«Бек ва Лола» – болажонларимиз учун аталган миллий лойиҳа

12:55 05 Август 2024 Жамият
477 0

Элёр ҲАЙДАРОВ/«Халқ сўзи». Ижтимоий тармоқда болаларга аталган ўзбек тилидаги миллий контентларни шу вақтгача топиш қийин эди. Шунинг учун Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан болажонларимиз учун миллий қаҳрамонлар лойиҳаси йўлга қўйилди. Жорий йилнинг 2 август куни лойиҳа асосида қаҳрамонлар образини гавдалантирган «Бек ва Лола» анимацион мультфильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Бек ва Лола» анимацион мультфильми болажонларга миллий қадриятларимизни англатиш, таълим олиш, одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатиш, табиатни асраш ва уларни спортга ундаб, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган.

Анимацион мультфильм қаҳрамонлари «Бек ва Лола» исмли опа-укалар бўлиб, воқеалар асосан улар билан бирга кечади. Мультфильм 3D ва 2D графикасида тайёрланган. Унинг ҳар бир қисми учун алоҳида мавзулар танлаб олинган. Қисқа метражли мусиқий қисмларининг давомийлиги эса 4-5 дақиқани ташкил этади.

Мультфильмнинг ҳар бир фасли 5 қисмдан иборат бўлиб, унда турли мавзулар бўйича мусиқий контентлар бериб борилади. Биринчи фаслда бадантарбия, алифбо, ранг ва сонлар ҳақда қисмлар бериб борилса, кейингиларида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари тўғрисида сўз боради.

Лойиҳа давомида Ёшлар ишлари агентлигининг «Яшил макон», «Абу Райҳон Беруний», «Ал-Хоразмий» номли анимацион мультфильмлари ҳамда болалар адабиётидан «Беруний», «Ибн Сино», «Ал-Хоразмий», «Бобур», «Тўмарис», «Мирзо Улуғбек», «Алишер Навоий» болалиги ва «Жажжи академик» китоблар тўплами тақдимоти бўлиб ўтиши ҳам кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер