Бокуда II Озарбайжон–Ўзбекистон медиа форуми бўлиб ўтди

Фото: Trend
Фазлиддин Абилов/“Халқ сўзи”, Озарбайжон, Боку. Боку шаҳрида Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан “Рақамли трансформация ва медиа” мавзусидаги II Озарбайжон–Ўзбекистон медиа форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир икки мамлакат ўртасида медиа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган видеоролик намойиши билан бошланди.
Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентлиги ижроия директори Аҳмад Исмоилов форум иштирокчиларини қутлар экан, Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги асрлар давомида шаклланган тарихий ришталар бугун Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси ва етакчилиги туфайли янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, стратегик шериклик даражасига етган икки томонлама муносабатлар медиани ривожлантириш, рақамли муҳитни тартибга солиш, янги технологияларни жорий этиш ва журналистиканинг касбий стандартларини мустаҳкамлашда ўзаро тажриба алмашиш учун кенг имкониятлар яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникация департаменти сектор мудири Дилшод Саиджонов икки қардош мамлакат медиа соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришнинг аҳамиятини таъкидлаб, дезинформацияга қарши биргаликда курашиш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ўзаро ахборот алмашинувини кучайтириш зарурлигини қайд этди.
Озарбайжон Республикаси Аудиовизуал кенгаши раиси Исмат Саттаров рақамли медианинг ривожланиши аудиовизуал контент ишлаб чиқариш ва соҳага янгича ёндашувларни жорий этишни талаб қилаётганини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу жараён халқаро ҳамкорлик ва профессионал журналистика тамойилларини янада мустаҳкамлашни тақозо этади.
Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафханов ҳам сўзга чиқиб, ахборот ва медиа соҳасидаги ҳамкорликни икки давлат стратегик шериклигининг муҳим йўналиши сифатида баҳолади. Унинг фикрича, қўшма платформалар орқали ахборот алмашинуви халқларимизнинг умумий қадриятларини тарғиб қилишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори, PhD Нозима Муратова медиа таълим ва илмий соҳадаги ҳамкорлик имкониятларини таъкидлаб, форум келгуси журналистлар рақамли кўникмаларини ривожлантириш ва замонавий инновацион ёндашувларни жорий этишда муҳим платформа эканини билдирди.
Шунингдек, форум доирасида икки асосий панел сессия бўлиб ўтди.
Биринчи сессия — “Рақамли даврда медиа ҳамкорлиги: ахборот хавфсизлиги йўналишида қўшма ташаббуслар” мавзусида бўлиб ўтди. Унга “Trend” ахборот агентлиги бош муҳаррири Эмин Алиев модераторлик қилди. Панелда Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлиги Халқаро алоқалар департаменти директори Расим Багиров, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Озарбайжон Аудиовизуал кенгаши аппарати раҳбари Фозил Новрузов ва Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бош директори Абдуазиз Абутолипов қатнашди.
Мулоқотда рақамли даврда ахборот хавфсизлиги, сунъий интеллект, дезинформацияга қарши биргаликдаги кураш, давлат органлари ва медиа ташкилотлари ўртасидаги шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Иккинчи сессия — “Рақамли ахборот муҳитида этик масъулият” мавзусида ўтказилди. Модераторликни PhD Нозима Муратова қилди. Панелда “AZƏRTAC” агентлиги бошқаруви раисининг ўринбосари Севинч Абдуллаева, Ўзбекистон Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кузатув кенгаши раиси Акрамжон Фозилов, “1news.az” бош муҳаррири Камола Мамедова ва “Oʻzbekiston 24” телеканали бош продюсери Ҳайдар Ҳасанов иштирок этди.
Мулоҳазаларда рақамли майдонда этик нормаларга риоя қилиш, журналистларнинг жамоат олдидаги масъулияти ва манипулятив контентга қарши профессионал стандартларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ахборот хавфсизлиги ва рақамли медиада этик меъёрларни ривожлантириш бўйича қатор таклифлар билдиришди. Форумда икки мамлакат медиа ташкилотлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш ва рақамли даврда ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Маълумот учун: II Озарбайжон–Ўзбекистон медиа форуми медиа соҳасида рақамли трансформация, ахборот хавфсизлиги ва этик меъёрларни мустаҳкамлаш борасида икки қардош мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадини кўзлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг