Тириклик...тирикчиликми? Ёки бугун қишлоқ ёшларининг бўш вақти қандай ўтмоқда?

Архив сурат
Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига етди. Кейинги йилларда эртамиз ворисларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари эълон қилинди. Бу муҳим масала давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида турибди. Шу йилнинг 27 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ҳам худди ана шу масалага — йигит-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш муаммоларига бағишланди.
Халқимизда “Эгри ўтирсанг ҳам тўғри сўзла”, деган мақол бор. Давлат раҳбари ҳар қанча куйиб-пишмасин, айрим туман раҳбарлари ҳали уйқудан уйғонганларича йўқ. Аксари қишлоқларда ўспиринлар учун, уларнинг ишлаши, дам олиши, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариши учун деярли шароит яратилмаган. Сўзимиз қуруқ иддаодан иборат бўлиб қолмаслиги учун ўзим истиқомат қилаётган Наманган вилоятининг Поп туманидаги энг кўҳна, энг гавжум масканлардан бири — Санг қишлоғидаги мавжуд аҳвол ҳақида қисқача сўзлаб берай.
“Бобурнома”да бир эмас, икки бор тилга олинган, ўз удум ва анъаналарига эга бу серфайз, қадим қишлоқда йигирма мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шуларнинг тенг ярми ўттиз ёшгача бўлган йигит-қизлар. Яқингача ҳам улар тумандаги Марказий Осиёда ягона бўлган “Ўзбеккровля” комбинатида ва бир қатор қурилиш, транспорт ташкилотларида, жамоа хўжалигида меҳнат қилишарди. Етти-саккиз йил нари-берисида бу ташкилотларнинг деярли барчаси банкротга учраб, фаолиятини тўхтатгач, маҳаллий ёшлар, таъбир жоиз бўлса, кўчада қолди. Жамоа хўжалиги ҳам тугатилиб, ўрнида фермер хўжаликлари ташкил топди (фермернинг эса ишчи кучи олишга, маош беришга асло тоқати йўқ. Битта фермерда — жамоа хўжалиги пайтида олтмиш-етмиш нафар одам ишлаб рўзғорини тебратган бўлса, бугун нари борса, беш-олтита одам ишлайди. Улар ҳам ўзига қарашли. Дала ишларини, асосан, ёлланма ишчилар, арзон-гаров мардикорлар бажаради... Ҳай, бу алоҳида мавзу).
Кўпчилиги Россия томонларга, баъзилари Туркия, Жанубий Корея каби давлатларга иш излаб кетишди. Албатта, четга чиқишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун ҳам маблағ керак. Маблағ тополмаганлар қишлоқдаги мардикор бозорининг “кунда-шунда”сига айланди.
Қишлоқда нима кўп — бекорчи кўп. Йўллар бўйида, гузарларда, катта-кичик дўконлар атрофида нима қилишини, қаён боришини билмай писта чақиб, сигарет тутатиб, арақ-вино ичиб (бобоси ё бувисининг нафақаси ҳисобига!) ўтирган давангирдай йигитларни учратиш мумкин. Юзга яқин дўконлар, ўндан зиёд дорихоналар, спиртли ичимликлар сотиладиган етти-саккизта “маркет”чалар кечасию кундузи фаолият кўрсатаётган қишлоқда на битта клуб, на битта маданият уйи ва на битта кутубхона бор! Спорт мажмуаси бўлса... қишлоқ ўсмирларининг кўп йиллик орзуси.
— Ҳамма нарса бекорчиликдан чиқади, — дейди нафақадаги муаллим Усмонжон Султонов. — Қишлоғимизда сўнгги пайтда ўғрилик кўпайиб боряпти. Ўтган куз бир дўстимизнинг етилган қорамолини даладан ўғрилаб кетишганди. Қишлоқда гап ётади, дейсизми? Яқинда кимнингдир қўйи, яна кимнингдир велосипеди ўмарилгани овоза бўлди...
Бу гапни эшитиб, беихтиёр қишлоқнинг бундан ўттиз йиллар бурунги қиёфаси кўз олдимга келди. Бу ерда файзлигина клуб фаолият кўрсатарди. Ҳам жамоа хўжалигида, ҳам қишлоқ кенгаши қошида камида ўн — йигирма минг нусха китоб фондига эга кутубхоналар ҳар доим гавжум бўларди. Клубда ҳар куни кино қўйиларди. Турли тўгараклар ишлаб турарди. Бундан ташқари, пойтахтдан, вилоят марказидан театр жамоалари, санъаткорлар тез-тез келиб спектакллар, концерт дастурлари намойиш қилишарди. Бугун маданиятга, маърифатга катта урғу берилаётган бир пайтда каттагина қишлоқда бирорта маданият ўчоғининг йўқлиги ғоят ташвишланарлидир.
Дўст ачитиб гапиради, дейдилар. Камина ўз қишлоғим ҳақида кўриб-кузатганларимни айтяпман. Тумандаги бошқа қишлоқ, маҳаллаларнинг аксариятида ҳам худди шу аҳвол. Қишлоқ аҳли, айниқса, ёшлар бўш вақтларини маъноли, мазмунли ўтказадиган маданият уйлари, клуб, кутубхоналар деярли йўқ. Боз устига, туман марказининг ўзида водийда ягона ҳисобланган Археология музейи ҳам ёпилиб, қандайдир цехга айлантирилганлиги, марказий кутубхона бузилиб, ўрни икки йилдан бери суғурилган озиқ тиш ўрнидек ҳувиллаб ётгани ҳар қандай виждони уйғоқ кишини ажаблантириши, ҳайратга солиши, табиий.
Эътироф этиш керак, туманда, вилоятда яхши ишлар ҳам кўп. Қурилишлар, ободончилик ишлари кетяпти. Кичик саноат зоналари барпо этиляпти. Иш ўринлари яратилмоқда. Шунга қарамай, олис-яқин қишлоқ, маҳаллалардаги аҳвол, юқорида тилга олганларимиз ҳам афсуски, бор гап — ҳақиқат.
Шифобахш дори аччиқ бўлганидек, сўзнинг рости ҳам аччиқ келади. Нуқсонларни тан олиш, уларни бартараф этиш учун Президентимиз айтганларига оғишмай амал қилиш, демак, кабинетлардан чиқиш, халқнинг ичига, ёшлар орасига кириш, уларнинг сўзларига, дарду ташвишларига қулоқ тутиш, астойдил енг шимариб ишлаш, изланиш керак.
Ана шунда ҳаммаси яхши бўлади!
Ортиқали НОМОЗОВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг