“Баргдек узилиб кетсам, унутмас мени боғим...” — 2020 йил йўқотишлари (2-қисм)

18:08 21 Декабрь 2020 Сиёсат
6516 0

2020 йил вафот этган инсонлар сони бошқа йилларга қараганда анчайин кўп бўлди.

Куни кеча сайтимиз орқали 2020 йилда вафот этган таниқли илм-фан, маданият, адабиёт, санъат вакилларини ёдга олган эдик.

Бугун эса мазкур йилда ҳаётдан кўз юмган давлат ва жамоат арбоблари ҳамда давлат хизматчиларини ёдга оламиз. Зеро, коронавирус балоси давлатимиз ва халқимиз хизматида бўлган айрим ватандошларимизни ҳам бу ёруғ оламдан олиб кетди...

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Сенат Раисининг ўринбосари Муса Ерниязов

Июль ойининг охирги кунларида Нукусда таниқли давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Ерниязов Муса Тажетдинович 73 ёшида вафот этди.

Муса Ерниязовда коронавирус инфекцияси тасдиқланганидан бери у Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон филиали клиникасида даволанаётган эди.

Муса Ерниязов вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ҳам таъзия билдирди. Марҳум Нукус шаҳридаги “Шорша баба” қабристонига дафн этилди. Давлат раҳбари 1 август куни бу ерга ташриф буюриб, Муса Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

“Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга албатта давом эттирамиз”, деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ўктам Барноев

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев 20 сентябрь куни оғир хасталик туфайли вафот этди.

Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни таъзияли хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари бугун марҳумнинг онаси, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади.

“Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди. Бош вазир пайтларимда ҳам бирга ишладик. Гапирмасам ҳам мени тушунарди. Бир инсоннинг тарбияланиб, шундай кадр бўлиб етишиши осон эмас. Айниқса, охирги пайтлар оғир соҳани бериб, кўнглим тинчиб, кўп ишларни бошлаган эдик. Бу офат бутун дунёга келди. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Лекин ўлим ҳақ. Аллоҳнинг иродаси экан. Бу ҳаммамизга мусибат. Жойи жаннатда бўлсин!”, деди Шавкат Мирзиёев.

 Президент марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.

Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов

2020 йил 22 август куни давлат ва жамоат арбоби, Бухоро вилояти ҳокими в.б. Камалов Карим Джамалович 66 ёшида вафот этди. Марҳум Бухоро шаҳридаги “Ҳазрати Имом” қабристонига дафн этилди.

Шавкат Мирзиёев 23 август куни бу ерга ташриф буюриб, Карим Камолов қабрини зиёрат қилди.

Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Ўзининг 47 йиллик фаолияти давомида Карим Камолов чинакам раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари билан улкан ҳурмат қозонгани, Бухоронинг ҳар томонлама ривожланиши ва обод бўлишига катта ҳисса қўшгани таъкидланди.

Карим Камолов 1955 йил Бухоро шаҳрида туғилган. 1994-2007 йилларда Бухоро шаҳри ҳокими сифатида самарали меҳнат қилган. Мазкур даврда бу ерда мислсиз бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, иқтисодий-ижтимоий соҳалар изчил ривожланди. Шаҳарнинг 2500 йиллиги кенг нишонланди, халқаро фестиваллар муваффақиятли ўтказилди. Қадимий обидалар обод қилиниб, туризм инфратузилмаси яхшиланди.

У 2017 йилдан Бухоро шаҳри ҳокими, 2020 йил февралдан Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида мамлакатимиздаги ислоҳотларни амалга оширишда фидокорона меҳнат қилди. Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгашлари аъзолари қаторида ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига хизмат қиладиган муҳим қарорларни ишлаб чиқишга ҳам ҳисса қўшди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг биринчи раиси Анвар Шарапов

Жорий йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг биринчи раиси (2016 — 2017 йиллар) Анвар Курбанович Шарапов вафот этди.

А. Шарапов ўз хизмат фаолияти давомида қатор давлат идораларида меҳнат қилган. Хусусан, узоқ йиллар мобайнида Ватанимиз тинчлиги, фаровонлиги йўлида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида (1993 — 2014 йиллар), Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида (2014 — 2016 йиллар) масъул лавозимларда, хусусан, Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган. Анвар Курбанович Шарапов 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган ва бир йил давомида ушбу лавозимда фаолият юритган. Ўзбекистон туризм соҳасидаги ислоҳотлар айнан ўша даврда бошланган бўлиб, Анвар Курбанович уларга бош-қош бўлган.

Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Даулет Аяпбергенович Толибаев 24 июльда оламдан ўтди.

Д. Толибаев бир неча кун олдин коронавирусга чалиниб, касалхонага ётқизилган эди. Бироқ, кўрсатилган муолажаларга қарамасдан бемор вафот этди.

Д. Толибаев 1983 йил 18 октябрда Нукус шаҳрида туғилган. Марҳум меҳнат фаолиятини 2004 йилида бошлаб, узоқ йиллар ирригация соҳасида турли ташкилотларда, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган. Д. Толибаев 2019 йилдан буён Қонликўл тумани ҳокими эди.

Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов

2020 йилнинг 29 июль куни Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов вафот этди.

“20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ёрқин Эргашевич Молия вазирлиги тизимида ишлаган, у ерда ҳар доим ўзининг меҳнатсеварлиги, хар бир ишга юқори масъулият ва пухталик билан ёндашиши, ҳар кимни тушуниш қобилияти билан ажралиб турар эди”, — дейилган эди вазирлик тарқатган хабарда.

Ёрқин Турсунов 1965 йилда Самарқанд вилоятинг Хатирчи туманида туғилган. Молия вазири ўринбосари лавозимига қадар, Ёрқин Турсунов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори лавозимини эгаллаган.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари, уларни молиялаштириш бўйича самарали фаолият олиб борган.

