Бекор бўлган давлат буюртмаси, ўзгарган минимал кириш баллар… Олий таълимда яна қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

17:08 08 Май 2024 Жамият
380 0

Фото: "Халқ сўзи"

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов соҳадаги муҳим ўзгаришлар ҳақида маълум қилди.

Қуйида уларнинг айримлари ҳақида тўхталамиз:

Биринчидан, давлат буюртмаси параметрларини амалдаги олийгоҳлар кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида тасдиқлаш тартиби жорий этилмоқда.

Иккинчидан, ижтимоий-гуманитар йўналишларга давлат буюртмасини қисқартириб, ушбу квоталарни устувор равишда муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳалари орасида тақсимланади.

Учинчидан, 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларни тайёрлаш ва уларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ 4 йиллик давр учун тасдиқланади.

Тўртинчидан, ўқишга кириш учун минимал ўтиш балини 2 босқичда амалга оширилиб, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун – 94,5 балл, бошқа йўналишлар учун – 75,6 балл этиб белгиланади. Амалда барча йўналишлар учун – 56,7 балл эди.

Бешинчидан, давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклида ажратилади. Бунда таълим гранти – талабаларга бир ўқув йили учун ажратилади ҳамда 1-курсда ўқишга кириш натижалари бўйича, 2-курсдан бошлаб рейтинг кўрсаткичлари бўйича энг юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади. Шунингдек, ижтимоий-рағбатлантирувчи грант – мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун берилади. Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.

Олтинчидан, сиртқи таълим шакли учун квоталарни кундузги таълим шакли учун ажратилган квотадан оширмаслик белгиланади. Шунингдек, сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофавий таълим шаклини кенгайтириш ва узайтирилган таълим шакли жорий этиш орқали тугатилади.

Еттинчидан, магистратура ва докторантурага қабул қилишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талаби қуйидагича ўзгартирилади. Таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади. Соҳа хусусиятидан келиб чиқиб маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона – B1 даражасига туширилади (аввалги тартибда B2 эди).

Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида C1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида B2 даражада сақланади.

Саккизинчидан, олийгоҳ ҳамда коллеж ва техникумларга қабул қилиш имтиҳонлари «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида ўтказилади.

Бунда:

— абитуриентлар тестни 1 маротаба топширади ва тўплаган бали билан дастлаб олийгоҳга, бали олийгоҳга етмаган тақдирда, профессионал таълим ташкилотига кириш учун танловда иштирок этади;

— олийгоҳларга қабул жараёни 2 босқичда:

1-босқич рўйхатдан ўтиш ва тест фанларини танлаш;

2-босқич олийгоҳ – тест натижаси эълон қилингандан сўнг таълим йўналиши ва шаклини танлаш орқали амалга оширилади.

Амалда абитуриент рўйхатдан ўтишда мос 5 тагача олийгоҳни (йўналишни) танлайди ва ушбу олийгоҳлар (йўналишлар) бўйича танловда иштирок этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?