Бефарқликнинг адоғи борми? Ёхуд «қимматбаҳо» кўринмас қарор, йўқолиб қолган хат ва газета ўқимайдиган раҳбарлар ҳақида

16:02 15 Апрель 2021 Жамият
1508 0

Қарор топилмаяпти, маҳалла аҳли лолу ҳайрон, туман мутасаддилари бир четда томошабин, Хотира майдони қиёфасини бузаётган ноқонуний қурилиш эса давом этмоқда...

Эски ҳаммом, эски тос...

Фарғоналик таниқли ёзувчи, лафзидан “яхши-яхши”дан бошқа сўз чиқмайдиган дилбар инсон Йўлдош Сулаймон (Аллоҳ раҳмат қилсин), бир гал баҳонаи сабаб каминанинг қулоғига “эсингда бўлсин, ўз туғилиб ўсган юртинг ҳақида танқидий мақола ёзма”, деганди.

Шунга ҳам эллик йилдан ошибди. “Қирқ йилда қозон янги, эллик йилда эл янги...”, дейдилар. Қарангки, орадан шунча вақт кетиб, қанча сувлар оқиб ўтибди. Тузуму тутумлар ўзгарибди. Одамлар ўзгарибди.

Аммо кўпчиликнинг, айниқса, қуйи тизимдаги раҳбару амалдорларнинг дунёқараши, иш тутумлари ўзгармабди, ён-атрофларида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга, оддий халққа муомала-муносабатлари, қонуну қарорларга қарашлари, иш услублари деярли эскича қолибди, ўзгармабди.

Қарангки, ўзим ҳам ўзгармабман. Йўқса ёшим бир жойга борганда яна қўлимга қалам олиб, ўзим ҳар бир қарич тупроғини, дала-тузини, содда меҳнаткаш одамларини жонимдан-да ортиқ кўрадиганим — она қишлоғим ҳақидаги танқидий битигимни ёзиб ўтирармидим. Тағин, бу биринчиси эмас, иккинчиси ҳам эмас — учинчиси!

Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши, дейсиз-да? Сиз ҳақсиз.

Энди буёғини, гапнинг бўлгану бўладиганини эшитинг.

Биринчи мақола хабарингиз бўлса, “Халқ сўзи” газетасининг шу йил 11 февраль сонида “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” рукни остида ёритилганди. “Тириклик... тирикчиликми?” деб номланган мазкур битикда йигирма мингдан зиёд аҳоли яшайдиган, шундан тенг ярми ўттиз ёшгача бўлган йигит-қизларни ташкил этадиган тумандаги энг катта ва кўҳна Санг қишлоғида на бирорта маданият уйи, на бирорта клуб, на бирорта кутубхона, жиллақурса, чоғроқ бўлса-да спорт мажмуаси йўқлиги ҳақида, ишсиз ёшлар, бекорчиликдан нима қиларини билмай юрган укаларим, жигарбандларим ҳақида ёзгандим.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай дарвозамиз туруми тақиллади. Очсам, қаторлашиб чамаси ўн беш нафар бири-биридан келишган йигитлар турибди. Салом-аликдан кейин меҳмонларнинг мақсад-муддаолари ойдинлашди. Булар танқидий мақолани жойида текшириш учун туман ҳокимлиги томонидан тузилган комиссия аъзолари бўлиб чиқди.

— Яхши, — дедим мақолам раҳбарларга таъсир қилганидан кўнглим ёришиб. — Биздан нима хизмат?

— Хизмат йўқ, — деди ўзини туман Кенгаши котибияти мудири Иқбол Ҳолиқов деб таништирган йигит. — Кичик бир эътироз... “Боғкўча” маҳалла фуқаролар йиғинида кутубхона бор.

...Шу гапнинг эртаси йўлим ўша маҳаллага тушдию, маҳалла фаоли Тўхтабой Маҳмудовдан кутубхонани кўрсатиб юборишини илтимос қилдим.

— Кутубхона йўқ, — деди Тўхтабой. — Нафақат бизнинг маҳаллада, бошқа бирортасидаям йўқ...