Ўзметкомбинат” АЖ бошқарув раиси Сергей Вюненко

“Ўзметкомбинат” АЖ бошқарув раиси Сергей Анатолевич Вюненко 2020 йил 8 сентябрь куни қисқа давом этган касаллик туфайли вафот этди.

Сергей Анатолевич 1978 йилда Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида туғилган.

2017 йилдан бошлаб Сергей Анатолевич Вюненко Ўзметкомбинат АЖда иш бошлаган. Дастлаб у комбинат бош муҳандиси, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, бошқарув раисининг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари, 2020 йилдан эса Ўзметкомбинат АЖнинг бошқарув раиси вазифаларида меҳнат қилиб келган.

Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев

Худди шу санада Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев вафот этди. Марҳумда коронавирус инфекцияси аниқланиб, даволанишда бўлган.

Ғайрат Бегалиев 2020 йил 4 март куни Миришкор тумани ҳокими этиб тайинланган эди.

Шунингдек, 6 сентябрь куни Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосари Мансур Раҳмонов ҳам вафот этган.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Шарап Уснатдинов

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, фидойи журналист, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Шарап Уснатдинов 9-сентябрь куни, 78 ёшида вафот этди.

Журналист, сиёсатчи Ш.Уснатдинов 1942 йил Кегейли туманида туғилган. Марҳум Нуроний жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси сифатида узоқ йиллар мамлакатимизнинг ривожига ўз ҳиссасини қўшган инсон. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган ёзувчи, жамоат арбоби халқимизга “Кимга кеч, кимга тонг саҳар”, “Сўнгги овчи”, “Кўрганларим, кўнгилдагиларим”, “Биринчи қорақалпоқ балетмейстери”, “Шоирнинг ёшлиги” каби роман ва қиссаларини мерос қилиб қолдирди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов 16 сентябрда вафот этди.

Раҳматли Хайруллоҳ домла Турматов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилоятидаги ЧетсувҚорабоғ, “Зангиота” жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилган.

Депутат Муҳайё Гафарова

2020 йил 18 сентябрь куни ЎзЛиДеП Наманган шаҳар кенгаши Партиянинг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, маҳаллий кенгаш депутати Муҳайё Гафарова Абдулбоқиевнани бевақт ўлим орамиздан олиб кетди.

Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов

Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов ҳам сентябр ойида, 73 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Нурриддинхон Исломов 1970 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими вазифасида иш фаолиятини бошлаган. 1980−2008 йиллар давомида Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани бош имом-хатиби вазифасида фаолият олиб борган.

2017 йилгача Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасида ишлаган.

Ўзбекистоннинг собиқ давлат котиби Раҳим Ражабов

Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги давлат котиби, собиқ бош вазир Раҳим Ражабович Ражабов 28 сентябрь куни 83 ёшида вафот этди.

Раҳим Ражабов 1937 йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган.

У Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари (1990−1992) бўлиб ишлаган ва 1992 йил май ойида президент ҳузуридаги биринчи ва охирги давлат котиби бўлган. 1992 йил декабрда давлат котиби лавозимининг бекор қилиниши муносабати билан у Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланган.

Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев

2020 йилнинг 29 сентябрь куни Андижон вилояти Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев пневмониядан вафот этди.

Марҳумнинг ўлимига ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлгани маълум қилинган эди.

Депутат Ўктам Хўжаёров

1 октябр санасида ЎзЛиДеП партияси Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши депутати Хўжаёров Ўктам Саидович вафот этди.

Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев

Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев 7 октябр куни 54 ёшида вафот этди. Марҳум пневмония касаллиги асоратлари ва ўткир қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ўринбоев Олтинкўл туманига ҳоким этиб тайинлангунига қадар Андижон вилояти “Агросервис МТП” компанияси раисининг ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. У 2018 йил 20 октябрда Олтинкўл туманига ҳоким этиб тайинланган эди.

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳромжон Нурматов

Худди шу санада Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳромжон Нурматов оғир хасталикдан сўнг ҳаётдан кўз юмди. Марҳум “Covid-19” асоратларидан вафот этган.

У 2017 йилдан буён Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

OʼzLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Сирожиддин Одилов

Қашқадарё вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи — OʼzLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ва вилоят кенгаши депутати Одилов Сирожиддин Турдиевич 9 октябрь куни 40 ёшида вафот этди.

С. Одилов 1980 йил Шаҳрисабз туманида туғилган. Ёш бўлса-да, миллионлаб шогирдлари бор устоз эди. 2019 йил “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони, жорий йилда халқимиз бошига тушган оғир дамлардаги фидойилиги ва саховати учун “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланганди.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раиси ўринбосари Улуғбек Абраев

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раисининг инвестиция, экспорт ва иқтисодиёт бўйича ўринбосари Улуғбек Абраев 2020 йил 14 октябр куни оғир хасталик оқибатида 39 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Улуғбек Абраев Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида туғилган. Марҳум 2019 йилдан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Бошқаруви раисининг инвестиция, экспорт ва иқтисодиёт бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳрамов

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳрамов 2020 йилнинг 19 октябрда, 60 ёшида вафот этди.

Марҳум Тошкент шаҳрида дафн этилди.

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Баҳодирбек Муллахонов

Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Баҳодирбек Муллахонов жорий йилнинг 21 октябрь санасида вафот этди.

Депутат Ислом Тайрбайев

Орадан бир кун ўтиб, Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати Ислом Тайрбайев 22 октябрда вафот этди.

 “Халқ сўзи” таҳририяти йил якунида 2020 йил давомида вафот этган давлат ва жамоат арбоблари номини яна бир бор ёдга олди. Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!

Инобат АҲАТОВА, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер