Беморларни дўстига айлантирган шифокор

17:06 03 Апрель 2025 Жамият
311 0

Абдулазиз Йўлдошев/«Халқ сўзи». Ҳар қандай касбнинг ҳам шарафли, ҳам машаққатли томони бўлади. Тиббиёт касби ҳам шундай. Ҳар куни беморларнинг сўлғин нигоҳлари, ўлимига дуч келиб, қалбингиз қаттиқлашади. Аммо ҳақиқий шифокор нафақат қутқара олмаган беморлар туфайли азоб чекади, балки уларнинг яқинлари учун ҳам қайғуради.

Таниқли шифокор Нурмамат Абдуллаевни билган ҳар бир киши уни фақат илиқ сўзлар билан эслайди. У иккинчи жаҳон уруши кечаётган йилларда Хива шаҳрида туғилган. 1967 йил Самарқанд Давлат тиббиёт университетининг даволаш факультетини имтиёзли диплом билан тугатиб, аспирантурада таҳсил олади. Унинг илмий раҳбари профессор Н.А.Мирзоян шогирдини номзодлик диссертациясини ёқлаб, ўз касбининг моҳир мутахассиси бўлгунича қўллаб-қувватлаб туради. Нурмамат Абдуллаевни умрининг сўнгги кунларигача қўлидан китоб тушмади. Йигирма олти йиллик фаолияти давомида беморлар унинг яқин дўстларига айланди. Энг қийин вазиятларда доим ёрдамга келиб, минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди.

— Ажойиб ташкилотчи ва малакали мутахассис Нурмамат Абдуллаев ҳаёт бўлганида шу баҳорда 80 ёшга тўларди, — дейди Тиббиёт фанлари номзоди, доцент Турсунпўлат Шомуродов. — Узоқ йиллар Самарқанд Давлат тиббиёт университети 1-клиникаси бош шифокори вазифасида ишлади. Шифокор фаолиятининг дастлабки йиллари ўтиш даврининг оғир дамларига тўғри келади. Клиникани қийинчиликлардан олиб чиқиб, янги йўналишдаги бўлимларга асос солди. Мазкур бўлимлар хорижий инвестициялар ҳисобидан АҚШ, Германия Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Франция, Англия, Швейцарияда ишлаб чиқарилган замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Чет элнинг бир неча нуфузли илмий-амалий марказлари, жумладан Жанубий Кореянинг Кёнбук Миллий университети клиникаси билан келишув Меморандумини имзолаб, илмий-амалий алоқаларни ўрнатди. Натижада 1-клиника юртимизнинг жануби-шарқий ва шимоли-ғарбий минтақаларидаги йирик ва нуфузли, кўп тармоқли, аҳолига тиббиётнинг 40 дан зиёд йўналишлари бўйича юқори малакали ихтисослаштирилган даволаш-профилактика марказига айланди. Ҳозир кўпчилик Нурмамат Абдуллаевни бағрикенг устоз, оқибатли ҳамкасб, жонкуяр раҳбар сифатида эслашади. Орамизда бўлмасада, нафақат ҳамкасблари, балки ёш шифокорлар ҳам етук мутахассис сифатида тан олади.

Маълумки, клиника Самарқанд Давлат тиббиёт университетининг ажралмас таркибий қисми ва асосий ўқув-илмий даволаш базаси ҳисобланади. Бугунги кунда Нурмамат Абдуллаев ташкил этган бўлимларда бўлажак шифокорлар чуқур назарий билим олиб, касбий кўникмаларини шакллантириб бормоқда.

— Нурмамат Абдуллаев мутахассис сифатида ҳам катта билим, тажрибага эга эди, — дейди СамДТУ кўп тармоқли клиникасининг бош шифокор ўринбосари Камол Саидмуродов. — Клиникада оғир беморларга консилиум ўтказишда ўзи раҳбарлик қилиб, юксак салоҳияти билан кўплаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолган. У ҳар доим бизга клиника остонасини босиб келган ҳар бир бемор ва унинг яқинлари шифохона дарвозасидан норози бўлиб чиқиб кетмаслигини уқтирарди. Заҳматкаш шифокор меҳнат фаолиятининг яна бир ибратли томони, у клиника бош шифокори вазифасида ишлаш даврида ўзининг илмий-педагогик фаолиятини самарали давом эттирди.

Н.Абдуллаев узоқ йиллик меҳнати туфайли «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони, «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. СамДТУ Илмий кенгашининг тегишли қарорига биноан 2-сон даволаш факультетининг 1-сон ички касалликлар кафедрасига номи берилди. Заҳматкаш шифокорнинг ёрқин хотираси касбдошлари, шогирдлари, фарзанду набиралари ва дўстлари қалбида ҳамиша барҳаётдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?