Хуллас десангиз, “нуфузли” комиссия сувга тушган тошдек кетди. Бу орада бодомлар, ҳатто, ўрик ва шафтолилар аллақачон гулини тўкиб, мева тугди. Дов-дарахтлар куртак очиб, япроқ ёзди. Орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай Поп тумани ҳокимиятидаги масъуллар таҳририятга жавоб йўллашганича йўқ. Ҳатто, бу орада газетамиз чиқишларига беэътибор раҳбарлар ҳақида алоҳида материал ҳам чоп этилди. Поплик мутасаддилар эса ҳамон сукутда. Бир ойдан ошдики, на “ҳа”, на “ҳу” деган жавоб йўқ. Ишлар эса ўша-ўша — эски ҳаммом, эски тос.

Куни кеча қишлоқда гап оралади. Муҳаммаджон деган бемор ётган биродаримизнинг етилган новвосини ўғри уриб кетибди...

— Яқинда бир кишининг молини, яна бир йигитнинг қўйини ўғирлаб кетишганди, — дейди ҳамқишлоқларимдан бири. — Ҳаммаси бекорчиликдан. Тоғни талқон қилишга қодир йигитлар кўчада писта чақиб, сигарет тутатиб ўтирса. Ахир нимаям қилсин шўрликлар? Тайинли иш бўлмаса, бундоқ дам олиб ҳордиқ ёзадиган бирор маскан бўлмаса?! Боз устига тумандаги катта-катта корхоналар аллақачон ёпилиб кетган бўлса, ҳеч жойдан даромад бўлмаса, бола-чақаси чуғурчуқдек оғзини очиб турса, кўз олди туманлашиб, ўзини дуч келган тешикка уради-да!..

Эркинжон кимнинг эркатойи?

Иккинчи мақола ёдингизда бўлса “Халқ сўзи”нинг 30 март сонида эълон қилинди. “Қиёфаси бузилаётган Хотира майдони, кексаю ёшни заҳарлаётган корхона...” деб номланган бу мақола яна ўша Санг қишлоғидаги Боғкўча маҳалласи фаолларининг таҳририятимизга йўллаган шикоят хати асосида ёзилганди.

Маҳалла фаоллари шикоят хатини таҳририятга йўллаш билан бирга туман ҳокимига ҳам мурожаат қилишган экан.

— Маҳалла кенгаши аъзолари, фаолларимизнинг шикоят ёзишига сабаб қўшни Ойбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқий тарғибот бўйича ўринбосари Эркинжон Рустамовнинг маҳалла аҳли билан ҳисоблашмай, ўзбошимчалик ила Хотира майдони бурчига музқаймоқ дўкони қуришга киришгани бўлди, — дейди “Боғкўча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қаҳрамон Очилдиев.

Раиснинг айтишича, у Рустамовдан қарордан бир нусха беришини сўраган.

— Қарорни кўрсатиш ҳам, нусха бериш ҳам мумкин эмас, — деган бунга жавобан ҳуқуқ тарғиботчиси. — Аммо рақами, санасини айтишим мумкин. 2019 йил 18 сентябрь. 45/37-сонли қарор...

Маҳалла раиси туман ҳокимиятига чиқиб боради. Девонхона мудири Абдуқаҳҳор Алихоновдан юқоридаги қарордан нусха беришини сўрайди.

— Бугун комиссия бор, эртага келинг, — дейди Алихонов.

Раис эртасига эрталаб боради.

— Ҳокимдан топшириқ бўлмагунча беролмайман, — дейди бу гал девонхона мудири.

Шундан кейин раис “Фаолларимизнинг аризаси чиқдимикан?” деб ҳокимлик қурилиш бўлимига бош суқади. Бу ерда Мадина деган қиз:

— Хатингиз чиққан, мана рўйхатда турибди, — дейди. — Мен уни архитектура бўлимидаги Аҳаджон деган йигитга топширганман, ҳозир билиб бераман, — дея бўлимга тушиб кетади. Бир оздан кейин чиқиб:

— Аҳаджон йўқ экан. Мен аниқлаб сизга телефон қиламан, — дейди.

Эртасига телефон қилади.

— Негадир мен топширган хатни топиб беришолмади, — дейди Мадина. — Йўқолиб қолганмиш. Менга нусхасини ташлаворинг, қайтадан топшираман.

Маҳалла раиси 8 апрель куни хат нусхасини ҳокимиятга қайтадан жўнатади...

Туман ҳокими Аъзамжон Султонов на шикоят ёзган маҳалла фаолларига, на “Халқ сўзи” газетаси таҳририятига жавоб йўллаганича йўқ. Ҳоким ҳам, қурилиш бўлимидагилар ҳам, учинчи сектор бошлиғи Санжарбек Абдуллаев ҳам бир четда жимгина томошабин бўлиб туришибди. Эркинжон Рустамов бўлса қурилишни баҳузур давом эттиряпти.

