — Туронзамин. Ҳазрат қадимий Хуросон пойтахтида таваллуд топган. Асарлари тили, лаҳжалари — мовароуннаҳрликларнинг қарлуқ лаҳжаси. Бу ҳақда Ҳазратнинг кичик замондошлари Заҳириддин Бобур “Бобурнома”да аниқ айтиб қўйган, яъни “Алишербекнинг тили Андижон лаҳжаси била ростдур”, деб.

Мен ҳозирги кунда ҳам гап оҳанги, ҳам сўз ва иборалар, истилоҳлар луғавий ва истилоҳий маънолари, ҳам гапимиз таркиби ва услуби жиҳатидан дунёдаги энг гўзал, равон, балоғатли бир тилда сўзлашиш бахтига эга эканимиздан ифтихор қиламан.

— Навоийни барча туркий халқлар севишга, ардоқлашга ҳақли. Аммо шоир “Шоҳ тожу хилъатиким, мен тамошо қилғали, Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас”, дея ўзбек номини ўз асарларида бир неча марта тилга олади. Ҳазрат қаерда бўлмасин, Самарқанд билан ҳеч қачон алоқани узмаган, уни доим ёдида тутган. Шуни ҳисобга олган ҳолда Самарқанддаги Навоий номи билан аталган тарихий жойларни сақлаб қолиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

— Ҳазрат Мир Алишер Навоий ўзбек, қипчоқ, қиёт, барлос, турк, ўғуз, туркман каби ибораларни асарларида қўллаш билан бирга: “МЕН БУ ТИЛДА СЎЗЛАШУВЧИЛАРНИ — УЛ МАМЛАКАТНИ ЯКҚАЛАМ ҚИЛДИМ”, яъни ёзган асарларим билан барча туркий тилда сўзлашувчи элларни бирлаштирдим, дейдилар. Ҳазратнинг ўзларидан ортиқ қилиб ҳеч ким бу мавзуда сўзлай олмайди, энди.

Албатта, Самарқандда Ҳазратнинг номлари билан боғлиқ тарихий масканларни сақлаб қолмоқ, обод қилмоқ лозим. Аммо, Ҳазратнинг руҳи покларини шод, ўзимизнинг ҳаётимизни пок ва обод қилишни истасак, Ҳазратнинг ҳикматли қаламларига бўлган муҳаббатни ҳар биримиз қалбимизга нақш этмоғимиз лозим! Чунки, биз Ҳақ таоло азиз қилган миллат, Мир Алишер Навоийси бор миллатмиз.

Адиба УМИРОВА

(«Халқ сўзи»)

суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?