Бешта ОТМдан бирортасига киролмаган абитуриент ҳам ўқишга қабул қилинади

16:45 08 Август 2025 Сиёсат
584 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан эндиликда абитуриентлар 5 та олийгоҳдан бирортасига киролмаган бўлса, лекин тўплаган балли бошқа олийгоҳдаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, шу олийгоҳ ректори уларни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади.

«Биз абитуриентларга 5 та олийгоҳни танлаш имконини бердик. Бу – олий таълимда катта сакраш, десак адолатдан бўлади. Буни янада кенгайтирамиз», дейди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, бу давлат ва хусусий олийгоҳлар ўртасида рақобатнинг ривожланишига хизмат қилади.

Шунингдек, Президент ҳозирда банд бўлмаган 92 минг битирувчини ишга жойлаштириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш йўналишларини кўрсатиб ўтди.

20 минг нафар битирувчи магистратура ва иккинчи мутахассислик билан қамраб олинади. Яна 20 минг нафар битирувчини 10 мингга яқин корхонадаги стаж талаб қилмайдиган иш ўринларига жойлаштириш мумкин.

Ҳар бир вилоятда бизнес-инкубаторлар ташкил қилиб, уларда тадбиркорлик стартаплари, маркетинг, дизайн, АТ хизматлари орқали 15-20 минг битирувчини банд қилиш топширилди.

Кимё, энергетика, геология, автосаноат, металлургия, фармацевтика тармоқларида 10 минг муҳандис, технолог, оператор, стандартлаш, сифат назорати, молия, иқтисодиёт йўналиши битирувчиларини ишга жойлаш имконияти бор.

Шунингдек, тўқимачилик, чарм, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат каби маҳаллий саноат тармоқларида 5-7 минг битирувчини доимий иш билан таъминлаш мумкин.

Мутасаддиларга 6 минг битирувчини транспорт, логистика, йўл, қурилиш, коммунал соҳалар билан қамраб олиш, педагогика, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, маданият, санъат соҳалари муассасалари ва ўқув марказларида 10 минг битирувчини ишли қилиш топширилди.

Яна 30 минг битирувчига бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?