— Ўшанда ҳокимликдан қарор нусхасини ололмагач архитектура бўлимидагиларга учрашдим, — дейди маҳалла раиси. — Ажаб, ўша рақамли қарор борликка бор экану, аммо бутунлай бошқа одам номига берилган, бизнинг Хотира майдонимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлиб чиқди.

Бу демак, қарорда қандайдир ишкаллик бор. У ё сохта ва ё...

Маҳалла раиси кунда-кун оша қўнғироқ қилади.

— Эркинжон бетонни қўйиб бўлиб, тупроқ олиб келиб “засипка” қиляпти, — дейди у.

Эртаси яна қўнғироқ:

— Эркинжон бир машина қум ағдариб кетди...

—...Туман маркази билан Санг қишлоғи ораси нари борса ўн километр. Енгил машинада ўн дақиқалик йўл. Шунча кундан бери туманнинг бирор масъул раҳбари, қурилиш, архитектура бўлимидагилар келиб воқеани ўзи кўзи билан кўриб, хулоса чиқармаётгани, бир қарорга келмаётгани қизиқ, — дейди маҳалла фаоли Аҳмаджон Ботиров. — Кун ўтяпти, қурилиш давом этяпти. Ҳокимиятдагилар эса худди атайин қилган каби хатимизга ҳам, таҳририят мақоласига ҳам муносабат билдирмай “Қани сенларни қўлларингдан нима келади?” дегандек Эркинжонни отлантириб, узоқдан гиж-гижлаб тургандай.

—...Қурилиш тезлашиб кетди, — дейди маҳалла раиси. — Усталар кеча ғишт уришга тушди. Буёғини сўрасангиз, бундан тўрт-беш кун бурун, мен иш билан чиқиб кетгандим, маҳалламиз идорасида янги очилган тикувчилик цехини кўргани туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Маҳмуджон Имомназаров келган экан. Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарим Насиба Эрматова бирга айланибди. Хотира хиёбони бурчидаги янги қурилиш ҳоким ўринбосари диққатини тортмасдан қолмабди.

— Бу ерни нима қиляпсизлар? — қизиқиб сўрабди.

— Шу ерни обод қилмоқчимиз, — дебди Эркинжон. — Лекин бир-иккитаси оёқ тираб, қаршилик қиляпти.

— Обод қиласизларми? — қайта сўрабди ҳоким ўринбосари.

— Обод қиламиз.

— Ундай бўлса, қураверинглар!..

Бу гапдан ўзида йўқ даражада хурсанд бўлиб кетган Эркинжон Рустамов ўша куннинг ўзида ғишт тўктирди, усталарни чорлади. Бино деворини урдиришга тушди.

Бу гапни эшитиб таажжубимиз ошди. Наҳот, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Маҳмуджон Имомназаров Хотира майдони атрофида бўлаётган гап-сўзлардан, маҳалла аҳли, фаоллари бу ишдан қаттиқ норози бўлиб ҳоким номига ариза ёзганидан бехабар бўлса? Жилла қурса “Халқ сўзи”даги танқидий мақолага кўзи тушмаганмикан?

Ҳоким ҳам, унинг ўринбосарлари ҳам газета ўқишмайди, дейишарди. Шу гап ҳаққул ростга ўхшаб қолди... Вилоят мутасаддиларичи?!

Ортиқали НОМОЗОВ («Халқ сўзи»)

Сўнгсўз ўрнида: мақола билан танишар экансиз, яна оғриқли саволларга дуч келасиз. Жойлардаги нуқсонларни матбуот кўтариб чиқаётган бир пайтда, нега катта-кичик раҳбарлар бу масалага панжа орасидан қарамоқда? Бефарқликнинг адоғи борми? Қачонгача маҳалла, туман миқёсидаги камчиликлар, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни фақатгина давлат раҳбари айтиши керак?

Ҳудудлардаги ҳолатни билатуриб билмаганликка олиш, хўжакўрсинга юришлар муддати қачон тугайди? Умуман, тўғри сўзни ўқишни, кўришни  истамаётган  мудроқ кўзларни очишнинг яна қандай йўллари бор экан? Ҳозирча буларга жавоб топиш қийин бўляпти. Лекин бу ҳолатлар узоқ давом этмаслигига ишонгимиз келади...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?