Банкларни санация қилиш ва тугатиш тартиби белгиланди

Банкларни санация қилиш ҳамда оид қоидалар белгиланди. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар берилди.
Жорий йилнинг 23 июнь куни «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун банклар, банклар гуруҳлари ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига нисбатан татбиқ этилади.
Қуйида санаб ўтилган барча асосларнинг мавжудлиги банкни санация қилишни бошлаш учун асос деб ҳисобланади:
- банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки тўловга қобилиятсизликнинг юзага келиш эҳтимоли юқорилиги;
- банклар томонидан кўрилган чоралар, шунингдек, Марказий банк томонидан қўлланган назорат чоралари тўловга қобилиятсизликни бартараф этишга қодир бўлмаганлиги ёхуд 6 ой ичида бунинг эҳтимоли мавжуд эмаслиги;
- банкнинг тизимли аҳамиятга молик эканлиги ёки тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкни мажбурий тугатиш орқали белгиланган мақсадларга эришиб бўлмаслиги сабабли санация қилиш зарурлиги.
Марказий банк санация қилинаётган банкнинг махсус бошқарувчисини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли ҳисобланади.
Санация қилиш воситалари қуйидагилардан иборат:
- активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш);
- оралиқ банкни ташкил этиш;
- ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш.
Қонунга кўра, санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар Марказий банк банкнинг активлари ва мажбуриятлари, шунингдек балансдан ташқари моддалари баҳолашдан ўтказилишини таъминлайди.
Баҳоловчи Марказий банкка қуйидагиларни ўз ичига олган хулосани тақдим этади:
- банкни санация қилиш бошланган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш ташаббус қилинган бўлса, санация қилинаётган банк акциядор ва кредиторлари кўриши мумкин бўлган зарарларнинг миқдори;
- санация қилинаётган банкнинг акциядорлари ва кредиторлари кўрган ҳақиқий зарарлар миқдори;
- юқорида кўрсатилган зарарлар ўртасидаги фарқ.
Бундан ташқари, Марказий банк ҳамда Омонатларни кафолатлаш агентлигининг қўшма қарори асосида санация қилиш жамғармаси ташкил этилади. Марказий банк санация қилинаётган банк тузган шартномалар бўйича унинг тўлов ва ўтказмаларга доир муайян мажбуриятларини 6 ҳафтадан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга ҳақли ҳисобланади.
Шунингдек, банк фаолиятини тугатиш ихтиёрий ёки мажбурий тугатиш шаклида амалга оширилиши мумкин.
Агар банк тўловга қобилиятсиз бўлмаса ёки унинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори бўлмаса, у ихтиёрий тугатилиши мумкин. Банкни ихтиёрий тугатиш Марказий банкнинг розилигига асосан амалга оширилади.
Агар банк тизимли аҳамиятга молик деб эътироф этилмаган бўлса, у «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган ҳолларда мажбурий тугатилиши мумкин.
Банкни мажбурий тугатиш Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш ва банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади.
«Банкни мажбурий тугатиш суддан ташқари ва суд тартибида амалга оширилиши мумкин», — дейилади хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг